Биринчидан, “демографик салоҳият” ҳақида кўпроқ демография ва статистикага оид ишланмаларда, шунингдек, социологлар ва географларнинг
тадқиқотларида сўз боради. Мазкур фанларда мамлакатнинг демографик
салоҳияти деганда, аҳолининг умумий сони тушунилади. Демографик
салоҳиятнинг ҳажмини миқдор жиҳатдан ҳисоблаб чиқиш ҳам шу йўсинда олиб борилади. Бундай ёндашув миқдорий ҳисоб-китобларнинг шубҳасиз оддий ва осонлиги билан ажралиб турса-да, лекин сифат жиҳатдан баҳолаш, у ёки бу демографик тенденцияларнинг шаклланиш омиллари ва сабабларини, алоҳида ҳудуд ва умуман, мамлакат демографик салоҳиятининг ривожланиш шароитларини аниқлаш, демографик ривожланиш соҳасидаги салбий тенденцияларни бартараф этиш чора-тадбирлари мажмуини ишлаб чиқиш вазифалари нуқтаи назаридан ижтимоий-иқтисодий таҳлил вазифаларига мос келмайди.
Иккинчидан, қатор тадқиқотларда “демографик салоҳият” деганда, фақат жамиятнинг қуйидагилардан иборат репродуктив имкониятлари тушунилади:
1) аҳоли таркибида репродуктив фаол вакилларнинг сони;
2) репродуктив ёшдаги аёлларнинг фарзанд кўриш фаоллиги (бу оилалардаги фарзандлар сони, туғилишнинг умумий коэффициенти ва бошқа демографик кўрсаткичлар билан белгиланади). Демографик салоҳиятни баҳолаш ушбу иккита кўрсаткични қисқа, ўрта ва узоқ муддатли (1-2 авлоддан кейин) истиқболда ҳисоблаб чиқиш асосида амалга оширилади.
Мазкур ёндашув Т.В. Ромашованинг тадқиқотларида анча кенг талқин
этилган бўлиб, унда демографик салоҳият деганда, юзага келган жинс-ёш
таркиб ва фертиллик, тузилган никоҳлар динамикаси ва бошқа алоҳида
кўрсаткичлар асосида аҳоли сонининг ўсиши мумкин бўлган кўрсаткичи
тушунилади.
Учинчидан, инсонлар яшаган умумий вақтни ҳисобга олган ҳолда
уларнинг сони билан ўлчанадиган “ҳаётий салоҳият” тушунчаси орқали
жамиятнинг демографик салоҳияти ҳақидаги тасаввур кенг тарқалиб бормоқда.
Тадқиқотчиларнинг бир қисми демографик салоҳиятни фақат ҳаётий салоҳият сифатида талқин этган ҳолда ушбу тушунчалар ўртасига тенглик белгисини қўйишади. Мазкур ёндашув демографиянинг потенциал демография йўналиши асосида шаклланган. Ушбу йўналиш муайян ҳудуд аҳолисини одам йил кўрсаткичи билан ўлчанадиган айрим ҳаётий салоҳият эгаларининг йиғиндиси сифатида кўриб чиқади. Потенциал демографияда қўлланиладиган кўрсаткичларни ҳисоблаш асосида аҳолининг ўрганилаётган гуруҳида ушбу даврга мос келувчи ўлим даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир ёшдаги инсонлар йиғиндисининг муайян вакилининг ўртача умр кўриш вақти ётади.
Do'stlaringiz bilan baham: |