Шўрабашот (Шоробошот)
Шўрабашот (Шоробошот) шаҳар харобаси Қорадарё ирмоғи бўлмиш Ясси дарёсининг ўнг қирғоғида, Узган шаҳридан 8 км узоқликда жойлашган. Ёдгорликни 1954 йили Жанубий Қирғизистон отряди қатнашчиси Ю.А.Заднепровский аниқлаган ва 1954-1957 йиллари илмий-қидирув ишлари олиб борган. Ўлчамлари 70 га бўлган ёдгорлик буржлар билан таъминланган мукаммал деворларга эга. Текширишлар натижасида унинг уч қисмдан иборат эканлиги аниқланган. Шўрабашот уч томони деворлар билан ўраб олинган, фақат дарё томондан - табиий ғов (дарё) бўлгани учун девор йўқ.
Ю.А. Заднепровский хулосасига кўра, Шўрабашот ўз вазифаларига кўра 3
қисмдан иборат бўлган:
Шўрабашот I - нотинч пайтларда атроф аҳоли панагоҳи ва чорва сақланадиган жой. Жануб томондан ташқари барча томондан кучли мудофаа
девори билан ўраб олинган. Маданий қатламлар унчалик қалин эмас.
Шўрабашот II - асосий аҳоли яшайдиган қисм. Деярли ҳамма томонидан мустаҳкам деворлар билан ўралган. Бу ерга кириш шимолий-шарқий бурчакда бўлгани эҳтимолга яқин. Шаҳарда қадимги уй-жой қолдиқлари қазиб ўрганилган. Улар ғишт ва пахсадан кўтарилган. Бу қурилиш даврида кўплаб хўжалик ўралари мавжудлиги ва уларнинг маданий қатламларни кесиб тушиб бузиб юборгани характерлидир. Қуйи қурилиш даври қолдиқлари ёмон сақланган ва фақат айрим яшаш поли бўлаклари қайд этилган. Хўжалик ўраларининг кўплиги Фарғона қадимги деҳқончилик маданиятлари учун хосдир.
Шўрабашот III - арк деб аталади. Арк шаҳар харобасининг жануби- шарқ қисмида жойлашган ва ҳамма томонидан мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Юқоридан қараганда, нотўғри тўртбурчак кўринишга эга. Деворларида буржлар ўрни яққол сезилиб туради. Кириш аркни икки жойидан, яъни шарқ ва жануб томондан бўлган кўринади. Ю.А. Заднепровский қазишмалари бўйича аркда сезиларли материал йиғилмаган. Асосан, маиший ўчоқ билан боғлиқ уй-жой қолдиқлари аниқланган. Уйлар пахсадан тикланган. Қуйи қатламлар қазишма муаллифининг фикрича, охиригача қазиб очилмаган ва улардан қурилиш қолдиқлари қайд этилмаган . Ю.А.Заднепровский кеййнги ишларида Шўрабашот II ни арк деб атаган. Бироқ бу ерда бирор қурилиш қолдиғи аниқланмаган ва топографик белигиларга кўра, ундаги қатламлар деярли бузилиб йўқ бўлган. Шунинг учун ҳоким қароргоҳи арк тўғрисдаги ҳар қандай фикр кўпроқ тахмин бўлади.
1993 йили Б.Х. Матбобоев Шўрабашот аркининг икки жойида археологик қазишмани амалга оширди ва маълум натижаларни қўлга киритди. Қазишмадаги асосий қурилиш даврлари ажратилди.
Юқорида қайд этганимиздек, Шўрабашот шаҳар харобасининг барча қисмлари мудофаа деворлари (тупроқ уюмлари) билан ўраб олинган. Ю.А. Заднепровскийнинг ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг умумий узунлиги 3 км. Деворнинг маълум бир нуқталарида баландликлар сақлаган бўлиб, улар остида буржлар жойлашган бўлиши мумкинлиги тахмин этилади. Асосий яшаш жойини ўраб олган девор қазув орқали энига кесилиб, унинг таркиби ўрганилди. Деворнинг бир неча жойларида кўндаланг тушган ва шиббаланиш натижасида қатламларга ажратилган тупроқ уюмларининг учраши бу мудофаа иншоотининг йирик тупроқ уюмларидан тикланганидан далолат беради. Икки томонидан ғиштлардан ўзига хос “ғилоф” тикланиб оралиқ жойга тупроқ келтирилиб шиббаланган. Тадқиқотларга кўра, деворларнинг соф тупроқ устига қурилганлиги ёдгорликни кўҳна шаҳарнинг илк даврида бунёд этилган дейишга асос бўлган эди.
Мудофаа деворларини бундай усулда тиклаш Фарғона учун хос бўлган ва қадимги илдизларга эга бўлиб, мазкур усул Далварзин ва Эйлатонда кузатилган.240 Чунончи, Далварзинда девор ўрнида лойдан тагкурси (платформа) қилинган. Устига икки томондан ғиштдан “ғилоф” қилиниб, ўртаси қалин шиббаланган тупроқ билан тўлдирилган. Иш сўнгида девор усти ҳам ғишт терилиб ёпилган ва мустаҳкам девор бунёд этилган. Чуст ёдгорлигида бу усулда мудофаа деворлари тиклаш расм бўлмаган ёки бу усул қўлланилмаган.
Демак, мудофаа иншоотларини ўрганишнинг ҳозирги босқичида бу иншоотларни бунёд этилиши ҳақида икки хил фикр айтиш мумкин. Биринчидан, дев.орларни бунёд этишда бу усулларнинг қўлланиши Чуст ва
Далварзинлардаги маҳаллий хусусиятлари, иккинчидан уларни хронологик фарк деб ҳисоблаш мумкин. Муҳими, бу усулни Шўрабашотда қўлланилиши ва кўҳна шаҳар- деворлари қадимги анъаналарга риоя қилиб тикланганидир. Бу ҳолат ёдгорлик санаси (мил. авв. IV -I асрлар) тўғрилигига яна бир исбот бўлди.
Шўрабашотда археологик материалларнинг камлигига қарамай, кўҳна шаҳарнинг пайдо бўлиши ва унинг ҳудўдининг ўзгариши ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтиш мумкин. Биринчи навбатда, Эйлатон даври сополларига ўҳшаш материалларнинг куйи қатламларда учраши бу ёдгорликни мил.авв. I минг йилликнинг ўрталаридан пайдо бўлган деган фикрни билдиришга асос бўлади ва буни I давр деб белгилаш мумкин. Яна бир асос шуки, ҳар икки шаҳарнинг режасида умумий бир ўхшашлик кузатилади. Улар қурилиши пухта ўйланган режа билан тикланган. Қолаверса, Шўрабашотда ҳам, Эйлатонда ҳам мол-қўй сақлайдиган ёки хавф туғилганда атроф аҳоли жон сақлайдиган ва атрофи мудофаа девори билан ўралган биттадан бўлак махсус жой бўлган.
Мавжуд маълумотларнинг таҳлилича, авваламбор, арк ўрнига дастлаб аҳоли келиб ўрнашган ва кичик қалъага асос солинган. II даврда эса қалъа атрофи девор билан ўраб олинади ва мустаҳкамланган арк бунёд бўлади. Бу даврда шаҳарнинг барча қисмлари шаклланади ва ривожланиш босқичини бошдан кечиради. Ҳар учала мудофаа деворларининг қурилиши айнан шу даврда ниҳоясига етади. III даврда Шўрабашотда ҳаёт тўхтайди. Демак, кўҳна шаҳар уч тарихий даврни босиб ўтади. Топографик жиҳатдан кўҳна шаҳар қисмларининг шаклланиши бир пайтда рўй бермаган. Шўрабашотни барча даврий босқичлари фақат бир жой - аркда қайд этилган.
Хуллас, бу маданиятнинг энг йирик ёдгорлигидан янги материаллар олинди. Бунинг муҳим томонлари шундаки, биринчидан, янги археологик маълумотлар қўлга киритилди, иккинчидан, бу ёдгорликларнинг водий тарихидаги ўрнйни аниқланишида тасаввурларимиз янада кенгайди. Ана шундай муҳим фактлардан бири Шўрабашотда Эйлатон даври сополларининг топилиши бўлди. Тўғри, бундай материал олдин ҳам топилган. Ҳатто, уларга асосланиб баъзи тадқиқотчилар Шўрабашот ёдгорликлари санасини мил.авв. V асргача қадимийлаштирадилар. Янги топилма маълум даврда Эйлатон ва Шўрабашот сополлари бир вақтда (Эйлатон маданиятининг сўнгги даврида) муомалада бўлган, деган фикрга асос бўлади. Умуман олганда, Шўрабашот бизга маълум бўлган Чуст- Эйлатон даври сополлари анъаналарини давом эттиради. 1993 йилги қазишмалари пайтидаги яна бир янгилик - бу ёдгорликни арк қисмида қалин тагкурси (платформа)нинг аниқланиши бўлди. Аммо, бундай платформалар Фарғона водийсининг бу даври учун янгилик эмас. Жумладан, бундай платформалар Шўрабашот яқинидаги Қорадарё ёдгорлигида, Мингтепада ва Қўргонтепа кабиларда қазиб ўрганилган. Шўрабашотдаги қурилма анча маҳобатли бўлиб, унинг устига улуғвор иншоот (ибодатхона, сарой) қурилганидан дарак беради.
Ёдгорлик майдонининг катталиги ва унинг уч қисмга бўлиниб мудофаа этилгани, аркдаги йирик тагкурси (платформа)ни бир бўлагининг аниқланиши - Шўрабашотни шаҳар мақомидан хабар берувчи белгиларидан айримларидир. Чунки ушбу белгиларни бу ёдгорликда намоён бўлиши тарихий манбалардаги хабарларни асослаш учун ўта муҳимдир. Қолаверса, Шўрабашот бу даврдаги энг йирик ёдгорлик бўлиб, катта кўҳна шаҳар харобаси ҳисобланади. Шуларни ҳисобга олиб, ёдгорлик Хитой манбаларида учрайдиган Ю (Ючэн) шаҳри билан таққосланади" . Хусусан, Хитой элчиси «...шарқий чегарадаги Ю шаҳрида қўлга олинади. Ниҳоят, қўшинлар Ю шаҳрига кирдилар, лекин бир неча минг оч-наҳор одамлар қолди. Улар шаҳарни тўсатдан қўлга олдилар, кўплаб аҳолини қириб юбордилар». Демак, бу шаҳар энг камида хитойлар Фарғонага бостириб келган пайтда (мил. авв. II аср) Даван подшолигининг шарқий чегараларидаги йирик, стратегик жиҳатдан муҳим шаҳар эди.
Шўрабашотга ўхшаш ёдгорликлар ўтган асрнинг 80-йилларида Ю.А. Заднепровский томонидан кўплаб белгиларига кўра алоҳида археологик
маданиятта бирлаштирилган . Хитой манбаларидаги Даван давлатининг тарих саҳнасига чиқиши айнан Шўрабашот маданияти даври билан боғланади. Ҳозирда бу маданиятнинг 50 дан ортиқ ёдгорликлари аниқланган. Ушбу ёдгорликлар водийнинг шарқий қисмида кўпроқ кузатилади. Улар худди Чует маданияти ёдгорликлари каби дарё ва сой бўйларида, асосан, Ясси, Қорадарё, Қуршоб бўйларида Қорасув ва Кўгарт воҳаларида жойлашганлар.
Бундан ташқари, Шўрабашот, ёдгорликлари икки дарё Норин - Қорадарё оралиғида ҳам топиб ўрганилди. Айниқса, Ясси ва Қорадарё бўйларида кўплаб ёдгорликлар қайд этилган бўлиб, Шўрабашот, Қорадарё харобалари шулар жумласидандир. Албатта, аҳолининг кўпайиши хўжалик юритишда олдингига нисбатан самаралироқ усуллардан фойдаланишга олиб келди. Бу, биринчи навбатда, суғорма деҳқончиликда сунъий сув манбалари - каналлардан фойдаланиш кўпайганидан гувоҳлик беради. Хусусан, Ўзганариқ, Андижонсой, Шаҳрихонсой каби каналлардан Шўрабашот маданияти илк босқичларида тўлақонли фойдаланилган.
Шўрабашот маданияти ёдгорликлари майдони, мудофаа деворлари, арк шаклига кўра фарқланганлар. Шўрабашот, Қорадарё, Дунбулоқ кўп жиҳатдан алоҳида ажралиб туради ва кўплаб белгиларига кўра, улар шаҳар вазифасини бажарган бўлиши керак. Юқорида эслатилганидек, бу давр ёдгорликлари Фарғона қадимги деҳқончилик маданияти анъаналарини давом эттириб, эҳтимол, Эйлатон даврининг сўнгги босқичида пайдо бўлган, деган фикрга олиб келади. Аммо, айрим тадқиқотчилар Шўрабашот маданияти ёдгорликларини фақат Фарғона водийсининг шарқий қисмлари учун хос бўлиб, айнан шу ҳудудда тарқалган деб ҳисоблайдилар. Бироқ кейинги археологик текширишлар бу маданиятни водийнинг бошқа ҳудудларига ҳам
тарқалганини кўрсатмоқда. Албатта, бу маданият соҳиблари кўпроқ водий шарқида ўрнашиб шу ҳудудда деҳқончилик қилишган кўринади. Бунинг устига сопол идишлардаги айрим нақшлар Шарқий Туркистон таъсирида пайдо бўлгани ҳам уларни кўпроқ шарқий туманнлар билан боғлиқлигини кучайтиради. Хуллас, Шўрабашот Фарғона водийси тарихида ўзига хос аҳамиятга эга бўлган шаҳарлар силсиласига киради. Бу маданият фақатгина водийда учрайди ва деҳқончилик билан шугулланган аҳолисига таълуқли бўлиб улар анъанасини давом эттирган.
Муғтепа
2002 йилнинг куз ойларида Косонсой шаҳрининг қадимги тарихнни ўрганиш бўйича Наманган вилояти Косонсой тумани, ҳозирги Косонсой шаҳри ёнида жойлашган Муғтепа ёдгорлиги ва унинг атрофида археологик тадқиқотлар олиб борилди. Археологик қазишмалар Муғтепа ёдгорлигининг ғарбий қисмида 1990 йил бошланган биринчи қазув майдончасида (Раскоп-1) кенгайтириш билан бошланди. Мақсад шаҳар деворининг ички томонидан очиб кўриш, унинг даврий санасига аниқлик киритиш ва кўпроқ ашёвий далилларни топишдан иборат эди. Косонсой археологик отряди (А.А.Анорбоев, Ф.Мақсудов, А.Исманов, Ш.Насритдинов ) дастлаб 1990 йилда қазиб очилган шаҳар мудофаа девори тозаланади ва қайтадан синчиклаб ўрганиб чиқилади. Сўнгра қазув ишлари мудофаа деворнинг ичида унинг йўналиши бўйлаб, 10 метрга, шарқтомонга эса 5 метрга кенгайтирилди. Натижада, шаҳар деворларининг даврий саналарига ва қурилиш техникасига баъзи-бир янгиликлар киритилди. Жумладан, шаҳарнинг энг қадимги девори милодий эранинг биринчи асрлари бошида эмас, балки милоддан аввалги биринчи асрда қурилган деган фикрга келинди. Иккинчи девор эса милодий эранинг IV-V асрларида эмас, балки милодий эранинг бошларида қурилган дейиш мумкин. Бу фикрларни биринчидан стратиграфик кузатув ва археологик материаллар тасдиқласа иккинчидан деворларнинг қурилиш техникаси ва материаллари гувоҳлик берган. Шаҳарнинг учинчи девори милодий эранинг V-VI асрларида қурилганлигига шак-шухба йўқ. Бу даврга келиб шаҳар деворининг қалинлиги 6 метрга яқинлашади. Мудофаа деворнинг ичида, унга қадалган ҳолда қурилган уй қолдиқлари топилди. Уйнинг деворлари хом ғиштдан қурилган бўлиб, жуда ёмон сақланган. Лекин, бу уйларда узок вақт одамлар истиқомат қилганлиги кўриниб турибди. Девордаги уч қатлам қалин сувоқлар ва учта пол буни тўлиқ тасдиқлайди. Шундай қилиб, илк ўрта асрларда Муғтепа ёдгорлиги ўрнида мустаҳкам деворлар билан ўраб олинган пойтахт шаҳар жойлашган, - деган А.Н.Бернштамнинг фикри ўз кучида қолмоқда. Шу билан бирга Муғтепанинг шимолий шарқида унга ёндош жойлашган Муғқалъа ёдгорлигида ҳам археологик кузатувлар олиб борилди. Қорахонийлар даврида (XII аср) қурилган мудофаа деворлар ва бурчларнинг қолдиклари ҳозирги кунларда ҳам ўз салобатини йўқотмаган. Археологик кузатув натижасида бу деворнинг қурилиш техникасига аниқлик киритилди. Маълум бўлишича девор хом ғиштлар (47-48x21-22x8-9 см) ва пахсадан қурилган экан. Шу билан бирга Муғтепа атрофида, ҳозирги Косонсой шаҳри ўрнида ҳам археологик кузатувлар олиб борилди. Натижада, IX-X асрларда оид ҳунармандчилик буюмларининг парчалари топилди.
Хулоса қилиб айтганда, милоддан аввалги I асрда Косонсойнинг чап соҳилида хозирги Муғтепа ёдгорлиги ўрнида қадимги Косон шаҳрига асос солинади. Косон Косонсойнинг чап соҳилидаги табиий тепалик устида, стратегик жиҳатдан энг қулай жойда қурилган бўлиб, қадимги Фарғона подшоларининг ёзги қароргоҳи сифатида узоқ йиллар тарих саҳифасида қолади. Археологик материаллар ва ёзма манбаларининг гувоҳлик беришича милодий эранинг VI асридан бошлаб, то араблар истилосигача Косонда Турк ҳоконлигининг ишончли давлат вакиллари ўтирган. Шаҳарнинг арки-аълоси ва салобатли мудофаа деворларининг қолдиқлари шу кунларда ҳам қад кўтариб турибди.
Тадқиқотлар давомида оз бўлсада шаҳар ҳунармандлари ясаган ҳар хил сопол идишлар топилди. IX-XI асрларга келганда қадимги Косон шаҳри ўзининг аввалги сиёсий мавқеини йўқотади, яъни манбаларда у пойтахт шаҳарлар қаторида тилга олинмайди. Лекин, у Косонсой воҳасининг иқтисодий ва маданий маркази сифатида ҳозирги Косонсой шаҳри ўрнига кўчади.
XII асрда эса Косон кўп поғонали Қорахонийлар салтанатининг пойтахт шаҳарларидан бирига айланади. Бу ерда Корахонийлар давлатининг зарбхоналаридан бири жойлашган бўлиб, танга пуллар зарб қилинган.1
Do'stlaringiz bilan baham: |