СИЗ ОРЗУ ҚИЛМАЙ ҚЎЙДИНГИЗМИ?
Нафақат ўтмишингиз, балки ҳозирги кунингиз ҳам сизга тузоқ қўйиши мумкин. Кунларнинг бирида бир одам уйининг калитини йўқотиб қўйиб, уни излай бошлабди. Буни кузатиб турган қўшни аёл унга ёрдам бера бошлабди. Ҳар бир бурчак ва дарахт тагини синчиклаб кўраётган аёл, қўшниси фақат чироқ илинган устун атрофини қидираётганини сезиб қолибди.
Ҳайрон қолган аёл унга бошқа жойларни ҳам излашни таклиф қилибди: «Калит фақат шу фонарь остига тушиб қолмаган бўлиши мумкин-ку?» деганида, бояги эркак: «Биламан, у бошқа жойда ҳам тушиб қолган бўлиши мумкин, лекин бу ер ёруғ», деб жавоб берган экан.
Жуда кўпчилик инсонлар ўз орзуларининг рўёбга чиқиши айни вақтда ўзлари банд бўлган фаолият соҳасидагина амалга ошиши мумкин, деб ҳисоблашади. Аслида эса ҳаётнинг мазмуни мутлақо бошқа соҳада яширинган бўлиши мумкин. Балки унинг калити ўтмишнинг қайси бир бурчида яширингандир? Ёшлигингизда воз кечган орзуларингизни бир эсга олиб кўринг-а! Шунда сиз ҳаётингизни ўзгартира олишга кучингиз етишини тушунасиз.
Инсонга доим телекўрсатувлар, кино-ю театр томошалари дастури, транспорт ҳаракати жадвали керак бўлади. У ўз вақтини режалаштиришга ҳаракат қилади. Лекин йўналишдан кўра ҳаракат тезлиги унинг учун муҳим бўлса бу кулгили-ку?! Ҳаёт йилларини совуриб, орзуларни саробга айлантириб, дақиқаларни тежаш хавфли-ку ахир?! Чунки кун келиб у кечаги ва бугунгидан мутлақо фарқ қилувчи инсонга айланиши мумкинлигини англаб етмаган бўлади.
ҲАММАСИНИ НОЛДАН БОШЛАШ МУМКИН
Жилберт Каплан 25 ёшида ўзининг илк журналига асос солди. 15 йил ичида у журналини етакчи нашрлардан бирига айлантириб, тиражини анча кўтариб олди. Каплан туну-кун тиним билмасдан ишларди. У 40 ёшга кирганда кутилмаганда журнални сотиб юборди. Хўш, аслида нима бўлган эди?
Кунларнинг бирида Каплан Малернинг иккинчи симфониясини тинглаб қолади. Мусиқа оҳанглари унинг қалбини ларзага солади. Қалбининг туб-тубида мудраб ётган туйғулар жунбушга келади. Лекин яна бир нарса бор эди: у ушбу симфонияни бошқача чалиш мумкинлиги, бундай оҳангда нимадир етишмаётганини сезиб қолибди. Бу оҳанг Малернинг ўзига ҳам ёқмаслиги аниқ эди.
Шунда у ўз нашриётини сотиб, дирижёр бўлишга аҳд қилди. Атрофдагиларнинг ҳаммаси уни эси оғиб қолган, деб ҳисоблай бошлашди. Чунки у ҳеч қачон дирижёрлик қилмаган ва бирорта мусиқа асбобини чалишни ҳам билмасди. Ҳатто дўстлари уни жиннига чиқариб қўйишди. Нота нималигини билмайдиган ишбилармон дирижёр бўламан деб ўтирса-я?! Кулгили эмасми? Лекин Каплан бу танқидларга заррача эътибор бермади. У ўзининг олдига Малер симфониясини ҳеч ким ижро этмаган даражада ижро этишдек олий мақсад қўйди.
Шунда у ўқий бошлади. Энг етук дирижёрлардан сабоқ олди. Ўз орзусини рўёбга чиқариш йўлида тиним билмасдан меҳнат қилди. Орзуси эса икки йил ўтмаёқ бўй кўрсатди. 1996 йилда Жилюерт Каплан АҚШда классик мусиқа альбомини сотувга чиқарди ва у катта муваффақият қозонди. Шу йили аллақачон машҳур дирижёрга айланиб улгарган Каплан Моцарт ватани — Зальцбургда ўтадиган халқаро классик мусиқа фестивалини очиб берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |