Олий таълимдан кейинги таълим тизимини
тубдан такомиллаштириш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашнинг самарали тизимини шакллантириш, олий таълимдан кейинги таълим тизимини ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнлар олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида сақланиб қолаётган айрим бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш фаолиятини ташкил этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш тизимининг самарадорлигини таъминлашда олий таълим ва илмий ташкилотларнинг академик мустақиллигини кучайтириш, илмий тадқиқотларнинг халқаро талабларга мувофиқлигини ҳамда иқтисодий тараққиётга тўғридан-тўғри хизмат қилишини таъминлаш, уларнинг мазкур йўналишда илмий даражаларни бериш бўйича илмий кенгашлар фаолиятини замон талаблари ва жаҳон андозаларига мувофиқ ташкил этиш заруратини кўрсатмоқда.
Олий таълимдан кейинги таълим тизимининг самарадорлигини ошириш, соҳага илғор хорижий тажрибани жорий этиш мақсадида, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда:
1. Замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимини такомиллаштириш ҳамда уни илғор жаҳон амалиётига мослаштириб бориш бўйича қуйидагиларнинг амалга оширилгани маълумот учун қабул қилинсин:
бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил этиш ҳамда илмий даражаларни мустақил ҳолда талабгорларга бериш ваколати тажриба тариқасида Ўзбекистон миллий университетига берилгани;
олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ҳузуридаги амалдаги математика, физика, кимё, биология ва техника фанлари йўналишидаги 13 та илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга талабгорларни фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида мустақил тасдиқлаш ваколати берилгани;
педагогика фанлари йўналишларида талабгорларни илмий унвонларда мустақил тасдиқлаш ваколати Тошкент давлат педагогика университетига берилгани;
олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг рўйхати ҳар йили ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олиниши.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тугатилсин, унинг илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш тизими устидан назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Давлат инспекцияси)га ўтказилсин.
3. Тугатилаётган Олий аттестация комиссиясининг жами 20 нафар штат бирлиги (шундан, 16 нафар бошқарув ходими) ҳисобидан Таълим инспекциясининг марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимлари чекланган сони 10 нафардан иборат Илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш департаменти ташкил этилсин.
Давлат инспекцияси Илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш департаменти га қуйидаги вазифалар юклатилсин:
илмий даражалар берувчи илмий кенгашларни рўйхатга олиш, фаолияти мониторингини юритиш, мувофиқлаштириш ва аккредитациядан ўтказиш;
фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини олиш учун диссертация тадқиқотлари мавзулари электрон базасини юритиш;
хорижий мамлакатлар аттестация органлари томонидан берилган илмий даража ёки илмий унвон тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация (эквивалентлигини аниқлаш) қилиш;
давлат намунасидаги фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) дипломларини, профессор, доцент ва катта илмий ходим аттестатлари давлат намунасидаги бланкаларини тақдим қилиш;
илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини рақамлаштириш ва такомиллаштириш.
4. Изланувчиларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2021 йил 1 сентябрданбошлаб қуйидаги амалиётлар бекор қилинсин:
малакавий имтиҳонлар топшириш;
фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари диссертациялари мавзуларини рўйхатга олиш ва уларни “Олий аттестация комиссияси Бюллетени”да эълон қилиш;
диссертациялар илмий натижаларини эълон қилиш тавсия этилган халқаро (МДҲ мамлакатларидан ташқари) журналлар рўйхатини тасдиқлаш;
ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси диссертацияси бўйича монография эълон қилиш;
илмий ишларни етакчи ташкилотда қўшимча муҳокамадан ўтказиш;
диссертация авторефератини тайёрлаш;
фан доктори ва профессорлар учун мустақил изланувчиларга илмий раҳбар (маслаҳатчи) бўлишдаги амалдаги чекловлар ҳамда мустақил изланувчиларнинг ўқиш муддатларини белгилаш.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш институти ихтисосликларига бўладиган танловларнинг дастлабки босқичида тегишли Коллегиал орган томонидан талабгорларнинг илмий тадқиқот фаолиятига тайёрлик ҳолатини Илмий иш лойиҳаси (Research Proposal) ва унинг тақдимоти асосида муҳокамадан ўтказиш амалиёти жорий этилади;
илмий тадқиқот мавзуларини давлат буюртмаси асосида танлаш амалиёти йўлга қўйилади, бунда, Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши, Инновацион ривожланиш вазирлиги ёки иқтисодиёт тармоқлари томонидан илмий тадқиқотнинг устувор йўналишларини шакллантирилади;
фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларига талабгорлар томонидан Journal Citation Reports (JCR) ҳамда SCImago Journal Rank (SJR) илмий журналлар халқаро рейтингига кирувчи нуфузли илмий нашрларда мақолалар чоп этиш талаби жорий қилинади;
фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун изланувчиларнинг илмий тайёргарлигини кучайтириш мақсадида олий таълимдан кейинги таълим институтининг дастлабки ўқув йилида мутахассислик, халқаро нашрларда илмий мақолаларни чоп этиш методологияси, илмий тадқиқотда статистик усуллар каби фанлар бўйича кредит-модуль тизимига асосланган ўқув машғулотлари ва тегишли имтиҳонлар ташкил этилади;
фаолиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда талабгорларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида диссертация ҳимояси ўтказиладиган манзил, кун, сана ва бошқа маълумотлар Давлат инспекцияси веб-сайти орқали эълон қилинади;
узрли сабаблар мавжуд бўлганда илмий ишлар ҳимояси тегишли тартиб-таомиллар асосида онлайн тарзда ташкил этилади;
тайёрланган диссертацияларга рақамли объект идентификатори (digital object identifier – DOI) бериш тартиби жорий этилади;
Мазкур банднинг 5-хатбошида назарда тутилган қоидалар аввалги йилларда олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул қилинган изланувчилар учун 2022 йил 1 январдан бошлаб амал қилади.
6. 2021/2022 ўқув йилида таянч докторантурага кириш учун чет тили бўйича тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.
7. 2021 йил 1 сентябрдан илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар академик, молиявий, ташкилий-бошқарув соҳаларида мустақиллик берилаётган олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари томонидан уларнинг ҳузурида ташкил этилади ва хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш учун Давлат инспекциясига юборилади. Ушбу кенгашларда:
талабгорларнинг илмий даража ва илмий унвонларини тасдиқлаш, давлат намунасидаги фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) дипломларини бериш мустақил тарзда амалга оширилади;
илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларда плагиатни аниқлаш бўйича электрон экспертиза ўтказиш мақсадида халқаро эътироф этилган антиплагиат дастуридан фойдаланган ҳолда диссертациялар янгилиги ва плагиатдан холи эканлигини текшириш амалиёти жорий этилади;
диссертация ҳимояларини ўтказиш жараёни Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади (ёпиқ мавзулар бўйича диссертация ҳимоялари бундан мустасно).
8. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари томонидан қуйидаги талаблар асосида шакллантирилиши белгилаб ўтилсин:
а) олий таълим ва илмий ташкилотлар ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгаш тузилган олий таълим ва илмий ташкилотда фаолият юритаётган олимлардан иборат бўлиши;
таркибига илмий даражалар берувчи илмий кенгаш шифрига мос келадиган соҳада узоқ йиллик самарали меҳнат тажрибасига эга камида 3 нафар профессионал мутахассис киритилиши лозим;
б) илмий даражалар берувчи илмий кенгаш аъзолари ҳузурида бундай кенгаш ташкил этилган олий таълим ва илмий ташкилотлар раҳбари томонидан тасдиқланади, илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси, раис ўринбосари ва илмий котиби эса Бошқарув кенгаши билан келишган ҳолда мазкур илмий кенгаш аъзолари томонидан муайян муддатга сайланади;
в) илмий даражалар олиш юзасидан диссертацияларда плагиатни аниқлаш бўйича электрон экспертиза ўтказиш мақсадида ҳузурида илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар бўлган олий таълим ва илмий ташкилотларда халқаро эътироф этилган антиплагиат дастурининг мавжудлиги ҳамда академик ҳалоллик талабларининг ўрнатилганлиги.
Бунда олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари томонидан Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолият юритиши ва ҳимоялар ўтказиши тартиби мустақил белгиланади.
9. Давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг қуйидаги таклифларига 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб розилик берилсин:
а) Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари ва шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида, вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари билан хорижий давлатлар томонидан ажратилган квота (грант)лар ҳисобидан хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри (экспертизадан ўтказмасдан) тан олиш;
б) нашр этилган мақолалар, ихтиро ёки селекция ютуқлари тақдимномаси муҳокамаси асосида илмий даражалар берувчи илмий кенгаш томонидан қуйидагиларга диссертация ҳимоясисиз илмий даража бериш:
фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган камида иккита ихтиро ёки селекция ютуғи муаллифига фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси;
фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган камида учта ихтиро ёки селекция ютуғи муаллифига фан доктори (DSc) илмий даражаси;
Journal Citation Reports (JCR) ҳамда SCImago Journal Rank (SJR) илмий журналлар халқаро рейтингида тегишли фан соҳасининг биринчи ёки иккинчи квартилига кирувчи илмий нашрларда камида 4 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича – 3 та) илмий мақола чоп этган мутахассисга фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси;
Journal Citation Reports (JCR) ҳамда SCImago Journal Rank (SJR) илмий журналлар халқаро рейтингида тегишли фан соҳасининг биринчи ёки иккинчи квартилига кирувчи илмий нашрларда камида 7 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича – 5 та) илмий мақола чоп этган мутахассисга фан доктори (DSc) илмий даражаси (илмий натижани амалиётга жорий қилиш бўйича талаблар бажарилган ҳолда).
в) рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 дан 500 тагача бўлган ўринлардан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларни қуйидаги талабга жавоб берган тақдирда Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш):
диссертация ҳимоясидан кейин Journal Citation Reports (JCR) ҳамда SCImago Journal Rank (SJR) илмий журналлар халқаро рейтингида тегишли фан соҳасининг биринчи ёки иккинчи квартилига кирувчи илмий нашрларда диссертацияга мос келувчи мавзуда якка муаллифликда 1 та мақола чоп этган.
10. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимини рақамлаштириш бўйича Давлат инспекцияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Фанлар академияси билан ҳамкорликда 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши таъминлансин:
олий таълим ва илмий ташкилотлар томонидан қабул қилинган докторант ва мустақил изланувчилар портфолиоси юритиладиган, ҳимояга чиқиш жараёнидаги босқичлар регламенти белгиланган, ҳимоя тўғрисидаги эълонлар бериб бориладиган ҳамда ҳимоялар онлайн трансляцияси амалга ошириладиган автоматлаштирилган тизим фаолияти электрон платформасини ташкил этиш;
ҳимоя қилинган диссертацияларнинг ҳамда диссертациядаги илмий янгиликлар ва таклифлар ягона очиқ электрон базаси яратилиши ҳамда халқаро антиплагиат базаларига боғланиши, шунингдек, ҳар бир ҳимоя қилинган диссертацияда келтирилган ҳаволалар халқаро эътироф этилган базаларда индексация бўлишини таъминлаш учун махсус дастурий восита ишлаб чиқиш ва 2022 йил 1 январдан тўлиқ жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда миллий илмий журналлар умумий электрон базасини шакллантириш, улардаги мақолалар электрон нашр этилишини ҳамда уларнинг “Scopus” ва “Web of Science” халқаро илмий-техник базалар талабларига мослаштирган ҳолда мазкур базаларга киритилишини таъминлаш.
11. Давлат инспекцияси 2021 йил 30 декабрга қадар:
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан ҳамкорликда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан халқаро эътироф этилган антиплагиат дастурини марказлаштириб харид қилинишини ҳамда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлари мавжуд олий таълим ва илмий ташкилотларга ундан фойдаланишига имконият яратилишини таъминласин.
12. Давлат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
а) ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра инспекция бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини бир ярим баравар миқдорида қўллаш ҳамда бу билан боғлиқ қўшимча харажатларни Давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари Ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қоплаш;
Жамғармага тушадиган маблағларнинг 80 фоизгача бўлган миқдорини Давлат инспекцияси раҳбариятининг қарорига кўра, лавозим маошига ойлик устамалар тўлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги учун мукофот пули, шунингдек, мамлакат ичида ва ташқарисидаги хизмат сафарлари харажатларини тўлаш тарзида ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Давлат инспекцияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда икки ой муддатда мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда илмий даража ва илмий унвонларни олиш бўйича олий таълим ва илмий ташкилотлар мустақиллигини таъминлаш ҳамда энг асосий талабларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини, шунингдек, манфаатдор идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Президент Администрациясига таклифлар киритсин;
Давлат инспекцияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда диссертацияларга қўйилган талаблар ҳамда унинг натижадорлигини баҳолаш тизимини халқаро талаблар асосида янгитдан шакллантирсин ва Вазирлар Маҳкамаси қарорини тайёрласин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Давлат инспекцияси билан биргаликда икки ой муддатда нуфузли хорижий олий таълим ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма докторантура дастурларини жорий этиш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда 2022 йил давомида ҳар бир фан тармоғи кесимида ўз нуфузли илмий мактабига эга бўлган олий таълим ва илмий ташкилотларда бундай дастурлар йўлга қўйилишини таъминласин;
Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда 2 ой муддатда докторантурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқласин ҳамда мазкур тартиб доирасида олий таълим ва илмий ташкилотларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан докторантурага қабул қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгиласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Давлат инспекцияси штат жадвалларига тегишли ўзгартириш киритилишини таъминласин;
Олий аттестация комиссияси мол-мулкининг тегишли тартибда қабул қилинишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб эътироф этилсин.
15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.