АСРАШ – ДАВР ТАЛАБИДИР
Ахборот маконининг глобаллашуви шароитида хавфсизликнинг техник‑технологик таркибий қисмлари билан бир қаторда ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммоси тобора ижтимоий‑сиёсий мазмун касб этиб бормоқда. Одамлар, яъни, «инсон омили» ахборот хавфсизлигининг ҳал қилувчи омили бўлиб қолмоқда. Бу вазиятни таърифлар экан, биринчи Президентимиз Ислом Каримов шундай таъкидлаган эди: «Ўзбек матбуоти бугунги кунда жаҳон ахборот майдонида ўзини топишга интилаётгани, журналистларимиз чет эллик ҳамкасблари билан мулоқот ва баҳсларда ҳеч кимдан кам бўлмасдан ўзининг профессионал малакасини намоён этаётгани барчамизга мамнуният етказади». Шунинг билан бирга ахборот таҳдидларини таҳлил қилишгина эмас, балки шаклланиб борувчи ахборот жамияти талабларини ҳисобга олиш ҳам истиқболли ва долзарб ҳисобланади.
Глобаллашув шароитида хавфсизлик сифат жиҳатидан ўзгаради. Кураш фронти ҳамма жойдан ўтиши муносабати билан энди фақат мудофаанинг ўзи етарли эмас. Ахборот ҳар қандай ҳимоя тўсиқларидан осонгина ўтиб, омма онгига сингиб кетади. Шундай экан, «ахборот хавфсизлиги» - жамият ахборот маконини ҳимоя қиладиган, инсонга, фуқарога, давлатга хизмат қиладиган тушунча. Буни тўғри ва тўла англаш учун «ахборот», «ахборот майдони» нима эканлигини билиш лозим. Ахборот бирор нарса тўғрисида олинган маълумотлар. Маълумот эса тўлиқ ёки қисқа, холисона ёки нохолис, ижобий ёки салбий, қизиқарли ёки зерикарли, долзарб ёки оддий, фойдали ёки фойдасиз, самимий ёки ғаразли ва ҳоказо мазмунларда бўлиши мумкин. Ҳақиқий ахборотни сохта ахборотдан ажрата билиш эса чуқур билим ва иқтидорни талаб этади.
Инсоният бошидан кечирган ахборот инқилобларининг энг сўнггиси сифатида эътироф этилаётган интернет ва глобал телекоммуникациялар тизими шиддат билан ривожланмоқда. Компьютер технологиялари воситасида коинотга сунъий йўлдошлар чиқарилмоқда, ўзга сайёраларни тадқиқ этувчи космик аппаратлар бошқарилмоқда, ядро синтезлари, электр қуввати тақсимоти ва мураккаб тажрибалар амалга оширилмоқда.
Ахборот-компьютер технологияларининг нафақат илмий-техника тараққиётига, балки дунёдаги сиёсий жараёнлар, инсонларнинг турмуш тарзи ва дунёқарашига ҳам ижобий таъсири кун сайин ортиб бораяпти. Ер юзидаги глобал ахборотлаштириш жараёни жаҳон халқларини ахборот жамияти сари етакламоқда. Бу интилиш йўлида янгидан-янги ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар пайдо бўлиши табиий.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги пайтларда Ўзбекистон миллий хавфсизлигига хуруж қилувчи таҳдидлар ичида ахборот таҳдидларининг хавфи жамиятнинг сиёсий-маънавий, иқтисодий асосларига нисбатан янада ортиб бормоқда. Бу таҳдидлар, бир томондан, баъзи давлатлар ва сиёсий кучларнинг сиёсий манфаатлари асосида, иккинчи томондан, мамлакатимиз халқаро ҳамжамиятнинг мустақил, демократик субъекти сифатида ўз чегараларини дунё учун кенг очиши давримизнинг ўзига хос кўринишларидан бўлган глобаллашув жараёнининг айрим салбий таъсирлари остида кучайиб боряпти.
Ўзбекистоннинг ахборот хавфсизлиги ўз миқёсига кўра ички ва ташқи бўлиши мумкин. Ички хавфсизлик шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига бўлинади, бу анъанавий бўлиниш бўлиб, унга минтақавий, институционал ва гуруҳий хавфсизликни қўшиш мумкин. Ахборот хавфсизлиги соҳалари анчагина: сиёсий, иқтисодий, маданий, экологик, ҳуқуқий, техникавий, ижтимоий ва бошқа соҳалар. Ўз навбатида бу соҳалар ҳам мустақил жабҳаларга бўлинади.
