Рус мумтоз эстетикаси (Соловьёв, Толстой)
Бу даврга келиб Россияда ҳам фалсафий тафаккур юксак даражага кўтарилди, рус санъати мислсиз тараққиётга этишди. Шу боис XIX аср охири ва XX аср бошларида рус тафаккурини том маънода мумтоз деб аташ мумкин.
Владимир Сергеевич Соловьёв (1853–1900). Рус мумтоз тафаккурининг етакчи вакилларидан бири, Нитцшенинг замондоши, шоир, илоҳиётчи, файласуф. В.Соловьёв гўзалликни ўзининг зиддидан, яъни хунукликдан (гўзал инсоний вужуд хунук эмбриондан вужудга келганидек), бир–бирига қарама–қарши икки ибтидо–модда ва нурнинг ўзаро бирикувидан туғилади деб ҳисоблайди. Қаердаки модда нурафшон бўлса, ўша ерда гўзаллик ҳодисасини учратиш мумкин. Модда ва нурнинг узвий омухталиги – ҳаёт, дейди Соловьёв. Шу боис қаерда ҳаётнинг ички тўлақонлигига эришилса ёки унинг ҳодисалари «жонли кучлар ўйини таассуротини» қолдирса, табиат ўша ерда ўзининг бор гўзаллига билан намоён бўлади. Нур ва ҳаёт–табиатдаги эстетик мазмунни баҳолашнинг икки асосий мезони.
Владимир Соловьёв санъат олдига уч ёқлама вазифа қўяди:
1. Табиатнинг «эстетик ёпинчисида» ифода топмайдиган жонли ғояни, унинг ички мазмунини моддийлаштириш;
2. Табиатнинг эстетик борлиғини руҳийлаштириш;
3. Унинг муайян ҳодисаларини мангуликка даҳлдор ҳодисаларга айлантириш. Мана шу вазифани бажариб бориш жараёнида санъат илҳомли кароматга айланади, воқеликнинг ўзида эса моддийликни маънавийлаштириш жараёнлари кучаяди. Инсон санъати комил гўзалликдан бевосита ва билвосита огоҳ этишдир. Бевосита огоҳ этиш мусиқа ва лирик шеъриятда ифодаланади. Билвосита огоҳ этишнинг шакли икки томонлама бўлади: а) табиий гўзалликни кучайтириш, идеаллаштириш (меъморлик, рангтасвирли манзаралар); б) идеал ва воқеликнинг мос келмаслигини ифодалаш (қаҳрамонлик эпоси, фожиа, кулгу (комедия). Хуллас, Владимир Соловьёвнинг санъат фалсафаси дунёни эстетик тарзда рўёбга чиқариш, воқеликни бадиий жиҳатдан қайта бунёд этиш ғоясига асосланади.
Лев Николаевич Толстой (1828–1910). Л.Толстой санъатнинг моҳиятини аниқ–равшан ифодалашга йўл очиш учун «ҳамма нарсани чалкаштириб юборадиган гўзаллик тушунчасини» бир четга суриб қўйишни таклиф этади. Унинг фикрига кўра, санъатнинг нима эканини аниқлаб олиш учун, аввало унга лаззат воситаси эмас, балки инсон ҳаётининг шартларидан бири сифатида қараш лозим. «Санъат, — дейди Толстой, шундай инсоний фазилатки, унда бир киши онгли равишда маълум ташқи белгилар билан ўзи бошидан кечирган ҳисларни етказади, бошқа одамлар эса ўша хисларниўзига юқтириб, уларни қайта кўнгилдан ўтказади».
Толстой янгиликни ҳақиқий санъат асарининг асосий белгиси деб атайди. Асл санъаткор доимо одамларга номаълум ниманидир янги нарсани етказишга ҳаракат қилади. Мазмунни ёрқин ифодалаш учун санъаткор янги шакллар излайди. Толстой деккадансни «Бемаъниликнинг сўнгги босқичи» деб атайди. Ницшени декаданснинг назарий йўлбошчиси сифатида танқид қилади. «Уларнинг шеърияти, уларнинг санъати, — деб ёзади Толстой декадентлар ҳақида, — худди ўзларидек тентаклардан ташкил топган кичкинагина тўгарак аъзоларигагина ёқади. Ҳақиқий санъат эса энг кенг соҳаларни қамраб олади. Инсон қалбининг моҳиятини ўзига ром этади. Юксак ва асл санъат доимо шундай бўлиб келган».
Умуман, Толстойнинг санъатга муносабати, санъаткорни халқчилликка, бағрикенгликка чақириши диққатга сазовор; унинг рисола ва мақолаларида фақат Толстойгагина хос бўлган нуқтаи назарни кўриш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |