77-модда. Лойиҳага доир фаолият бўйича давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили Лойиҳага доир фаолият бўйича амалга оширилган давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлили тегишли ваколатли орган томонидан ўтказилади.
Ўтказилган таҳлил натижалари билан давлат буюртмачисининг раҳбари ёки лойиҳани бошқариш бўйича давлат буюртмачиси томонидан тайинланган вакил имзо қўйган ҳолда танишиб чиқади.
Давлат харидларининг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан лойиҳадан кейинги мониторинг лойиҳа бўйича давлат хариди тугалланганидан кейин уч йил ичида тегишли ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
11-боб. Шикоятларни кўриб чиқиш 78-модда. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия Ваколатли орган томонидан шикоятларни адолатли, тезкор ва самарали кўриб чиқиш мақсадида доимий равишда фаолият кўрсатадиган Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилади, унинг таркиби тегишли давлат органлари, давлат харидлари электрон тизимининг операторлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат бўлади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.
Ваколатли орган Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг ишчи органи бўлиб, унинг фаолиятини ташкил этади.
Ҳар бир иштирокчи, шунингдек назоратни амалга ошираётган шахслар давлат буюртмачисининг, харид комиссиясининг, унинг аъзоларининг, давлат харидлари электрон тизими операторининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар бундай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) иштирокчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган бўлса, суд тартибида ёки ушбу бобда белгиланган тартибда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
79-модда. Шикоятларни бериш ва кўриб чиқиш тартиби Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоятни қабул қилиб олганда шикоят келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида шикоят ҳақида давлат буюртмачисини хабардор қилади ҳамда харид қилиш тартиб-таомилини ўн иш кунигача бўлган умумий муддатга тўхтатиб туради.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоятни давлат буюртмачиси ва иштирокчининг иштирокида кўриб чиқади, бундан иштирокчи шикоятни унинг иштирокисиз кўриб чиқишга розилик билдирган ёки узрли сабабларсиз иштирок этмаган ҳоллар мустасно.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия шикоят олинганидан кейин етти иш куни ичида у бўйича қарор чиқариши ва бу ҳақдаги ахборотни махсус ахборот порталида жойлаштириши керак.
Қабул қилинган қарорда ошкор этилиши иштирокчининг (ижрочининг) тижоратга оид манфаати бузилишига олиб келадиган ёки инсофли рақобатга хавф соладиган ахборот бўлмаслиги керак, бундан Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ушбу ахборотни эълон қилиш тўғрисида қарор чиқарган ҳоллар мустасно.
Иштирокчининг шикояти асосли деб топилган тақдирда, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қуйидаги чораларни кўриши мумкин:
давлат буюртмачисининг қонунга хилоф ҳаракатларига, қарорларига ёки у томонидан қонунга хилоф тартиб-таомиллар бажарилишига доир тақиқ белгилаш;
давлат буюртмачисининг қонунга хилоф қарорларини, шу жумладан давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатларнинг шартларини бузадиган қарорларини қисман ёки тўлиқ бекор қилиш;
харид қилиш тартиб-таомилларини тугатиш ҳақида қарор чиқариш;
ижрочини Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиш.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорлари давлат харидларининг барча субъектлари томонидан ижро этилиши шарт.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ўз фаолиятини ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
Ижрочи Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарори устидан суд тартибида шикоят қилиши мумкин.