Ўзбекистоннинг ташқи ахборот хавфсизлиги жаҳон, қитъавий ва минтақавий хавфсизликдан ташкил топган. Бунга хорижий мамлакатлар сиёсий, иқтисодий, ахборий ва бошқа тузилмаларининг бизнинг мамлакатимизга кўрсатадиган таъсирини киритиш мумкин. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг ташқи алоқалар соҳасидаги ахборот сиёсати икки асосий қисмдан: биринчидан, ўз ташқи сиёсатининг ахборот таъминотидан; иккинчидан, ахборот хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликдан иборат бўлмоғи лозим.
Ўз навбатида, ахборот хуружлари – бу шахсга, муайян ташкилот ва давлатга йўналтирилган таъсир бўлиб, унинг асл мақсади ўша шахс, ташкилот ва давлатнинг нормал ҳаёт тарзининг бузилишини назарда тутган сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг ғаразли ниятларидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам улар моҳиятан ижтимоий-психологик ҳодисалардир.
Ҳарбий экспертларнинг берган маълумотларига кўра, XXI асрда ана шундай ахборот хуружлари билан шуғулланиш орқали мамлакатлар хавфсизлигига таҳдид солиш, ноқонуний ишлар билан шуғулланиш, катта пул миқдорларининг бир мамлакатдан иккинчисига ўтиб кетавериши ўзига хос ахборот-психологик урушнинг яқинлашиб келаётганлигидан, унинг қуроли айнан ахборот ва психологик таъсир эканлигини таъкидламоқдалар.
Турли хорижий ОАВ орқали тарқатилаётган турфа хил асосли-асоссиз ахборотларда одамлар онгига салбий таъсир кўрсатадиган маълумотлар тарқатилмоқдаки, уларнинг таъсирида айрим одамлар ва яхлит ижтимоий гуруҳларда бир-бирига нисбатан баъзан агрессив хатти-ҳаракатларни келтириб чиқарувчи ҳолатлар юзага келмоқда. Бунга биз чет эл ОАВларининг 2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган воқеаларни шарҳлашларида гувоҳ бўлганмиз. Ўшанда айрим хорижлик журналистлар воқеаларнинг асл моҳиятини хаспўшлаш, нотўғри талқин қилиш орқали жамиятимиздаги барқарорликка таҳдид солмоқчи бўлган эдилар.
Ўзбекистон ОАВ орқали воқеаларнинг холис, очиқ баён этилиши эса, бундай шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаган муҳим манба ролини ўйнаган эди. Шу сабабли ҳам ахборот хавфсизлиги тўғрисида гап кетганда, нафақат у ёки бу мазмунли ахборотлар, маълумотларни ишончли тарзда сақлаш, балки аниқ, холис маълумотни ишончли манбалар орқали қабул қилиш ва етказиш масалалари ҳам назарда тутилади.
Охирги йилларда компьютер воситалари орқали амалга оширилаётган ахборот хуружлари ҳақида кўп гапирилмоқда ва ёзилмоқда. Бундай хуружнинг ўзига хослиги шундаки, компьютер тармоқлари орқали етказилаётган маълумотларнинг аниқ манзилини билиш анча мушкул бўлади. Яъни, хуружга қарши туришда унинг кимдан ва қаердан келаётганлигини билиш муҳим, айнан шу жиҳат “компьютер терроризми” деб аталмиш хавфни бартараф этишда қийинчиликлар туғдиради. Чунки бу восита орқали тарқатиладиган ахборот бир зумда нафақат бир давлат доирасида, балки бир қанча мамлакатларга тезкор ахборотдай тарқалиб кетиши мумкин. Шундай қилиб, компьютер жинояти содир этилганда унинг объекти бевосита компьютер, компьютер орқали узатиладиган маълумот ва тармоқ ҳисобланади.
Ахборот асрида жамиятнинг инсонга муносабатининг ўзи ўзгаради, инсон фалсафаси ўзгаради. Илгари инсонга ахборотни излаш бобидаги фаолликнинг ўзиёқ етарли эди, уни газеталар ва радиоэфирдан, телевидение ва кино экранидан ўзлаштириб оларди. Ахборотга давлат ва жамият томонидан монополия ўрнатилиб, маълумотларнинг соҳиблари аудиторияга нимани бериш мумкин‑у, нимани бермаслик кераклигини ҳал қилардилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |