2-боб. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш 5. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш учун туман (шаҳар) ҳудудлари бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун туман (шаҳар) ҳудудларини бириктириш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 765-сон қарори билан тасдиқланган Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади. Туман (шаҳар)лар ҳудудларини:
хизмат кўрсатувчи хусусий ташкилотларга бириктириш — электрон танлов натижасига кўра, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда электрон танлов ғолиби ўртасида ушбу Қоидаларга 2-иловага мувофиқ тузиладиган, Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга;
хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотларига бириктириш — электрон танлов натижасига кўра, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда электрон танлов ғолиби ўртасида ушбу Қоидаларга 3-иловага мувофиқ тузиладиган, Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш шартномасига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда, ушбу Қоидалар кучга киргунга қадар бириктирилган ҳудудларда фаолият юритаётган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ҳамда Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш шартномаси танлов ўтказмасдан тузилади.
6. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш ушбу Қоидалар ва шартнома (битим)ларга мувофиқ амалга оширилади.
Бунда, аҳолига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартнома (битим), шунингдек, жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун хизматлар кўрсатиш бўйича оммавий шартнома асосида амалга оширилади. Кўчмас мулкдан фойдаланилганда маиший чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлардан фойдаланиш учун мазкур кўчмас мулк хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома тузадилар. Кўчмас мулк эгаси ёки мулкдори (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор)нинг маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси мавжуд бўлган тақдирда, кўчмас мулк эгаси ёки мулкдори қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва кўмиш учун ихтисослаштирилган қаттиқ маиший чиқинди полигонига эга бўлган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома тузади.
Ҳудудга тўлиқ хизмат кўрсатиш учун юк ташиш қувватини таъминлаб берадиган, талаб этиладиган миқдордаги техник жиҳатидан соз чиқинди ташиш машиналарининг етишмовчилиги билан боғлиқ зарур ҳолатларда, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланишда ҳосил бўлган чиқинди ва смётни олиб чиқиб кетиш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан алоҳида шартномалар тузишлари мумкин. Агар шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларининг чиқинди ва смётни олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси мавжуд бўлса, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари чиқиндиларни ихтисослаштирилган полигонларга жойлаштириш ва кўмиш учун шартнома тузадилар.
7. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисобварақларида ушбу Қоидаларнинг 5-бобига мувофиқ кейинчалик хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизматлари ҳақини марказлашган тартибда тўлаш учун жамланади.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўлов, шунингдек, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тарифлари, нархларни тартибга солувчи органлар (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бошқармалари) билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади, ушбу Қоидаларнинг 8-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.