Биологизаторлик концепциялари. Биологизаторлик концепцияларининг тарафдорлари инсонни унинг табиий, биологик асосидан келиб чиқиб тушунтиришга ҳаракат қилади. XVIII аср охирида жамият ҳаётига айрим одамларнинг ўз мавжудлиги учун кураш майдони сифатида қарашни таклиф қилган Т.Мальтус назариясини бундай тушунтиришга бўлган биринчи жиддий уриниш деб ҳисоблаш мумкин. Мальтус фикрича, бу курашда кучлилар ғолиб чиқади, кучсизлар эса ҳалок бўлишга маҳкумдир. Мазкур курашга табиий омиллар туртки беради. Хусусан, аҳоли сони геометрик прогрессия бўйича кўпайиб боради, тирикчилик воситалари таклифи эса фақат арифметик прогрессия бўйича ўсади, бу эса муқаррар тарзда очарчилик, эпидемиялар, урушлар ва бошқа ижтимоий тангликларга олиб келади. Мазкур омилларга Мальтус кучлиларнинг яшаб қолишини таъминловчи ижтимоий муносабатларнинг «табиий», муқаррар ва ҳатто зарур тартибга солиш воситалари сифатида қарайди.
Демографик муаммоларнинг ечилмагани, шунингдек улар ХХ асрда янада кескинроқ тус олиши шунга сабаб бўлдики, Мальтус ғоялари неомальтузчилар деб номланган ўз давомчиларини топди ва топишда давом этмоқда.
Биологизаторлик ёндашувлари XIX ва XX асрлар чегарасида Дарвиннинг табиий танланиш ҳақидаги таълимотини мутлақлаштириб, нафақат инсоннинг келиб чиқиши, балки унинг моҳиятини, пировард натижада эса – бутун ижтимоий муносабатлар табиатини тушунтиришга ҳаракат қилган социал-дарвинистларга ҳам хосдир. Ҳозирги вақтда бу йўналишни одамларга ҳам, ҳайвонларга ҳам тенг даражада хос бўлган ирсиятга урғу берувчи социобиология давом эттирмоқда. Социобиологлар фикрига кўра, инсон хулқ-атвори ҳам, ҳайвон хулқ-атвори ҳам ирсий омиллар билан белгиланади ва ҳеч ким ўз ирсияти таъсирини – у хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон – енгишга қодир эмас.
Инсон табиати хусусида шунга ўхшаш қарашларга айрим одамларнинг бошқа одамлардан устунлигини фақат уларнинг «олий» ёки «паст» ирққа мансублик белгисига кўра эълон қилувчи ирқчилик концепцияларида ҳам дуч келиш мумкин. Бу, хусусан, «ирқий тозалик» учун кураш олиб борган ва «ирқий танланиш»ни амалга ошириш ғоясини фаол илгари сурган фашистик мафкурада айниқса бўртиб намоён бўлади. Мазкур ғоялар замирида асосан XIX аср охири – XX аср бошларида кенг тарқалган «инсон ирсиятининг олий сифати»га қандай воситалар билан ва қай тарзда эришиш мумкинлиги ҳақидаги таълимот – евгеника ётади.
ХХ аср бошларида бу таълимот шу даражада кенг тарқалдики, айрим мамлакатларда давлат сиёсати билан узвий боғланди. Хусусан, 1920-1930-йилларда Дания, Швеция ва Норвегияда жамиятда табиий танланишни ижтимоий мустаҳкамловчи ирқий қонунлар қабул қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |