ФОЙДА КЕЛТИРУВЧИ ФАОЛИЯТ (ФКФ) НАТИЖАЛАРИ
Иқтисодий бойлик ҳақида гапирар эканмиз, биз доим қандайдир меҳнат натижаларини тушунамиз. Ахир айнан натижаларга ҳақ тўланади, яхши ният ёки шижоат учун эмас. Сиз ўзингизни оқлаганингиз, баҳоналар билан ҳеч нарса ола олмайсиз. Машҳур магнат Клемент Стоун кунларнинг бирида шундай деганди: “Мен инсонларни фақат бажарган ишининг натижасига қараб баҳолашга одатланганман. Натижалар ҳар қандай чиройли сўзлардан ҳам чиройлироқ”.
Сиз кўпроқ пул ишлашни истайсизми? Унда сиз янада яхшироқ натижаларга эришиб, ўзингизнинг бозор қийматингизни оширишингиз керак. Бунинг учун энг яхши йўл — ФКФга диққатингизни жамлашдир. Ишлаб топган пулимизнинг саксон фоизи натижа ва йигирма фоизи интилишимиз баҳоси эканлигини ўз вақтида Парето аниқлаган. Бундан кўринадики, биз вақтимизнинг саксон фоизини шунчаки совурамиз ёки бесамар ишлатамиз.
Хўш, бизга саксон фоиз натижани тақдим этувчи ўша сирли йигирма фоиз ишимиз нимадан иборат ўзи? Кўпгина сотувчилар харидорга асосий ва якунловчи саволни беришдан ийманиб, бекорхўжа гапдонлар ролини ўйнашга мажбур бўлишади. Кўпгина ходимлар ҳужжатларни саралаш ишларини такомиллаштириш учун соатлаб вақтларини сарфлаб юборишади. Кўпгина бошлиқлар қўл остидагилари учун ҳам ишлашади. Буларнинг ҳаммаси фойда келтириши мумкин бўлган фаолият ҳисобига амалга оширилади! Fолиблар эса шу саксон фоизнинг катта қисмидан ФКФ сифатида фойдаланишади. Бунинг ҳисобидан улар меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада ошириб олишади.
Ҳар қандай ишда якуний фойданинг миқдори шунга боғлиқ бўлган бир неча асосий масала мавжуд. Айнан шуларга сиз диққат-эътиборингизни қаратишингиз керак. Шуниси қизиқки, ФКФ унча мураккаб бўлмаган нарсалардан иборат. Агар яхшилаб ўйлаб қарасангиз, ғолиблар мураккаб нарсаларни ҳал эта олиши билан эмас, оддий нарсаларни мутлақо яхши қилишлари билан ажралиб туришади. Лекин энг асосийси шундан иборатки, улар шу ишни қилишади! Кўпроқ пул ишлаш учун нима қилиш керак, деган саволни ўз-ўзингизга доим бериб боринг. Нима билан шуғуланишингиздан қатъий назар, жавоб битта бўлади: олинг ва қилинг!
Иш вақтининг саксон фоизини ФКФ учун сарфлашда инсонларга кўпроқ нима ҳалақит беради? Муваффақиятсизликдан қўрқиш! Муваффақиятсизликни икки нарса билан тушунтириш мумкин. Биринчидан, хатога йўл қўйишимиз ва бу хато учун масъул бўлишимиз мумкин. Иккинчидан, кўзланган мақсадга етиша олмаслигимиз мумкин, бунда бизнинг айбимиз бўлмайди — шунчаки бунинг имконияти йўқ. Келинг, кишининг ўзига ишончини сўндирувчи икки ҳолатни ҳам ўрганиб чиқайлик. Афсуски, жуда кўпчилик инсон муваффақиятсизликни якуний ҳукм сифатида қабул қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |