Эстетик идрокнинг хусусиятлари
Эстетик идрок ҳусусиятлари тўғрисида гапирар эканмиз, аввало, бадиий асарни эстетик идрок этишдаги билиш жараёнларининг ўзига хослигига эътиборни қаратмоғимиз лозим бўлади. Бу эса ўз навбатида бадиий асарни идрок этиш билан илмий асарни идрок этиш орасидаги фарқни белгилаб беради. Санъат асарини идрок этишнинг ўзига хослиги шундаки, санъаткор ўз ижодий фаолиятини амалга ошириш режасини олдиндан белгилаб олади, бадиий тўқималар ёрдамида «номоддий» нарсаларни «моддийлаштиради», яъни китобхонни кутилмаган ҳодисалар билан учраштиради. Шунга кўра, санъат асарларининг вазифаси моҳиятан инсоннинг эстетик эҳтиёжини қондиришга қаратилган бўлади. Ана шу жиҳат билан санъат асарини хиссий–ақлий идрок этиш, илмий–назарий асарни идрок қилишдан фарқ қилади. Зеро, илмий асарни тушуниш учун ўқувчи аввало, мазкур соҳага доир билимлардан хабардор бўлмоғи лозим. Йўқса, бу асар унинг учун қизиқарсиз ҳамда тушунарсиз бўлиб қолаверади. Бадиий асарнинг моҳиятини билиш ёки унинг мазмунини ўзлаштириш учун мазкур жараённи маҳсус ўрганишга эҳтиёж сезилмайди. Негаки, инсоннинг эстетик идроки табиатан ижодий жараёнга яқин бўлиб, бу холат инсон камолотининг барча поғоналарида иштирок қилади.
Шунингдек, ижодкор бадиий асарни яратар экан, аввало, идрок қилувчида асар қандай таассурот қолдириши, асар қай тариқа ўқувчида кайфият уйғота олиши ҳақида ўйлайди. Асарни идрок қилиш натижасида юзага келган қайғуриш, ачиниш, жунбушга келиш, завқланиш сингари ботиний ҳолатлар ўз навбатида шахсий «мен»нинг юзага келишига сабабчи бўлади. Қолаверса, эстетик идрок жараёнида идрок қилувчи (томошабин, ўқувчи, китобхон ва ҳоказо) воқеликда кечаётган жараёнлар ҳақида маълумотга эга бўлади. Буларнинг барчаси пировардида санъат асарини ҳиссий–ақлий идрок этиш учун замин яратади. Испан нафосатшуноси Хосе Ортега–и–Гассет «Санъатнинг ғайриинсонийлашиши» номли асарида санъатни яратиш жараёнлари, унинг инсон салоҳиятига туғёнли таъсири ва айни пайтда уни заифлаштирувчи ҳусусиятлари ҳақида етарлича хулосалар чиқарган эди. Жумладан, чинакам бадиий асарни хиссий–ақлий идрок қилиш орқали инсон юксак аъмоллар (идеаллар) сари интилиши, эзгулик ва ҳақиқатнинг ғалаба қилишига ишонч хиссини ҳамда қалбида жунбушга келган гўзал хиссиётларни намоён қилиш имконига эга бўлишини таъкидлаган эди.
Шуни таъкидлаш лозимки, ижодкор асарни икки кўринишда – мураккаб ёинки содда тарзда ифодалашга ҳаракат қилади. Айримлар асардаги мураккаб жараёнларни ўзининг ақлий–хиссий идрок этиш қобилияти билан тезда тушуниб етади. Шунинг учун бу тоифа китобхонлар кўпроқ фалсафий мазмундаги китобларни мутолаа қилишни ҳуш кўрадилар. Бошқалар эса содда, жўн тарзда ёзилган асарларни ўқишга мойилдирлар. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам, асар ўзида мафкуравий ғояларнинг муайян жиҳатларини мужассам этишини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай холатларни англаб олиш учун идрок қилувчининг айнан шу борада етарлича билимга эга бўлиши ҳамда ақлий–ҳиссий идроки камол топган бўлиши талаб этилади. Бугунги кун китобхонининг олдига қўйиладиган талаб ҳам айнан ана шулардан иборат. Зеро, экстеримистик руҳдаги китоблар, миллат равнақига раҳна солувчи кинофильмлар, ёвузликка бошловчи адабиётларнинг замиридаги мафкуравий ва ғоявий мақсадларни фақатгина ақлий–ҳиссий идрокнинг росмона тарбияси орқали фош этиш мумкин.
Умуман олганда, бадиий идрок ҳам, эстетик идрок ҳам моҳиятан кишиларнинг ҳиссиётларини тарбиялашда, ҳаёт қувончларидан баҳраманд бўлишида, жамият муносабатларида гўзал фаолият олиб боришларида муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |