Ёшларнинг иқтисодий билим даражасини оширишнинг аҳамияти
М.Ғ.Абдуллаев. Андижон муҳандислик иқтисодиёт институти.
Кишилик жамияти ривожланишининг ҳамма босқичларида кадрлар ва улардан фойдаланиш даражаси пировард натижада асосий аҳамиятга эга. Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов бу ҳақда сўз юритар экан: “Бизнинг келажагимиз, мамлакатимиз келажаги ўрнимизга ким келишига, айнан қандай кадрлар келишига боғлиқдир” – деб айтган эди. Бу ерда гап албатта, кадрларнинг касб–малака тайёргарлиги даражаси, ишлаб чиқариш, маданий–техникавий даражаси савияси, иқтисодий билимларни ўзлаштириш даражаси, жаҳон меҳнат бозоридаги рақобатбардошлилиги тўғрисида бормоқда. Шу билан бирга шуни таъкидлаш лозимки, миллий иқтисодиёт тармоқларида банд бўлган ҳамма ходимларнинг сифат даражаси бозор иқтисодиёти талабларига тўла жавоб беради деб айта олмаймиз. Шу сабабли ҳам уларнинг техникавий, иқтисодий ва ҳуқуқий билим даражаларини доимий равишда ошириб бориш, бу ишларни давлат аҳамияти даражасига кўтариш зарур. Ёшларни, ходимларни ҳозирги замон талаблари даражасида ўқитмасак, тайёрламасак, биз оладиган натижа ҳам худди шунга мос бўлади. Бу ҳақда Президентимиз И.А.Каримов шундай деган эди: “Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти – унга ҳамқадам бўлиб яшаш ва ишлаш керак. Бунинг учун эса аввало интеллект, ақл – заковат керак”1.
Бозор иқтисодиёти ва илмий – техника тараққиёти жадал суръатлар билан ривожланиб, дунёнинг глобаллашув жараёнлари тезлашиб бораётган бир пайтда илмли, замон талабларига мос келадиган билимларни эгаллашга интиладиган, бозорнинг тез ўзгарувчан шароитларига тез мослаша оладиган кадрларни кўпайтириш, уларнинг сифат кўрсаткичларини доимий ошириб бориш керак. Кадрларнинг сифат кўрсаткичлари тўғрисида кўплаб баҳслар бўлган. Корхона кадрларининг сифат кўрсаткичлари унинг ходимларининг корхона мақсадларини бажара олишлари ва улар томонидан ишларни амалга ошира олишлари учун етарли профессионал ва малакавий лаёқатлилик даражаси орқали аниқланади. Корхона кадрларининг сифат кўрсаткичларини ва меҳнат сифатини аниқлаш анча қийин ҳисобланади. Ҳозирги даврда меҳнат сифати ва иш кучининг сифати тўғрисида ягона қарашлар мавжуд эмас. Ушбу муаммолар бўйича иқтисодий адабиётлардаги 1940 – 1960 ва 1970 йиллардаги узоқ давом этган баҳс–мунозараларда фақатгина меҳнат сифатини аниқловчи бир қанча характеристикаларнинг асосий кўлами аниқланди: иқтисодий (меҳнатнинг мураккаблиги, ишчининг малакаси, тармоққа мансублиги, меҳнат шароитлари, меҳнат стажи), шахсий (интизомлилик, кўникмаларнинг мавжудлиги, виждонлилик, тезкорлик, ижодий фаоллик), ташкилий–техник (меҳнатнинг жозибадорлиги, меҳнатнинг техник жиҳозланганлиги, ишлаб чиқаришнинг технологик ташкил қилинганлик даражаси, меҳнатни оқилона ташкил қилинганлиги), ижтимоий–маданий (жамоатчилик, умуммаданий ва аҳлоқий ривожланганлик даражаси). Бизнинг фикримизча, булар орасида энг биринчи ўринга виждонлилик ва маъсулиятлилик кўрсаткичларини қўйиш мақсадга мувофиқдир. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлган кадрлар сифатини пастлигининг муҳим сабабларидан бири – бу умумтаълим мактабларида ўқитиш жараёнининг сустлиги ва уларда ўқувчиларни касбга йўналтириш ишларининг яхши йўлга қўйилмаганлигидир. Ҳозирги даврда умумий таълим мактабларида ўқувчиларнинг давомати паст. Бу ҳолатни назорат қилувчи бўғиннинг ўзи назоратга муҳтож. Бу эса ўз навбатида занжирли реакция каби умумий ўрта мактаб таълимидан кейинги босқичлар–коллежларда ва олий ўқув юртларида давомат бўйича маълум бир муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли ўқувчиларни интизомга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. 1997 йилда қабул қилинган “Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури” дунё экспертлари томонидан юқори баҳоланмоқда. Ушбу узлуксиз таълим тизимининг дастлабки босқичлари мактабгача таълим муассасалари, бошланғич ва умумий ўрта таълимдир. Бутун бир тизимнинг самарали ишлаши эса тизимни ташкил этувчи таркибий қисмларининг қандай ишлашига, ўз функциясини қандай бажаришига боғлиқ. Акс ҳолда кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Ҳамонки, мактаб таълими узлуксиз таълимнинг муҳим бир бўғини экан, уни ҳар томонлама ривожлантириш, унда таълим олаётган ўқувчиларнинг иқтисодий билим даражасини узлуксиз ошириб бориш мақсадга мувофиқдир. Биз ёшларни иқтисодий тарбиялаш ва унинг самарадорлигига эришиш учун қуйидагиларни таклиф қиламиз:
1. Иқтисодий тарбияни энг биринчи оиладан бошлаш керак. Бунда ота–оналарнинг, оила бошлиқларининг ролини ошириш, улар орасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш зарур;
2. Мактаб ёшигача бўлган болалар муассасаларида иқтисодий таълим – тарбия ишарини йўлга қўйиш;
3. Мактаб ўқувчилари орасида доимий равишда “Ким бўлсам экан?” деган мавзуда кечалар ташкил этиш, уларнинг таъсирчанлигини ошириш учун ишлаб чиқариш илғорлари, етакчи корхона раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашувлар уюштириш, касбга йўналтириш ишларини мунтазам равишда ташкил қилиш;
4. Мактабни тамомлаб чиқаётган ўқувчиларни махсус касбнома (профессиограмма) тестларидан ўтказиб, уларнинг қизиқишлари бўйича муайян касбга йўналтириш;
5. Таълим ва тарбиянинг ҳамма йўналишлари бўйича ишларни “Оила – мактаб», “Мактаб – коллеж”(“Мактаб – лицей»), “коллеж – ишлаб чиқариш корхонаси ” тизими бўйича ташкил қилиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |