Сизлардан бирортангиз то ўзи яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, дедилар”.
Абу Шурайҳ ал Хузоъийдан ривоят қилинади: “Набий с.а.в: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапи бўлса айтсин ёки жим турсин”, дедилар”.
Омир ибн Саъд ибн Абу Вақққосдан, у эса отасидан ривоят қилади: “Набий с.а.в. дедилар: “Албатта, Аллоҳ ёқимлидир, ёқимлиликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта саҳийдир, ўта саҳийликни севади”.
Одамларнинг бир бирлари билан бўладиган ижтимоий алоқаларида ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган, Аллоҳ таолонинг Ўзида бўлган ва бунинг бандаларида ҳам бўлишини севадиган сифатлар инсоният учун жуда ҳам аҳамиятлидир. Ушбу сифатларни ўзида мужассам қилган кишилар инсонлар жамиятидаги энг яхшилар бўлишади. Бунинг юзага чиқиши учун эса Ислом жорий қилган ижтимоий одоблар йўлга қўйилиши лозим.
Саҳл ибн Ҳанзалийядан ривоят қилинади: “Бизга Расулуллоҳ с.а.в: “Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг“, дедилар”.
Маълумки, кишининг юзидаги холи унинг энг кўзга кўринган ва чиройли нарсаси бўлади. Барча халқларда хол гўзаллик рамзи бўлиб келган.
Росулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар: “Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, тоинки мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кира олмайсизлар. Ўзаро бир бирингизни яхши кўрмагунингизгача мўмин бўла олмайсизлар. Сизларни бир ишга далолат қилмайинми, агар у ишни қилсангиз бир бирингизга муҳаббат қўйиб қоласиз. Ўртангизда саломни кенг ёйинг”, дедилар.
Саломнинг уламоларимиз таърифида: “Ассалому алайкум” дегани, сизга динингизда, ҳаётингизда тинчлик, омонлик, хотиржамлик бўлсин. Сизга нуқсон, жангу жадал, ёмонликлардан халос бўлишингизни тилайман”, дегани.
Динимизнинг шиори қандай ҳам улуғ. Бу мусулмонликни аломати, белгисидир. Ривоят қилинишича кунларни бирида Умар р.а. Росулуллоҳ с.а.в. нинг олдиларига Ҳазрати Али р.а.дан шикоят қилиб келиб айтдилар: “Эй Аллоҳнинг Росули с.а.в. қачон Алига рўбарў келганимда хечам биринчи бўлиб салом бермай, менинг унга салом беришимни кутиб кейин алик олади”, дедилар. Шунда Росулуллоҳ с.а.в. ҳазрати Алини ҳузурларига чақиртириб бунинг сабабини, яъни нега биринчи бўлиб салом бермасликларини сўрадилар. Шунда ҳазрати Али р.а: “Эй Аллоҳнинг Росули, ўзингиздан эшитганман, “ким биринчи бўлиб салом берса, унга жаннатда Аллоҳ таоло бир байт, уй бино қилади, дегансиз, мен ўша қаср уйни Ҳазрати Умарга бўлишини хоҳлайман” деган эканлар.