ҲАРБИЙ ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИГА ПЕДАГОГИК ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ХУСУСИДА
Бугунги кунда ўз эътиқодига суянган, танлаган йўлидан қайтмайдиган, ватан шаънини ҳар нарсадан устун деб биладиган ёшларнинг бўлиши давр талабидир. Чунки, мустаҳкам эътиқодга ва мустақил фикрга эга бўлган ёшларгина юртимиз фаровонлигини юксакларга кўтара олади. Республикамизда олиб борилаётган сиёсатнинг ва Президентимиз даъватларининг моҳиятини ҳам маънавияти теран, бошқалар фикрига эргашмайдиган, иймон-эътиқоди соф авлодни етиштириш масаласи ташкил этади. Зеро, эътиқодсизлик, турли ёт оқим ва мафкураларга эргашиш ҳолати жамиятни инқироз сари етаклайди. Шу боис, Президентимиз деярли барча асарларида ёшлар тарбиясига жиддий ёндошиш ва уларни ёт ғоялардан муҳофаза қилиш лозимлигини таъкидлайдилар: “Такрор айтишга тўғри келади – ота-оналар, устоз мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслигимиз зарур”1
Ватанпарварлик туйғуси инсоннинг дунёга келган кунидан бошлаб она алласи орқали сингдирилади. Бола нутқи шакллана бошлаган даврдан бошлаб “менинг онам”, “менинг отам”, “менинг ўйим”, “менинг боғчам” каби сўзларни айта бошлайди. Бу боланинг қалбида “менинг Ватаним” тушунчасини шаклланишининг датлабки босқичидир.
Демак, бугунги кунда ёш авлод онгида ватанпарварликни шакллантиришнинг илмий асосларини яратиш педагогика фанининг долзарб муаммоларидандир. Шунга кўра, олий таълим муассасалари талабаларида ҳарбий ватанпарварликни шакллантиришда “Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги» фани дарсларида ўрганиладиган мавзулар мазмунини ранг-баранг бўлиши, айрим ўринларда ўзига хос мураккаблик касб этади.
Янги педагогик технологиялар эса талабаларнинг ёш ва психологик хусусиятлари, шунингдек, ҳаётий тажрибаларига таянган ҳолда ўқув дастурида ўз ифодасини топган мавзуларнинг маълум андоза(кичик модел)ларда акс эттирилиши, кичик гуруҳлар асосида умумий матнларнинг муайян қисмларини пухта ўзлаштирилишига ёрдам беради. Ноанъанавий шаклда ташкил этилаётган дарслар талабаларни жамоа ҳамда гуруҳ иштирокида фаолият юритиш кўникмаларини шакллантириш билан бирга ўзгалар фикрини тинглаш, ўзининг мустақил қарашларини илгари суриш, уларни далиллаш, мавзу юзасидан билдирилаётган фикрларни умумлаштириш, улар орасидан энг муҳимларини танлаб олиш, шунингдек, якуний хулосага келиш имконияти яратиладики, натижада талабаларда ўқув материалларини ўзлаштиришга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж юзага келади ҳамда ривожланиб боради.
Ҳарбий таълим самарадорлигини оширишнинг муҳим омили сифатида эътироф этилаётган педагогик технологияларни ўқув жараёнига самарали татбиқ этилиш даражасини таҳлил этишда объективликка эришиш мақсадида «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги» фанининг мазмун-моҳиятининг талабалар томонидан ўзлаштирилиш ҳолати қабул қилинди.
Олий ўқув юрти фаолиятини ёритувчи ҳужжатлар билан танишиш, тажриба-синов ишлари жараёнида «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги» фани ўқитувчилари ҳамда талабалар фаолиятини ўрганиш, респондентларнинг ўқитиш ва билиш фаолияти моҳиятини тест ва анкета сўровлари ёрдамида таҳлил қилиш, шунингдек, тажриба-синов ишларининг умумий натижаларига таянган ҳолда шуни қайд этиш жоизки, анъанавий шаклда ташкил этилаётган дарслар ҳарбий таълим мазмунини талабалар томонидан бирдек самарали ўзлаштирилишини таъминлай олмайди, аксинча, ушбу жараённинг янги педагогик ва ахборот технологиялари асосида амалга ошириш ижобий натижаларни бера олади.
