-модда. Ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномалар асосида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш тартиби
34-модда. Ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномалар асосида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш тартиби Иш қидираётган шахс ишга жойлашишга доир йўлланмани ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддатдан кечиктирмай ишга жойлашишга доир йўлланмада ёки ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномада кўрсатилган манзилга мурожаат этиши шарт.
Ташкилот иш қидираётган шахсни ишга жойлаштиришга доир йўлланма бўйича ишга қабул қилган ва у билан меҳнат шартномасини тузган тақдирда, ишга жойлаштиришга доир йўлланма тақдим этилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай йўлланма берган маҳаллий меҳнат органига ушбу шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан бирга йўлланманинг йиртиб олинадиган талонини юбориши шарт.
Агар ишга жойлаштиришга доир йўлланма иш берувчига электрон тарзда юборилган бўлса, иш берувчи маҳаллий меҳнат органига йиртиб олинадиган талон ўрнига ишга жойлаштирилганлик тўғрисидаги хабарномани электрон шаклда юборади.
Ишга жойлаштириш рад этилган тақдирда, йиртиб олинадиган талонда рад этиш сабабларининг асоси кўрсатилади ва йиртиб олинадиган талон ишга жойлаштиришга доир йўлланмани берган маҳаллий меҳнат органига тақдим этиш учун иш қидираётган шахсга қайтариб берилади.
Йиртиб олинадиган талон иш берувчи ёки у ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
Иш берувчи маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган ишга жойлаштиришга доир йўлланма бўйича ишга жойлаштиришни рад этган тақдирда, иш қидираётган шахс йиртиб олинадиган талонни ушбу йўлланмани берган маҳаллий меҳнат органига ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига бириктирилган ходимга уч кунлик муддатда қайтариб бериши шарт.
Қайтариб берилган йиртиб олинадиган талон (талоннинг кўчирма нусхаси) тўғрисидаги маълумотлар ва ишга жойлаштиришни рад этиш сабаблари маҳаллий меҳнат органи ходими томонидан «Бандлик хизмати» ахборот тизимига киритилади.
Мулкчиликнинг нодавлат шаклидаги ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари иш қидираётган шахсни ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома бўйича ишга қабул қилган ва у билан меҳнат шартномасини тузган тақдирда, мазкур шахснинг ишга жойлашишига кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома берган маҳаллий меҳнат органини хабардор қилади.
Ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома электрон тарзда юборилган тақдирда, мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари маҳаллий меҳнат органига мазкур шахс ишга жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ахборотни электрон шаклда юборади.
Маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома бўйича ишга жойлаштириш рад этилган тақдирда, мулкчиликнинг нодавлат шаклига эга ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ишга жойлаштиришни рад этиш сабаблари ҳақида маҳаллий меҳнат органини хабардор қилади.
Мақбул келадиган ишга доир таклифлар мавжуд бўлмаган ва ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган тақдирда, иш қидираётган шахс ишсиз деб эътироф этилади ҳамда унга ишсизлик нафақаси тайинланади.