Фуқаровий фаоллик ва унинг фуқаролик жамиятидаги ўрни
Фуқаровийлик ва фуқаровий онгни ўрганишдан асосий мақсад фуқаролик жамиятини барпо этишда фуқаровий фаолликни ўрганишдан иборат. Зеро фуқаролик жамияти нафақат фуқаровийлик хусусиятларига эга онгли фуқаролар воситасида, балки фаол бўлган фуқаролар билан барпо этилади. Ана шу фаолликни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро улар фуқаролик жамиятини барпо этишнинг умумий ва хусусий қонуниятларини англаш имконини беради.
Фуқаровий фаолликни ижтимоий-сиёсий ва меҳнат фаолиятига ижодий ёндашув сифатида баҳолаш мумкин. Айнан инсоннинг фуқаровий фаоллиги шахснинг тўлақонли ривожланишига, ундаги имкониятларнинг тўлиқ намоён бўлишига хизмат қилади. Фуқаролик позицияси ҳамда фуқаровий фаолликка эга бўлиш жамиятда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисаларни, уларнинг оқибатлари ва мавжуд муаммоларнинг ечимини чуқур англашни тақозо этади.
Ижтимоий фаоллик тушунчаси фуқаролик жамияти тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Бу ерда жамиятнинг давлат фаолиятидан холи ҳолда жамоавий ташаббуслар билан ривожланиши назарда тутилмоқда. Бу партияларга аъзоликни назарда тутувчи сиёсий фаоллик, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш, турли ижтимоий ташаббуслар ва ижтимоий ҳаракатларни англатади. Шу маънода жамият учун фойдали бўлган турли дастурлар ва жамоат бирлашмаларида иштирок этиш ҳам фуқаровий фаолликка киради.
Аслини олганда жамият аъзоларининг асосий кўпчилиги жамиятда мавжуд қоидалар асосида фаолият юритган ҳолда ижтимоий фаоллик кўрсатишмайди. Бундай пассивликнинг жамоат тартибини сақлаш нуқтаи назаридан қайсидир даражада ижобий жиҳатлари ҳам мавжуд бўлса-да, фуқаролик жамиятини қуришда фуқаровий фаоллик жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини эсда тутиш лозим. Зеро пассив фуқаролар ҳеч қачон ўз ҳуқуқлари учун курашишмайди. Фуқаровий фаоллик ўз кучига ишониш, мавжуд вазиятни ўзгартиришга қодирлик ҳиссининг яққол намоён бўлиши билан вужудга келади. Кўпгина ҳолларда фуқаровий фаолликнинг бошланғич нуқтаси социологларни қизиқтирган масаладир. Зеро аксарият жамиятларда ижтимоий ўзгаришлар давлат етакчилигида амалга оширилади ва жамият аъзолари кейинчалик бу ўзгаришларга мослашишади.
Кўпинча фуқаровий фаоллик ёшларда кузатилади. Албатта фуқаровий фаолликка таъсир кўрсатувчи омил фақат ёш билан чегараланмайди. Билим даражаси, дунёқараш, тарбия ва ҳатто яшаш манзили ҳам бунга таъсир кўрсатади.
Кўпинча ёшлар фуқаровий фаоллик кўрсатишни исташса-да, сиёсий соҳада бундай фаолият кўрсата олмайдилар. Бошқача айтганда, ёшлар давлат сиёсати мураккаб бўлганлиги туфайли ўз истакларини сиёсатчилар олдида тўғри шакллантиришга қодир бўлмайдилар. Бошқа тарафдан сиёсий соҳа ёшлардан анча узоқ бўлганлиги туфайли ёшлар ўз манфаатларини давлат сиёсати билан мувофиқлаштиришда мураккабликларга дуч келишлари мумкин. Шу туфайли уларнинг баъзилари сиёсий партияларга аъзо бўлишади, аксарияти эса умуман сиёсатга қизиқмай қўядилар.
Бирор-бир соҳадаги муаммоларни бартараф этиш имконияти нодавлат нотижорат ташкилотларида мавжуд бўлганлиги туфайли ёшларнинг аксарияти шундай ташкилотларга аъзо бўлиб киришади. Давлатнинг сиёсий тузилмаларида профессионал фаолиятга кириш фуқаро/ёшлардан маълум иш тажрибаси, билим ва кўникма талаб қилса, жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиб кириш учун иш тажриба талаб этилмайди, балки фақат қизиқишнинг ўзи етарли бўлади.
Ўтиш даврини бошидан кечираётган мамлакатларда фуқаролар ижтимоий жараёнларни бошқариш, мавжуд вазиятни ўзгартириш, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз ташаббусларини илгари суриш зарурлигини англаб етадилар. Бу эса турли кўнгиллилар жамиятларининг тузилишига сабаб бўлади. Инсонда бошқаларга ёрдам бериш, айниқса муаммоли вазиятга тушган ватандошларига, қўшниларига кўмаклашиш ҳисси мавжуд. Айнан бошқаларга ёрдам қўлини чўзган киши нафақат муаммони бартараф этишга ҳисса қўшади, балки у ўзлигини ҳам янада чуқурроқ англай боради. Шунинг учун бўлса керак, кўнгиллилик бутун дунёда кенг тарқалган ҳодисалардан бирига айланган. Бу ҳодиса ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган кишиларни умумбашарий миқёсда бирлаштирадиган жараёнга айланган. Кўнгиллилик турли шаклларда амалга оширилиши, жумладан турли касалликларга қарши курашиш учун хайрия фаолиятидан бошлаб қашшоқлик ёки табиий офатларга қарши курашиш шаклида бўлиши мумкин.
Инсонни ихтиёрий фаолият, яъни кўнгилли ишга чорловчи истакнинг негизида ҳар бир кишига хос бўлган шахсий ва ижтимоий эҳтиёжлар ётади. Жумладан, бошқаларга наф келтириш, ўзини намоён қилиш ва мулоқот истаги кишини фаолликка етаклайди. Кишида ижтимоий жиҳатдан эътирофга бўлган эҳтиёж ҳам мавжуд. Профессионал ва ҳаётий тажрибани қўллаш истаги ҳам кишини шундай фаолиятга чорлаши мумкин. Ўз имкониятларини ишга солиш, ўз ғояларини татбиқ этиш истаги ҳам кишини ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин. Ижтимоий жараёнларга таъсир кўрсатиш ва иштирок этиш эҳтиёжи ҳам кишини фаолликка етаклайди.
Кўнгилли фаолият инсон учун ўз шахсий эҳтиёжлари билан жамият эҳтиёжларини уйғунлашган ҳолда ҳаётга татбиқ этиш учун ўзига хос имкониятдир. Бу эҳтиёж кишиларнинг ўз ахлоқий бурчларини англаш ҳамда инсоннинг баркамоллигидан далолат беради. Кўнгилли фаолият юрита экан инсон ахлоқий жиҳатдан такомиллашиб боради, мулоқот маданиятини ривожлантиради, ўзаро ҳамкорлик ва биродарлик ҳиссига, инсонпарварлик туйғусига эга бўлади. Кўнгиллилик фаолияти фаол ва ижодий характерга эга бўлиб, инсон ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятига эга бўлади. Бу фаолият теварак атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фаол муносабатнинг шаклланишига, сиёсий воқеликка зийрак назар билан қарашга ёрдам беради.
Айнан фуқаровий фаолликнинг ўзи бир неча жиҳатлар билан ажралиб туради;
фаол фуқаро гуруҳига мансуб кишилар асосан сиёсий ва иқтисодий тизим тўғрисида билим олишга тайёр бўлган кишилардан иборат;
фаол фуқароларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини фаол амалга ошириш учун билим ва қобилият мавжуд;
фаол фуқароларда ана шу билимларни жорий қилиш учун кўникмалар мавжуд бўлади2.
Фуқаролик фаоллиги бугунги кунда давлат учун мисли кўрилмаган кўмакчига айланмоқда. Турли ижтимоий лойиҳаларга бирлашган фуқаролар рўй бераётган, туғилаётган ва мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимини топиш ва ҳукуматга таклиф этиш имкониятига эга. Турли нодавлат тузилмаларидаги етук мутахассислар бозор муносабатлари шароитида кутилмаганда рўй берадиган муаммолар, бозорнинг бетартартиб жараёнларида юзага келадиган муаммоларни бартараф этишга ҳукуматга кўмакчилик қилмоқдалар.
Маълумки бозор муносабатлари шароитида ранг-баранг ижтимоий муаммолар юзага келаверади, аммо уларнинг ечимини ҳукумат ҳамиша ҳам ўз вақтида ҳал этавермайди. Бошқача айтганда бундай муаммоларни ҳукумат ўз вақтида пайқаш имкониятига эга эмас. Шундай муаммолар мавжудки, уларнинг оқибати жамият учун қанчалик мудҳиш бўлмасин, уларнинг мавжудлигини тан олиш ёки уларни бартараф этиш учун аниқ белгиланган институтлар мавжуд бўлмайди. Агар ҳукумат фуқаровий фаолликни юзага чиқишига имконият яратмас экан, ёки турли нодавлат ва жамоат бирлашмаларига ана шундай муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича фаол бўлишга шарт-шароитлар яратмас экан фуқаролик жамиятини барпо этиш муаммолигича қолиб кетаверади.
Фуқаролик жамияти ривож топган мамлакатларда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритувчи жамоат бирлашмалари мавжуд бўлиб, улар серқирра фаолият юритадилар. Масалан, жамиятдаги маълумотлилик даражасини ошириш ёки замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича маълум тадқиқотлар олиб боришади ва натижада парламентга тегишли қонун ўзгартиришлари таклиф этишлари мумкин.
Табиатни асраш ёки экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича, юқумли касалликларни олдини олиш, шаҳар ҳавосининг ифлосланиши, чиқиндилардан тозалаш бўйича жамоат бирлашмалари ҳукуматга қимматли фикрлар билан бир қаторда амалий лойиҳаларни таклиф этадилар.
Бир сўз билан айтганда, фуқаролик жамияти учун фуқаровийлик, фуқаровий онг ва фуқаровий фаоллик жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай жамият учун инсон салоҳиятидан фойдаланиш, инсоннинг ўзлигида, унинг қалбида мавжуд бўлган бирдамлик, сахийлик, бағрикенглик каби фазилатларга мурожаат этишнинг ўзи кифоядир.
Do'stlaringiz bilan baham: |