Тадқиқотни олиб бориш жараёнида аксарият олий ўқув юртларида «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги» дарсларида қуйидаги ҳолатларнинг устуворлиги кўзга ташланиши маълум бўлди:
«Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги» фани ўқитувчиларининг янги педагогик технологиялар моҳиятидан етарли даражада хабардор эмасликлари;
уларда «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги» фани дарсларини ташкил этишга нисбатан янгича технологик ёндашувнинг қарор топмаганлиги;
таълим жараёнида ахборот воситалари хизматидан фойдаланишга сезиларли даражада эътибор қаратилмаётганлиги;
талабаларнинг мустақил фаолият юритишлари, алоҳида фаоллик кўрсатишларига имкон берилмаётганлиги;
дарсларнинг стандарт кўринишга (анъанавий шакл, метод ва воситалар ёрдамида ташкил этиш) эга бўлаётганлиги;
таълим жараёнида ўқитувчиларнинг авторитар бошқарув услуби асосида фаолият юритишлари ва бошқалар.
Юқорида айтиб ўтилган ҳолатларга барҳам беришда энг мақбул йўл - бу «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги» дарсларининг янги педагогик технологиялар асосида ташкил этилиши бўлиб, ушбу жараён моҳиятини методик жиҳатдан асослаш тадқиқот муаммосининг долзарблигини ифода этади ҳамда бош ғоясини белгилайди.
Юқорида қайд этилган муаммоларни муваффақиятли амалга ошириш учун талабаларни отиш тайёргарлиги бўлимининг амалий машғулотлар усулини такомиллаштириш, бунинг учун эса ҳарбий-педагог янгича ўқитиш методлар мазмун ва моҳиятини билиши ва амалда қўллай олиши ҳамда уларнинг фаолиятига услубий ва техникавий жиҳатдан ёрдам кўрсатишга қодир бўлмоғи зарур. Фаннинг фундаментал асосларини эгаллаган, педагогика ва ҳарбий билим сирлари билан чуқур қуролланган, касбий тайёргарлиги юқори даражада бўлган, ҳамда илғор педагогик технологиялар ва замонавий ахборот технологияларини ўрганиш билан бирга, замонавий ҳарбий техникани яхши ўзлаштириб олган юқори малакали ижодкор ва шижоатли ҳарбий педагогларни шакллантириш талаб этилади. Дарҳақиқат, янгиланган таълим тизимини жорий этишда ҳар бир ҳарбий-педагог ўзининг фанига оид ҳарбий таълим-тарбиясига қонунларни ва ахборотларни мунтазам ўргана бориб, уларни ўз меҳнат фаолиятида изчил қўллай билиш маҳорати оқибатидагина ҳарбий таълим-тарбия жараёнини замон талаблари даражасида ташкил эта олиши мумкинлиги сир эмас.
Чақириққача ҳарбий таълим тизими талабаларида ҳарбий ватанпарварликни шакллантириш ва уни ривожлантириш мазкур жараёнга нисбатан тизимли, комплекс ёндашувни тақозо этади. Бўлажак ҳарбий-педагогнинг чуқур билимли ва самарали фаолият юрита олиш маҳоратига эга бўлиши маълум фан асослари борасида унда етарли назарий ва амалий билимларнинг, ҳарбий таълим жараёнида замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш малакасини нечоғлик шаклланганига боғлиқдир. Шу сабабли, «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрларлиги» фанининг «Отиш тайёргарлиги» бўлими жараёнида замонавий ахборот технологияларини ўзлаштириш ва ундан унумли фойдаланишнинг методик ҳамда амалий асосларини яратиш тадқиқотимизнинг асосини белгилайди. «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрларлиги» фанининг Отиш тайёргарлиги бўлими, жараёнига замонавий ахборот технологияларининг электрон ўқув қўлланмаларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, мақсадга эришишнинг энг самарали йўлларидан саналади.
Ҳозирги вақтда ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳамда кенг кўламда қўллаш жаҳон тараққиётининг глобал тенденцияси ҳисобланади. Таълим ва ахборот технологиялари кун сайин ривожланиб, мамлакатда ахборотлаштириш жараёни тез суръатлар билан ривожлантириш даврида таълим соҳасида ахборот ресурсларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо ахборот ва коммуникация технологияларининг жадал суръатлар билан ривожланишига қарамай, «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрларлиги» фани жараёнига замонавий ахборот технологияларининг электрон ўқув қўлланмаларни жорий этиш, ўқитишнинг инновацион янги методлари, шакллари ва воситалари бўйича педагогик тадқиқотларни ҳозирча етарли деб бўлмайди.
Фойдаланилган адабиётлар:
И.А.Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент. “Маънавият”. 2016-йил
Ж. Ғ. Йўлдошев. «Таълимимиз истиқлол йўлида». Тошкент, «Шарқ», 1994 йил .
Do'stlaringiz bilan baham: |