Ойдин Ҳожиева шеърларида Истиқлол мадҳи.
Илмий раҳбар:ф.ф.н Ш.Каромова
Талаба: Қарши давлат университети
Филология факултети 3-босқич
талабаси Норбоева Зарина
ХХ асрнинг 60-йиллари ўртаси ва 70-йилларнинг бошларида шеъриятимизда янги тўлқин, янги авлод кириб келди. Булар Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Усмон Азим, Х.Худойбердиева, О.Ҳожиева сингари истеъдодлар эди. Бу даврда ижод соҳасида янгиланишлар бошланди. Айниқса, шеърият бобида жўшқинлик, шоирларнинг тимсолли, мажозий образлар яратиш маҳорати, фалсафий- публицистик лирикага шакл ва мазмун, фикр ва туйғу уйғунлиги масалалари яққол кўзга ташланади. Ушбу авлод изланишлари, хусусан, О.Ҳожиева ижоди ўзининг – эстетик аҳамияти билан, оламни ва одамни бадиий-фалсафий тушуниши ҳамда тушунтириши билан ажралиб туради. Шоира шеърлари ўзи бир олам, ижодининг бадиий ҳарорати, таровати ўзгача. О. Ҳожиева ўзининг “Шабнам”, “Тароват”, “Ишонч юлдузлари”, “Наво”, “Бўзтўрғай”, “Тамал тоши”, “Кўзим оқ-у қораси” каби йигирмадан зиёд шеърий тўпламаларини эълон қилди. Бу тўпламларининг ҳар бири шоира ижодий йўлининг муҳим бир йўналишларидир. Шоира назмда, насрда асарлар яратди, бош муҳаррир сифатида кўплаб мақолалар муаллифи, “Саодат”, “Гулчеҳралар” газета ва журналларнинг фаол иштирокчиси. Айни пайтда Ойдин Ҳожиеванинг достон ва шеърлари француз, немис, урду, инглиз, рус, украин, қозоқ, тожик, қорақалпоқ каби тилларга таржима этилган. Унинг ижоди ҳамиша эл ардоғида, мухлислар назарида, адабиёт илмининг диққат марказида. Шоира ижоди кўплаб адабиётшунос олимлар томонидан эътироф этилиб келинмоқда. Хусусан, О.Шарафиддинов, Н.Каримов, А.Расулов, Ҳ.Болтабоев, И.Ғафуров каби адабиётшунослар шоира адабий портретига айрим чизгилар, танлаган мавзу йўналишида шоиранинг ижодий эволюцияси ҳамда индивидуал жиҳатлари ҳақида ўзларининг ижобий баҳоларини беришган. Жумладан, адабиётшунос олим О.Шарафиддинов шоира О.Ҳожиева ижоди ҳақида шундай ёзади: “Шоира шеърларининг ҳаммамиз учун тансиқ жиҳати шундаки, улар Бухорача заминдан парвоз қилган бўлсалар-да, бутун халқимизнинг қалбига ҳамоҳанг шеърлардир” 1.
Дарҳақиқат, шоира “Бухоро” шеърида қўйидаги мисраларни келтиради:
Минорида оқ лайлаклар қишлаган
Арк майдонда оқ жайронлар кишнаган
Жаҳонгир тўп сарбозларни хушлаган
Эслайверсам, дилим санчур, Бухоро.
Расталарда кундал-кимхоб товланур,
Даштларида кулон-кийик овланур,
Йигитлари Ватан учун довланур,
Ёвларининг бошин янчур Бухоро!2
(“Бухоро” шеъри)
Шоира шеърларидаги Бухоранинг сербўёқ манзаралари ва шу заминда яшаган ва яшаётган Ватан тарихини кўз ўнгимизда кўргандек бўламиз. Она диёр, туғилиб ўсган заминга муҳаббат, унинг камолидан дилшодлик, унинг ҳасратидан безовталик бу ўша фарзандлик, қарздорлик туйғуларига йўғрилган ўтли сатрлардир. О.Ҳожиеванинг деярли барча асарлари миллий қадриятларимизга садоқат, халқимиз ва ватанимизга муҳаббат руҳида ёзилган. Миллий мафкурамизнинг моҳиятини теран ҳис этган ижодкор асарлари пафоси ана шундай баланд бўлади. Мустақиллик шоира қалбининг тугунмас қувончига, жўшқин булоғига, юзлаб шеърларининг асл манбаига айланди. Истиқлол нашъаси эса шоирага янада чексиз ифтихор, жўшқин илҳом, куч-ғайрат бағишлади. Шоира халқининг буюк сифатларидан фахрланади, халқи учун ифтихор тўйғуларини баралла куйлашга ҳаракат қилади.
