«Сохта» сийдик тутолмаслик Беморлар пешоб қовуғини бўшатиш меёрий сақланиб туришига қармамай, доимо сийдик беихтиёр ажралиб туришидан шикоят қиладилар ва бу холат «сохта» сийдик тутолмаслик деб юритилади.
«Сохта» сийдик тутолмасликнинг ташхиси бошқа турдаги ихтиёрсиз сийдик ажралишлардан фарқ қилиб анча мураккабл хисобланади.
Беморларнинг шикояти сийдик найи аномалияси ёки кичик тосда ўтқизилган хар хил операциялар туфайли вужудга келган сийдик найи ва қин ёки сийдик найи-ичак оқмаси билан боғлиқ бўлади.
Анамнестик маълумотлардан шу нарса маълум бўладики, туғилгандан буён қиндан ёки уретрадан ихтиёрсиз сийдик ажралиши кузатилади. Бундай холат сийдик найларини бирининг уретрага ёки қинга келиб уланиши билан боғлиқ бўлади. Қин ёки йўғон ичак орқали ихтиёрсиз сийдик ажралиши баъзан шикастланиш натижасида сийдик найи-қин ёки сийдик найи-ичак оқмаси вужудга келганда пайдо бўлади.
«Сохта» сийдик тутолмаслик билан касалланган беморларни кўрикдан ўтказганда ташқи кўринишидан ўзгаришлар кузатилмайди, лекин ташқи жинсий аъзолар ёки анус сохаси кўрилганда терининг яллиғланганлиги, яралар борлиги ва бошқа аломатлар борлиги қайд этилади.
«Сохта» сийдик тутолмасликни махсус тести бўёқлар билан синама ўтказиш орқали ташхис қилинади.
Бўёқлар билан синама қўйиш услуби Аёл гинекологик креслога ётқизилади. Ташқи жинсий аъзолари антисептик суюқлик билан тозаланади. Жинсий лаблар ўнг ва чапга томонларга сурилади, уретра ва қиннинг ташқи тешиги кўрикдан ўтказилади, бунда уретра ва қиндан оқиб тушаётган ажратмаларга эътибор берилади. Қинда суюқлик пайдо бўлса қовуқ индигокармин ёки бошқа бўйқ билан бўялган антисептик суюқлик билан тўлдирилади. Қинда бўялган суюқликнинг бўлмаслиги қовуқ-қин оқма тешигининг йўқлигидан далолат беради. Сўнгра қиндан чиқаётган суюқликдан сийдик кристаллари - оксалатлар, уратларни изланади, уларнинг топилиши қинга сийдик найининг эктопияси ёки сийдик найи-қин тешиги борлигидан далолат беради. Пешоб чиқаришга хожат бўлмаган холда, уретрадан доимо томчилаб суюқлик ажралиши ва унда пешоб тузларини мавжуд бўлиши сийдик найининг уретрага эктопияси билан боғлиқ эканлиги қайд этилади ва бундай холат «сохта» сийдик тутолмаслик ташхиси учун етарли хисобланади.
Сийдик найи-ичак тешиги сабабли «сохта» сийдик тутолмаслик қовуқни бўёқли суюқликка тўлдириш билан аниқланади. Бунинг учун тўғри ичакка тампон қуйилади ва қовуққа юборилган индигокармин тампонни бўялиш даражасига қараб қовуқ-ичак бирлиги ташхис қилинади. Ичак ажратмаларида сийдик тузларини бўлиши сийдик найи-ичак оқмасини борлигини кўрсатади, яъни беморда «сохта» сийдик тутолмаслик холати борлигини кўрсатади.
«Сохта» сийдик тутолмасликнинг диагностикасидаги пальпация, перкуссия ва УТТ қиндан, йўғон ичакдан ёки сийдик найидан доимо сийдик ажралишига қарамасдан қовуқда сийдик борлигини қайд этади.