Европа археологияси фанидан маърузалар матни
Фаннинг мақсад ва вазифалари.
2.Археологик манбалари ва уларнинг кишилик жамияти қадимги давр тарихини ўрганишдаги аҳамияти.
3. Архелогик даврлаштириш ва асосий даврлар.
Кишилик жамиятининг пайдо бўлиши ва кейинги тараққиёти узоқ ўтмиш билан белгиланиб, мураккаб тарихий жараёндан иборат. Бундай тарихий жараёнларни ўрганиш замонавий тарих фанинг долзарб масалаларидан бири саналади. Археология тарих фанининг ажралмас қисми бўлиб, ўзига хос тадқиқот предмети, тадқиқот усуллари ва ўрганиш манбаларига эга. Шу билан биргаликда археология ва тарих ажралмас бўлиб, улар кишилик жамияти тарихини ўрганишда ўзига хос тадқиқот усуллари, манбаларга эгалиги билан ажралиб туради. Биз инсониятнинг ўтмиш тарихи ва тарихий воқеаларни моддий манбалар асосида билиб оламиз. Улар турли хилда бўлиб, иккита асосий гуруҳдан: ёзма ва моддий манбалардан иборат. Археология асосан моддий манбаларга таянган ҳолда баъзи шарқ ёзма манбаларга таянади. Археологиянинг асосий вазифаси тарихий манбалар асосида инсоният ўтмиши тарихини имкон даражасида тўлиқ ёритишдан иборат. Археология фани ибтидоий жамоа тарихи бўйича асосий маълумотларни бериш билан биргаликда қулдорлик ва феодализм даври тарихларини ҳам қўшимча маълумотлар билан тўлдиради. Археологик маълумотлар археологик экспедициялар натижасида топилган ибтидоий маконлар, қишлоқ ва шаҳар харобалари ва улардан ўрин олган мудофаа ва сув иншоотлари, металчилик ва бошқа ҳунармандчилик устахоналар ҳамда қоятош суратлари ўрганиш асосида тўпланади. Жойлардаги археологик экспедицияларни махсус муассасалар: археологик тадқиқот институтлари, олий ўқув юртларнинг археология кафедралари, санъатшунослик институтлари, музейлар ва шунингдек ўлкани ўрганиш тўгараклари ташкил этади. Археологик тадқиқотнинг иш услуби уч поғона бўлиб, археологик қидирув, синов ва қазиш ишларидан иборатдир. Уларнинг вазифаси ёдгорликнинг пайдо бўлган, яшаган, инқирозга учраган даврларини ҳамда бошқа хусусиятларини аниқлашдан иборатдир. Археологик қазишмалар археологик қидирув ва синов натижасида тўпланган маълумотларга таяниб, мазкур жойларда ёдгорликни батамом қазиб тугатишдан ва ёдгорлик ҳақида хулоса чиқаришдан иборат бўлади. Археологик ёдгорликларда тадқиқот ишларини олиб бориш жараёнида тадқиқот усуллари тўғрисида чуқур билимга эга бўлиши ва ундан фойдалана олиши кўникмасига эга бўлган бўлиши зарур. Археолог мавжуд ёдгорликларда қазиш ишларини амалга оширар экан, шубҳасиз маданий қатламга дуч келади. Маданий қатлам инсониятнинг турмуши тарзи, хўжалик ва ғоявий фаолиятлари излари сақланиб қолган харобаларда намаён бўлади Бу қатламлар йиллар, асрлар давомида аста-секин тўпланиб боради. Археологик ёдгорликларда бир ёки бир неча ўнлаб маданий қатлам мавжуд бўлиб, уларнинг қалинлиги бир неча сантиметрдан 30-35 метрларгача бўлиши мумкин. Бу эса ушбу манзилда кишиларнинг қанчалик яшаганлиги билан боғлиқ. Маданий қатлам мазкур ёдгорликларда шурф ташлаш ёки, кенг кўламда қазиш ишларини амалга ошириш натижасида аниқланади.
Шурф - немис тилидан «қазимоқ», деб таржима қилинади. Шурф ташлаш дейилганда мазкур ёдгорликда олиб бориладиган дастлабки қазиш ишлари тушунилиб, унинг натижасида маданий қатлам ёки қатламлар аниқланади ва ёдгорлик ҳақида дастлабки маълумотлар олинади. Шурфлар одатда квадрат ёки тўғри тўртбурчак шаклларда бўлади. Шурфларнинг кўлами тадқиқотчиларнинг режалари ва имкониятлари билан боғлиқ бўлса, унинг чуқурлиги маданий қатлам қалинлигигага қараб турли чуқурликда бўлиши мумкин. Кенг кўламдаги археологик қазиш ишлари натижасида ёдгорликнинг маданий қатлами тўлиқ очилиб, инсоният фаолиятининг излари бўлмаган ергача, яъни «материкга» қадар қазиш ишлари давом эттирилади. археологияда бу - «материк»,безовта қилинмаган ер деб аталади. Ўрта Осиё Қадимги Шарқнинг юксак маданият яратган ўчоқларидан бири бўлиб, бу ўлкада инсоният илк тош асридан бошлаб яшаган. Ўлканинг турли жойларидан топилган моддий манбалар фикримизни тўлиқ тасдиқлайди. Кейинги даврларда эса ибтидоий ва Қадимги одамлар ўлка бўйлаб анча кенг тарқалади. Кенг кўламдаги археологик тадқиқот ишлари натижасида тоғ ва тоғ олди, водий ҳатто Қорақум ва Қизилқум чўлларидан тош асри маконлари, манзилгоҳлар неолит ва бронза даври қишлоқлари, мозор қўрғонлар, илк темир ва феодал даври қишлоқлари, шаҳарлари, сув иншоотлари, мудофаа деворларининг қолдиқлари ва улардан ўрин олган турли хилдаги моддий манбалар ҳамда турли даврларга оид қоятош расмлар кўплаб топилган. Бу ўлка ҳудудидаги археологик ёдгорликлар хилма-хиллиги ва маданий қатламнинг бойлиги билан ажралиб туради.
Археологик манбалар қуйидаги икки турга бўлинади:
Табиий манбалар (палеозоология, палеоботаника) - инсон ва ҳайвон суяклари ва ўсимлик қолдиқлари геологик қатламлар бўлиб, уларни асосан антропологлар, зоологлар, ботаниклар ва геологлар ўрганадилар.
Инсон томонидан яратилган манбалар: меҳнат қуроллари, қурол-аслаҳалар, кулолчилик буюмлари, санъат ва зеб-зийнат буюмлари, қоятош расмлари, ёзма манбалар ва ҳ.к. Ёзма манбаларни ўрганиш билан асосан тарихчилар шуғуллансаларда, археологлар кишилик ўтмишини ўрганишда моддий манбалар билан биргаликда ёзма манбаларга ҳам таяниб иш кўрадилар.
Археология фанида «ёдгорлик» ва «манба» иборалари кенг қўлланилиб, улар бир маънони англатувчи синоним сўзлардир. Шунинг учун одамлар яшаган барча турдаги манзилгоҳлар археологик ёдгорликлар деб аталади.
Кишилик жамияти тарихини даврларга бўлмай туриб ўрганиш мумкин эмас. Даврлаштиришда тарихий жараён замон ва даврларга бўлиниб, улар муҳим воқеалар билан бир-биридан ажралади. Тарихни, хусусан ибтидоий жамият тарихини даврларга бўлиш жуда мураккаб бўлиб, ҳали бу илмий жиҳатдан ниҳоясига етгани йўқ.
Кишилик жамияти тарихини даврлаштиришга интилиш қадимги дунёдаёқ эр. авв. I асрда яшаган Рим файласуфи Лукреций Кар ўзининг «Нарсаларнинг табиати» номли поэмасида одамзод маданиятининг ривожланиш манзарасини, тош қуролларнинг мис қуроллар билан, ундан сўнг темир қуроллар билан алмаша борганини дастлаб тасвирлаб берган. Лекин бу фикр тезда унутиб юборилган.
Шотландия философи А.Фергюсон кишилик тарихини уч даврга: ёввойилик, варварлик ва цивилизацияга бўлиб ўрганишни тавсия қилган. Археологлар ибтидоий давр кишиларидан қолган моддий ва маданий буюмларни ўрганиш асосида кишиликнинг ибтидоий тарихини уч даврга: тош, бронза (жез) ва темир асрларига бўладилар.
Тош асри эса ўз ўрнида яна қадимги ва янги тош даврларига бўлинади. Қадимги тош асри қазилма одамларнинг яшаган даври ҳисобланади. У вақтда Ернинг иқлими, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳозиргидан фарқ қилар эди. Қадимги тош асри кишилари силлиқланган тош қуроллар ва сопол идишларни билмаганлар. Улар ёғочдан тайёрланган сўйил ва оддий тош қуроллардан фойдаланганлар.
Қадимги тош асри кишилари овчилик ва термачилик билан шуғулланганлар, балиқчилик эса энди шакллана бошлаган бўлиб, улар деҳқончилик ва чорвачиликдан мутлақо хабарсиз эдилар. Кишилик жамияти тарихининг жуда катта даврини ўз ичига қамраб олган тош даври икки босқичга: энг қадимги (қуйи, илк) ва кейинги (юқори) тош асрларига бўлинади.
Энг қадимги тош асри олдувай, (Ашелгача), қадимги ашель, кейинги ва ўрта ашель ҳамда мустье даврларига бўлинади. Унинг энг қуйи санаси 3,5-3 млн. юқориси эса 100-35 минг йилга келиб тақалади.
Сўнгги палеолит эса ориняк, солютрий ва мадлен даврларига бўлиниб 40-35 минг йилликлардан 15-12 минг йилликларгача бўлган тарихий даврни ўз ичига олади.
Сўнгги тош асридан сўнг эса ўрта тош-мезолит асри бошланиб, 12-15 минг йилликлар орасидаги даврни қамраб олади.
Мезолитдан сўнг тош асрининг сўнгги босқичи неолит-янги тош асри бошланиб Европанинг маркази, ғарби, шарқи ва жанубий ўлкаларида, Осиёда унинг санаси 5-3 минг йилликларга мансубдир.
Неолит давридан сўнг энеолит ва ундан сўнг бронза асри бошланади. Энеолит эр. авв. IV минг йилликка мансуб бўлса, бронза даври III минг йилликнинг охиридан эр. авв. I минг йиллик бошларигача давом этади.
Бронза асридан сўнг, Европа, Осиё ва бошқа жойларда темир асрига ўтиш бошланди. Ибтидоий жамият тарихини археологик жиҳатдан даврлаштириш мазкур даврнинг ишлаб чиқариш кучларини пухта ўрганиш учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Лекин бу масалани ойдинлаштириш учун етарли эмас.
Айни вақтда мазкур археологик даврлар Ер тарихининг геологик босқичлари билан замондош бўлиши ҳам мумкин.
Одамнинг пайдо бўлиши заминимиз тарихининг тўртламчи босқичига тўғри келади.
Геологик жиҳатдан тўртламчи давр тўрт: неоген, эоплейстоцен, плейстоцен ва голоцен босқичларига бўлинади.
Мазкур даврда Шимолий Европа, Осиё ва Шимолий Американинг кўп жойларини вақти-вақти билан Дунай, Гюнц, Миндель, Рисс ва Вюрм деб аталувчи музлик қоплаб турган. Лекин голоценга келиб мазкур жойлардаги музлар эриб у ерларнинг табиати ўзгариб кетди. Археологик нуқтаи назаридан неоген ва эоплейстоцен қадимги тош асрининг Олдувай (шеллгача) плейстоцен қадимги шелль, Ўрта ва сўнгги ашель, мушье ва сўнгги палеолит даврларига тўғри келади. Голоцен эса мезолит ва неолит асрларига мос тушади. Кишиликнинг ибтидоий босқичини тўғри даврлаштириш учун археология, геология, климатология ва бошқа фанлар қўлга киритган ютуқларни жорий қилиш ижобий натижалар бериши мумкин. Бу ҳол ибтидоий жамоа тузуми давридаги ишлаб чиқариш кучларини тўлароқ ўрганиш учун имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |