Абдул-Мажид Қодирий (1886-1938 Тошкент). олим, ўзбек адиби, ўзбек тилидаги биринчи адабиёт, тарих ва математика дарсликлари муаллифи, жамоат арбоби ва публицист, Туркистонда жадидчилик ҳаракати асосчиларидан бири. Мажид Қодирий Форс, араб, усмоний турк, рус ва инглиз тилларини мукаммал билган. 1906 йилдан бошлаб рус-тузем мактабларида таълим берган, 1917 йилдаги инқилобдан аввал Тошкентдаги ўрта мактабларда дарс берган ҳамда уларда мудирлик қилган. 1918-1921 йилларда Тошкентда жадидчилик ҳаракати томонидан ташкил этилган “6-нчи Турон мактаби”да мудир. 1918 йилда Коммунистик партия аъзолигига қабул қилинган. 1920-1921 йилларда – Тошкентдаги табиий ҳамда тарих фанлари педлабараториясида мудирлик қилган. 1921 йилда Бойскаут мактабида дарс берган. 1921 йилдан бошлаб Туркистон давлат университетининг Эски шаҳар ишчи факультетида ўзбек тили муаллими сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган. 1921—1923 йилларда Ишчи факультети декани ҳамда университетнинг “Тажриба-изланиш” лабораториясида мудир. 1923 йилнинг 23 мартида мамлакат тараққиёти йўлидаги алоҳида меҳнатлари учун “Меҳнат Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. 1923—1925 йилларда “Табиатни муҳофаза қилиш” музейи мудири. 1924 йилда Тошкенда жойлашган Вақф шўбаси ходими бўлиб ҳам фаолият юритган. 1925 йилдан бошлаб Ўрта Осиё осориатиқаларни сақлаш қўмитаси ходими. 1925 йилда Парижда очилган кўргазмада Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида иштирок этган. Парижга кетаётиб, Берлинда тўхтаб, Германияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан учрашган. 1928 йилда Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё университети қошида ташкил этилган “Физика кабинети” мудири. 1928—1930 йилларда Ўрта Осиё университетининг Ишчи факультетида декан ҳамда тарих фанлари кабинетининг мудири. 1929 йилнинг бошида Коммунистик партия аъзолигидан маҳрум этилди ва 1930 йилда барча масъул лавозимлардан озод этилди. Сабаби, 1929-1930 йиллардаги пролетариат ҳамда совет мустамлакачиларининг ашаддий тарафдорлари томонидан ёғдирилган туҳматлар ҳамда матбуотда босилган фелетонлар. Исботи топилмаган гумонлар билан айбланган. Мажид Қодирий 1930 йилдан сўнг ҳам мактаб ва Ўрта Осиё университетида таълим бериб келган. 1937 йилда НКВД ходимлари томонидан “халқ душмани” айби билан қамоққа олинган. Расмий ҳужжатларда 1938 йилнинг 2 апрель куни ҳибсга олинган деб кўрсатилган. 1938 йилнинг 12 сентябрида “тройка” томонидан олий жазога ҳукм қилинган, ҳукм (СССР Олий судининг Ҳарбий коллегияси, 05.10.1938 — Олий жазо ҳукми) Туркистон тарихидаги энг қонли кун – 1938 йилнинг 5 октябр куни ижрога келтирилган (Россия Федерацияси давлат архиви, 24 жилд, 418 иш, 114 варақ).
Do'stlaringiz bilan baham: |