ЭРОН – ТУРОН ЧЕГАРАСИ ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛГАН?
Эрамизнинг 552-йилида Олтой тоғлари ёнбағрида улкан ўзгариш юз берди. Туркий халқлар исён кўтариб, янги давлат барпо этишди. Бу – кейинчалик Буюк турк хоқонлиги номини олган салтанат эди. Буюк турк хоқонлигигача Тибетдан Олтойгача, Помирдан Ордосгача, Ҳиндикушдан Орол денгизигача бўлган ҳудудларда қуйидаги давлатлар ҳукм сурарди. Ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, кейинроқ Қашқарда– ЭФТАЛЛАР; Қозоғистон, Қирғизистон, Олтой ёнбағирларидан Буюк Хитой деворигача ЖЎЖАНЛАР; Хитой ҳудудида ДУНВЭЙ (Шарқий Вэй) ва СИВЭЙ (Ғарбий Вэй).
Тўрт салтанат ичидан жиноятчилик ва зўравонликка асослангани, шубҳасиз Жўжанлар эди. Бу давлат аслида қандай аталгани номаълум. “Жўжан” эса уларга хитойликлар берган ҳақоратомуз номдир.
Туруклар Жўжанларга вассал ҳисобланар, уруш пайтлари жангчи ва қуроллар етказиб беришга мажбур эдилар. Чунки улар савашда тенгсиз, қуролсозликда беқиёс ҳисобланишарди.
552- йилда туруклар Ашина уруғидан бўлган оға ини – Тўмин ва Истами бошчилигида жўжанларни енгиб, мустақилликка эришади. Кўп ўтмай, Тўмин хотини – Хитой маликаси томонидан заҳарлаб ўлдирилади. Тахтга ўғли Қара Иссиғ чиқади. Одат бўйича Хитой маликаси бева қолмаслиги, маликалик аъмолини йўқотмаслиги керак эди. Шулар ҳисобга олиниб, у янги ҳукмдорга узатилади. Кўп ўтмай, Қара Иссиғ ҳам тўсатдан вафот этгач, бу ўлимларда унинг қўли борлиги сезилиб қолсада, исботланмаган жиноят бўлганидан ҳеч ким лом-мим дея олмайди. Тахтга Тўминнинг кейинги ўғли Қўшу Муғон ўтиради. У ҳам отаси, ҳам оғасининг тўшагини иситган маликага уйланишдан бош тортади. Натижада Хитой ва Турук ўртасига адоват тушади. Аммо қўрқувга ҳожат йўқ, чунки турук энди оёққа туриб олган, ҳатто Хитойнинг ўзига ҳам ҳужум қилишга тайёр эди.
Хитой азалдан кўчманчиларга қарши жуда маккорона кураш олиб борар, ўз қизларини кўчманчи бекларга узатиб, уларга хонлик аъмолини берар, шу йўл билан чўл ҳукмдорлари тизгинини қўлида ушлашга уринарди. Қолаверса, хитойга босқин қилмасликлари учун кўчманчиларга маълум миқдорда солиқ тўлашар, солиқларни юз минг парчагача ипак матоси ташкил этарди.
Турк хоқонлиги ўрнатилгач ҳам Хитой уларга контрубиция тўлаб турди. Қўшу Муғон салтанат ишларини эплаб кетгач, Истами юз минглик қўшини билан ғарбга – Туронга юради. Икки йил ичида Или водийсини эгаллаб Сирдарё соҳилига чиқади. Бу ерда ҳазарлар (Жўжаннинг қочишга улгурган аҳолиси) билан жангга киришади. Ҳазарлар Каспий атрофидаги Утургур ва Кутургур қабилалари ерларига чекинишади ва кейин ўша ерларда Ҳазар хоқонлигини ташкил этишади.
Истами Ўрта Осиёда ҳукм сурган эфталларга қарши юриш бошлайди. Бу пайтгача турукларнинг довруғи Византия, ва Эронгача етган, ҳар икки давлат ҳам бир неча фурсат ўзаро урушларини тўхтатиб, шарқдан босаётган янги хавф қошида тин олишарди. Туруклар кўпроқ Эрон шоҳи Хусрав Ануширвонни хавотирга солар, негаки, туркий авлодлар азалдан Туронга ҳукмронлик қилиб келган, айнан шу халқ туфайли форслар минг йиллардан бери курашиб, Ўрта Осиёни эгаллай олмасди. Энди турукнинг қудратли кучга эврилганини эшитгач, зудлик билан муроса йўлини топиш лозим эди. Пировардида Ануширвон Истамининг қизига совчи жўнатади. Истами гулдек қизини олтмишдан ошган чолга узатади. Бунинг етарли сабаблари бор эди.
Турукларда азалдан куёв – ўғил, қайнота – ота ҳисобланган. Шу анъанани назардан қочирмаган Истами, қизини узатиш орқали Эронни ўз таъсир доирасида тутишни мақсад қилган бўлса, ажабмас. Ўртадаги қуда-андачилик давомида улар эфталларга зарба беришга келишиб олишади. Аммо, эфтал шоҳи Гатфар турукларга пешвоз чиқиш учун Амударёни кечиб, Чак-чак дарасидан ўтиб, ҳозирги Деҳқонобод ҳудудига ўрнашади. Эфталлар ортидан қувган форсларнинг Турон ҳудудига кириши Истамига зинҳор-базинҳор керак эмасди. Шу боис у зудлик билан Қизилқум чўллари, Бухоро ва Қарши орқали етиб келиб, эфталга қарши жанг бошлайди.
Ўша пайтларда Ўрта Осиё аҳолисини асосан эфталлар, суғудлар, маҳаллий турук уруғлари ташкил этарди. Азалдан ёнма-ён яшаган суғуд ва турук сира иккиланмай, Олтой турукларига ён босишади. Уларга на тили, на турмуши, на урф-одатлари билан яқин бўлмаган, мутлақо бегона эфталлар тақдир билан юзма-юз қолишади.
568- йилда инсоният тарихидаги энг қонли муҳорабалардан бири ҳозирги Деҳқонобод жанубида кечади. Бу – ҳар қандай сулҳдан холи уруш эди. “Ё ҳаёт – ё мамот!” дея жангга кирган рақиблар саккиз кун давомида фақат сўйиш, чопиш, ўлдириш билан шуғулланишади. Ниҳоят, эфталлар батамом қириб ташланиб, туруклар уларга бўйсунган барча ҳудудларни эгаллашади. Аммо, кутилмаганда бошқа муаммо пайдо бўлади. Хусрав Ануширвон Амударёнинг чап томонидаги аввал эфталларга тегишли ҳудудларни ўғли Хурмуз(Истамининг невараси)га сўрайди. Истами ночор илтимосни қабул қилади. Фақат иккита шарт қўяди. Биринчиси, энди Эрон ва Турон ўртасидаги курашлар бутунлай барҳам топиши керак. Иккинчиси, Эрон шу пайтгача эфталга тўлаб келган солиқларни турукларга тўласин!..
Хусрав Ануширвон бекорга донолиги билан ном чиқармаганди, дарҳол рози бўлади. Зеро, яна беш-ўн йилдан кейин бу оғзаки шартномани ҳеч ким эслаб ўтирмайди. У адашмаганди...
Ануширвон ва Истамининг вафотигача шартнома ўз кучида қолади. Форс тахтига Хусрав Ануширвон ўрнига ўғли Хурмуз (Истамининг невараси) ўтиргандан кейин урушлар яна авж олади. Бир неча асрлар ўтиб, бу воқеаларни илк бор қаламга олган Фирдавсий “Шоҳнома”да чегарани Амударёдан тортади. Шу-шу дарёнинг чап қирғоғи Эрон ҳудудига айланади.
Шавкат НИЗОМ,
03. 06. 2020.
Do'stlaringiz bilan baham: |