Iqtiboslar
Qo‘limiz – tuproq, vujudimiz – loy, ko‘zlarimiz – halqob. O‘likmizmi, tirikmizmi – bilmaymiz;
Kishi tanho qolganda tabiatdan yupanch qidiradi;
Men yoshman – endigina yigirmaga kirdim, lekin ko‘rganlarim qon, o‘lim, qo‘rquv va mudhish azob-uqubatdan iborat nursiz, bemaqsad hayot bo‘ldi. Kimdir bir xalqni ikkinchisiga gij-gijlaydi, odamlar birovning irodasiga bo‘ysunib, bir-birini o‘ldiradi, lekin jinoyat qilayotgani va gunohga botayotgani haqida o‘ylamaydi. Insoniyatning eng dono vakillari yangi-yangi qurollarni yaratadi va buni oqlash uchun qop-qop so‘z topadi. Jazosini biz tortamiz, yer yuzidagi jamiki tengdoshlarim tortadi;
Shiddatli otishma. Dushman yo‘lini to‘suvchi o‘t. O‘q yomg‘iri. Mina. Gaz. Tanklar. Pulemyotlar. Qo‘l granatalari. Bu so‘zlar og‘izning bir chekkasidan chiqib ketadi, ammo shularning dastidan insoniyat ozmuncha aziyat chekdimi!
Davlat va vatan bitta narsa emas.
Qiziqarli faktlar
- Remark o‘z asarlarini uchi o‘tkir qalam bilan yozishni afzal ko‘rar edi. Remarkka g‘oyat katta muvaffaqiyat olib kelgan "G‘arbiy frontda o‘zgarish yo‘q" romanini u atigi olti hafta ichida yozib tugatgan;
- Remark Birinchi jahon urushida qatnashgan va u urush davomida besh marta jarohat olgan;
- 1943-yil 16-dekabr kuni Berlin qamoqxonalarining birida 43 yoshli tikuvchi Elfrida Shols gilyotina yordamida qatl qilingan edi. Sudya unga “Baxtga qarshi, akang bizning qo‘limizdan qochib, mamlakatni tark etdi, lekin biz seni qo‘lga tushirdik” degani haqida guvohliklar bor. Davlat uning opasiga Elfridani turmada saqlash, sud va qatl qilish xarajatlarini qoplashi uchun 495 marka va 80 pfenninglik hisob varaqasi jo‘natgan. Uning yagona akasi, yozuvchi Erix Mariya Remark edi;
- Merkuriy sayyorasidagi kraterlardan biriga Erix Mariya Remark nomi berilgan.
Ушбу асар яқинда ўзбек тилига ўгирилиб, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа-ижодий уйи томонидан ўзбек китобхонлари эътиборига ҳавола этилди. Айни пайтда мазкур китоб ўқувчилар кўнглидан жой олмоқда.
Қизиғи шундаки, асар қаҳрамони сингари муаллифнинг ҳам ҳаёти турли зиддиятлар ва машаққатларга тўла бўлган...
1929 йили уруш мавзусидаги учта асар дунё юзини кўрадики, асар муаллифлари том маънода ўзларига ҳайкал қўядилар. Булар АҚШдан Эрнест Хемингуэй — “Алвидо, қурол!”, Англиядан Ричард Олдингтон — “Қаҳрамоннинг ўлими”, Германиядан Эрих Мария Ремарк — “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” эди. Бу учала ёзувчи ҳам урушнинг “маза”сини татиб кўрган, унинг талафотлари, даҳшатию ваҳшатидан азият чеккандилар. Хусусан,“Уч оғайни” ва “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романлари билан ўзбек адабиёт ихлосмандлари меҳрини қозонган Эрих Мария Ремарк.
1898 йили 22 июнда Оснабрюкнинг бир бурчидаги фақир оилада дунёга келган Эрих Мария Ремарк болалигиданоқ адабиёт, фалсафа ва санъат билан қизиқа бошлайди, адабий-фалсафий тўгаракка қатнашади, журналистика соҳасига қўл уради. Ҳатто мусиқа билан ҳам шуғулланади.
Барча асарларида уруш мавзусини қаламга олган Эрих Мария Ремарк уруш нима эканлигини бировлардан эшитиб билган эмас: мактабни битирар чоғидаёқ Эрик кўнгилли бўлиб урушга отланади. Биринчи жаҳон уруши палласида Эрих ғарбий фронтда жанг олиб боради. Қўл-оёғи, бўйнидан қаттиқ жароҳат олади, ҳатто бир сафар оғир ярадор дўстини жанггоҳдан ҳарбий шифохонагача елкасида кўтариб боради. Эрих 50 кун фронтда бўлди, шундай эса-да, мана шу даҳшатли кунлар йигитчага бир умрга татигулик бўлиб қолди.
1928 йили “Фоссише цайтунг” номли немис рўзномасининг адади бирданига бир неча минг нусхага кўтарилади. Бунинг боиси газета саҳифаларида ўша пайтларда адабиёт аҳлига номаълум Эрих Мария Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” романи чоп этила бошлайди. Ҳали уруш асоратлари ариб улгурмаган жамиятда ўзлари каби навқиронларга ўқ узишга мажбур бўлган “йўқотилган” ёш авлод фожиаси бор бўйича кўрсатилган асарни одамлар ютоқиб ўқишади. Асарда ёзилишича, миллионлаб кишилар урушда жувонмарг бўлиб кетаяпти-ю, газеталарда эса биргина жумла: “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ!”. Ғалати-да, неча-неча миллион кишилар қон ютиб, қон тўкишади-ю, наҳотки ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса?!
Роман бир нафасда, яъни беш ҳафтада ёзилганди. Бир йилдан сўнг роман алоҳида китоб ҳолида чиқиб, элликдан ортиқ тилларга таржима қилинади.
Агар ёш адибнинг ҳаётида ўша машъум эллик кунлик фронт бўлмаганида Эрих Мария Ремарк ўз асари қаҳрамонларининг руҳияти, тийнатини аниқ-тиниқ тасвирлаб беролмасди. Қанчалик ғалати туюлмасин, уруш Ремаркка илҳом бағишлаганди, уруш туфайли ёзувчи “йўқотилган авлод” кечинмалари-ю, ҳис-туйғуларининг билимдонига айланди.
“Ғарбий фронт...”нинг мантиқий давоми — “Қайтиш” Эрих Мария Ремаркнинг қалами ўткир ёзувчи эканлигини яна бир бор исботлади.
1933 йили Гитлернинг ҳукумат тепасига келишидан бир неча кун илгари тамаддихонада ўтирган Эрих Мария Ремаркка яқин дўстларидан бири бир парча қоғоз узатади: “Дарҳол бу ерларни тарк эт!” Гап нимадалигини тушунган Эрих машинасига ўтириб, Швейцарияга жўнайди. Гитлер ҳукумат тепасига чиққач, нацистлар Берлинда ёзувчининг китобларини оммавий равишда ёқиб юборишади, Ремаркни эса Германия фуқаролигидан маҳрум этишади. Бундан икки йил аввал эса Швеция Академияси аъзолари томонидан Эрих Мария Ремаркка адабиёт соҳасида Нобель мукофоти топширилиши ҳақидаги фикр ўртага ташланганди. Бироқ нацистлар “шарофати” билан бу ғоя амалга ошмайди.
Адиб Швейцарияда ўзининг дурдона асари — “Уч оғайни”ни яратади. Роман чин муҳаббат, ҳақиқий дўстлик ҳақида. Асар воқеалари биринчи жаҳон урушидан ўн йилдан сўнг кечади, аммо уруш юҳо мисол ҳамон қурбонлик талаб қилаверади — уч оғайнининг ҳалоскор фариштасига айланган Патриция Хольман гарчи фронт окопларида бўлмаган эса-да уруш йилларида тўйиб овқатланмаганлиги сабаб бедаво хасталикка чалинади ва асар сўнггида бош қаҳрамон Роберт Локамп “Патдан бир умрга айрилади”.
Кейинчалик Ремарк муҳожирлик мавзусидаги романлар ёза бошлайди. 40-йил аввалида “Ўз яқинингни сев” ёзилган бўлса, сўнг “Зафар дарвозаси” яратилади.
***
1943 йил 16 декабр куни Германияда Элфрида Шольц исмли бир ҳокисор аёлни гитлерчилар гильотинада бошини танасидан жудо қилишади. Бу ёзувчи Эрих Мария Ремаркнинг жондан азиз суюмли синглиси эди.
Нацистлар Ремаркка синглиси қамоқхонада ушлаб турилгани, суд ва қатл учун ҳисоб-китоб қилишни қатъий сўраб хат жўнатишади, хатда почта маркасига кетган пулни ҳам тўлашини ҳам талаб қилишади.
Бу пайтда Ремарк Америкада яшарди.
Воқеалари концлагерда кечгувчи, очиқчасига антифашистик руҳда ёзилган “Ҳаёт учқуни” романини Ремарк синглисининг ёрқин хотирасига бағишлайди.
1956 йилда ёзилган “Қора ҳайкал” романида Ремарк яна “йўқотилган авлод”га мурожаат қилади, шундоқ экан, бу роман “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”, “Қайтиш” ва “Уч оғайни” билан биргаликда ўзига хос тетралогияни ташкил этади.
Шундан сўнг Эрих Мария Ремарк бирин-кетин антифашистик, муҳожирлик мавзусидаги “Ҳаёт-мамот палласи”, “Қарзга олинган умр”, “Лиссабондаги тун” ҳамда “Жаннатдаги соялар” романларини яратади.
Айтиш мумкинки, Ремарк романларидаги қаҳрамонлар икки турга бўлинади: биринчиси – урушдан қайтган, нима учун қурол кўтариб жанг қилганини тушунишга тиришаётган, урушдан кейинги вайрона бўлган дунёни зиғирча бўлса-да ўзгартирмоқчи бўлган собиқ аскар; иккинчиси эса истибдод туфайли ўз ватанларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган муҳожирлар. Афтидан, бу Ремарк қаҳрамонларининг ягона тафовути бўлса керак, нега деганда, муҳожир қаҳрамонлар ҳам адолатсизлик, жабр-зулм борасида куюнчаклик билан мулоҳаза юритишади, дунёни ўзгартиришга уринишади.
Ремаркнинг ҳар бир муҳожир қаҳрамонининг тақдири фожиали кечади. Улар фашистлар зулми туфайли Германияни тарк этишган. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, қандай қийинлигу мушкулотга йўлиқишмасин, улар умид ва ишончни йўқотишмайди. Негаки агар умид ва ишонч йўқолса, илинж қолади, агар илинж йўқолса, ҳеч нарса қолмайди.
Ремаркнинг шундай типдаги асарларидан бири бу “Лиссабондаги тун”дир. Роман том маънода муаллиф ижодининг якунловчи асари ҳисобланади (Ремарк сўнгги асари “Жаннатдаги соя”ларни якунлолмаган).
Бош қаҳрамон ватанини, севимли рафиқасини, келажакка бўлган ишончни йўқотади. Асарни ўқир экансиз, бахт бу рўё деган фикр шуурингиздан сузиб ўтади. Оврўпа бўйлаб беш йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг бош қаҳрамон ватанига қайтиб, аёлини излаб топишга ва уни Германиядан олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлади. Ўлимга олиб борувчи дардга чалинган аёл ҳам иккиланиб ўтирмай муҳтожлик ва хавф-хатарга “қучоқ очганча” “Худонинг қахрига учраган” мамлакатни тарк этади. Бу асарида ҳам Ремарк меҳр-муҳаббатгина ўлимни енга олишини, жирканчли, разолатли ҳаётда шу туйғулар ҳалос лангари бўлишини исботлайди. Асар қаҳрамонлари муаллиф сингари қалбларининг тубида кун келиб ҳаммаси яхши томонга ўзгаришига бўлган умидни асраб-авайлашади. Бинобарин, “умиднинг сўниши ўлимдан оғирроқдир”.
1970 йил 25 сентябрда Швейцариянинг Локарно шаҳридаги “Санкт-Аньес” шифохонасида 72 ёшли забардаст романнавис Эрих Мария Ремарк юрак хуружидан вафот этади.
ХХ аср немис адабиётининг ёрқин тимсоли бўлмиш Эрих Мария Ремарк гарчанд уруш мавзусида асарлар яратган бўлса-да, уларни тинчлик номи ила ёзди, тинчлик туғини кўтариб қалам тебратди.
Ремарк асарларида ташвиқоту панд-насиҳатларга ўрин йўқ. Адиб асарларини шундай ҳаққоний тилда ёзганки, сиз уларни шунчаки ўқиёлмайсиз, қаҳрамонларга бефарқ қаролмайсиз, бу асарларни ўқиб чиққач, инонингки, тийнатингизда, ботинингизда, эътиқодингизда эврилиш ҳосил бўлади, бутун дунёни, ўзингизни, одамларни ўзгартиришга бўлган ёндиргувчи истак туғилади!
Do'stlaringiz bilan baham: |