БАҚА УЧУН ТУЗОҚ
Агар бақани иссиқ сувли идишга солсак нима бўлади? У дарҳол «Бу жой ноқулай экан, тезроқ туёқни шиқиллатиш керак» дейди ва дарҳол сакраб чиқади. Агар ўша бақани совуқ сувли идишга солиб, идишни остидан қиздирсак-чи? Бақа ўзини эркин тутади. У албатта борган сари иссиқ бўлаётганини сезади, бироқ «ортиқча иссиқнинг зарари йўқ», деб ўйлайди ва алал-оқибат пишиб қолади. Хулоса: ҳаётда жуда кўп нарса аста-секин тўпланиб қолади. Масалан, қарзлар билан ана шундай бўлади. Масалан сиз индин куни уйғониб, олтмиш саккиз минг евро қарзингиз борлигини сезиб қолсангиз, дарҳол даҳшатга тушиб қоласиз. Бироқ бу ҳодиса босқичма-босқич амалга ошса — бугун тўққиз евро, эртага ўн тўрт евро — сиз буни жиддий қабул қилмай қўясиз. Бироқ ҳаётда ҳамма нарса тўплана боради. Куни келиб қарзларингиз сизни эркин нафас олдирмай қўяди. Агар эртага уйғониб, тарозида вазнингизни ўлчатсангиз-у, нақ 30 килога семирганингизни билиб қолсангиз ташвишланасизми? Албатта! Бироқ бу ой ичида 1 кило, кейинги ойда яна 1 килога семириб бораверсангиз, сиз бунга фожеа сифатида қарамай қўясиз. Бақани эсга олиб, тенденциялар ҳақида фикр юритинг. Майда-чуйдаларга беэътибор бўлманг. Улар доим тўпланиб боради. Ҳар қандай арзимас нарса сизни ё мақсад сари яқинлаштиради, ёки ундан узоқлаштиради. Ҳеч қачон ўртача, нейтрал ҳолат бўлманг! Шунинг учун ўзингизга доим шу саволни бериб юринг: «Мен қайси томонга интилаяпман?»
УЗОҚ МУДДАТЛИ ТЕНДЕНЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШ
Бугун бир дона олма ёки шоколад ейишимиз, китоб ўқиш ёки телевизорда сериал томоша қилишимиз, 10 еврони сарфлаш ёки иқтисод қилишнинг бир қараганда қандай фарқи бор-а?..
Бироқ орадан 10 йиллар ўтгач сиз бундаги фарқни яққол сезасиз. Шоколад, сериал ва пулни сарф қилиш семириш, юзакилик ва қашшоқликни келтириб чиқаради. Мевалар, яхши китоблар ва иқтисод — саломатлик, билим ва фаровонликни. Сиздан доим доҳиёна қарорлар қабул қилишни ҳеч ким кутмайди. Бироқ ҳаёт қабул қилган қарорларимизнинг умумий суммасидан иборатдир, бунда лоқайдлик ёмон маслаҳатчи ҳисобланади.
Бир ота тинчгина ишлашни хоҳлабди ва ўғлини бир муддат нимагадир банд қилиб қўйиши зарар бўлибди. Ота қандайдир журналдан дунё харитасини топиб олибди ва уни бўлаклаб ўғлига қайта йиғишни топшириқ қилиб берибди.
Бироқ дам ўтмасдан ўғил харитани тўғри йиғиб олиб келибди. Ота бунга қийинчилик билан ишонибди, ўғил эса тушунтирибди: «Хаританинг орқа томонида аллақандай инсоннинг сурати бор экан. Суратни йиғиш қийин эмас, шу сабабли мен агар бу инсон суратини тўғри йиғиб чиқсам, жаҳон харитаси ҳам тўғри йиғилади, деган қарорга келдим».
ДЎЎнинг моҳияти мана шу ерда билинади. Биз ўзимиз қабул қилган қарорлар йиғиндисидан иборатмиз, йиғинди эса келажагимиз қандай бўлишини белгилаб беради. Агар биз тўғри «йиғилган» бўлсак, «жаҳон харитаси» ҳам кўнгилдагидек бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |