69-модда. Ўрта муддатли ўқитиш Ўрта муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ҳамда касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан амалга оширилади.
Ўрта муддатли ўқитиш касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан меҳнат органлари билан келишилган ҳолда ушбу марказлар мустақил равишда белгилайдиган даврларда ташкил этилади.
Меҳнат органлари ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳлар шаклланишига қараб тасдиқланган касбга ўқитишга доир давлат буюртмасининг ҳажмлари доирасида, шунингдек фуқаролар ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларини таҳлил қилиш, касбга ўқитиш марказларининг (касб-ҳунар таълими муассасаларининг) таклифлари асосида ўрта муддатли ўқитишга доир тўғридан-тўғри шартномалар тузади.
Меҳнат органлари, ишсиз шахс, касбга ўқитиш маркази (касб-ҳунар таълими муассасаси) ҳамда ишсиз шахсни ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) мажбуриятини ўз зиммасига олган иш берувчи ўрта муддатли ўқитиш учун шартнома тарафлари сифатида иш юритади, бундан ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ишсиз шахсни ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) мажбуриятини олган ва шартномани имзолаган иш берувчининг зиммасига мазкур ишсиз шахсни ишга жойлаштириш (ишга қабул қилиш) бўйича тўғридан-тўғри мажбурият юклатилади.
Агар ишсиз шахс ўқиш тугагач жисмоний ва юридик шахслар учун иш ҳақини (меҳнат даромадини) олишга қаратилган хизматларни кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил равишда амалга ошириш мажбуриятини ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни ўз зиммасига оладиган бўлса, ўрта муддатли ўқитишга доир шартнома тузилаётганда иш берувчининг иштирок этиши талаб қилинмайди.
70-модда. Қисқа муддатли ўқитиш Қисқа муддатли ўқитиш тарзидаги касбга ўқитишга доир давлат буюртмаси меҳнат органлари томонидан шакллантирилади ҳамда касбга ўқитиш марказлари (касб-ҳунар таълими муассасалари) томонидан амалга оширилади.
Меҳнат органлари ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича гуруҳлар шаклланишига қараб қисқа муддатли ўқитишга доир тўғридан-тўғри шартномалар тузади.
Меҳнат органи, иш қидираётган шахс ёки ишсиз шахс ҳамда касбга ўқитиш маркази (касб-ҳунар таълими муассасаси) қисқа муддатли ўқитишга доир шартноманинг тарафлари сифатида иш юритади.