Байрам куни белим боғлаб қамишдан
Бир сўз айтсам Тоҳирдан, Алпомишдан,
Бахши элим, норим нуқра –кумушдан,
Тикандан ҳам гулдан тилаб бол сенга
Боши тошлик сўрай, Истиқлол, сенга.
(“Истиқлол” шеъри)
Шоира лирикасидаги халқчил руҳ, юрт камоли, бугун бошимизга қўнган Хумо қуши-мустақиллик туйғу-уйлари, ғурур-армонлари билан турфа рангларда жилоланади. Ҳаётий мазмун, воқелик ранглари шоира шеърларини оташин ватансеварлик, миллатсеварлик ғоялари билан йўғрилган.
Фақат сен кўзимга боқиб тур, Ватан,
Онамдай, елкамга қоқиб тур, Ватан,
Қалбимда дарёдай оқиб тур, Ватан
Бошимда Хумодай балқиб тур, Ватан
Мени гумон сўздан асрамоқ учун!
Сени ёмон кўздан асрамоқ, учун!
Худо берган Эрким ўзда, айланай
Шуълалари сўлғин юзда, айланай
Қайта ёнган ўтинг кўзда айланай
Ризқу насиб, беминнат, иқбол-сенга!
Боши тожлик сўрай, Истиқлол, сенга!
(“Истиқлол” шеъри)
Айниқса, шоиранинг сўнгги йилларда чиққан “Шом шуълалари” (2012й) шеърий тўпламидан жой олган шеърлари, достон ва қасидалари асосан, истиқлол ва мустақиллик учун жон фидо қилган, курашганлар ҳақида. Шоира узоқ тарихга назар ташлаб, буюк боболаримиз, фидоий инсонларимизнинг бу йўлдаги хизматларидан фахрланади. Шу билан бир қаторда “Шом шуълалари” истеъдодли шоиранинг асил қўшиқлари, ўланлари, жўшиб айтилган алёрлари, шеърхонни ўйлашга, ширин азоблар дунёсига олиб кирадиган асарлари сайланмасидир.
Адабиёт юқумлилиги билан, кимгадир айтиб тушунтира олмайдиган туйғуларингни анлай олиши ва уни тасвирлай олиши билан ҳайратланарлидир. Биз тилга олган ижодкор Ойдин Ҳожиева ижоди ҳам энг инжа туйғуларимизнинг шердаги тилмочига ўхшайди. Шоира лирикасида мухаббат тасвири ўзгача, ҳеч кимникига ўхшамаган. Бир қадар камтарин, бир қадар ҳокисор. Ўтли муҳаббат, унинг ошиқона ёниш-ўртанишлари ўзбекона нафосат, назокат билан тасвирланади.
Ёнмоқдан топдим ҳаловат,
Куймоқдан топдим фароғат.
Не толедур, майса бўлдим,
Пойингда айтдим саловат.
Унинг лирикасида мисралараро ўзига хос "мен"и бўй кўрсатиб туради. Шерларида гоҳ олисларда қолиб, ёди йилт-йилт милтираб ўзни соғинчи билан синовчи болалик хотираларини қалқмга олса, гоҳо севгининг тўйдирмас туйғуларидан сўз очади. Ҳаётий хулосалар, фалсафий ўхшатишлар ўқувчи ва унинг ҳис-туйғуларини тафтиш қилишга ундагандай бўлади.
Чақмоқдирман, кўкни ёндирган,
Тупроқдирман, буғдой ундирган.
Чироқдирман, гоҳ капалакнинг,
Қанотлари тегиб, сўндирган.
Шоира шеърларида ички бир туғён, ширин изтироб, аёл қалбига хос нафосат, маҳзун юракларга илиқлик бағишловчи ҳамдардлик, ватанга муҳаббатининг жўшқинлиги, севгининг қувончи-ю дардлари фақат ўзига хос ифода этилади.Ойдин Ҳожиева энг яхши шеърлари, публицистик мақолалари билан халқимиз хизматига камарбастадир. Мамлакатимизнинг фидоий кишилари сифатида мардона қалам тебратаётган ижодкор. У “Ўзбекистон халқ шоираси” деган унвонга муносиб бахтли шоирадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |