178
Йигит ва қизларнинг адабий асарни баҳолаши, у ҳақда шахсий
фикрларини билдириши, муаммоли томонлари юзасидан баҳслашуви ва
ҳоказоларда инсоний хислатларнинг муайян даражада иштирок этиши ақл
танқидийлигининг айнан ўзгинасидир. Турмушда учрайдиган ноўрин
танқидийлик эса илк ўспириннинг бадиий диди ва ҳаётий тажрибаси
заифлигидир. Ўқитувчи айни шу пайтдаги асосий вазифаси − ўқувчилар
тафаккуридаги танқидийликни ҳаққонийлик даражасига кўтаришдан, уларга
воқеликка одилона, оқилона танқидий нуқтаи назардан қарашни ўргатишдан
иборатдир.
Мазкур ёшдаги ўқувчи ақлининг танқидийлигида оғмачиликка
мойиллик кучли бўлади. Оғмачиликнинг энг асосий сабабларидан бири −
воқеликнинг моҳиятини илмий жиҳатдан тўғри тушунмасликдир.
Шунингдек, унинг “ўз позицияси”да бўш
келмаслиги, нарса ва
ҳодисаларнинг асл моҳиятини англаб туриб, жўрттага “ўжарлик” қилиши ҳам
ана шу оғмачиликнинг бир кўринишидир.
Уларда моддий дунё тўғрисида шахсий фикрлар, мулоҳазалар, илмий
дунёқараш таркиб топганидан кейингина тафаккурнинг танқидийлик
хусусияти ривожлана бошлайди. Ақлнинг ёки тафаккурнннг танқидийлигини
тарбиялашда ўқитувчи ўқувчининг ўзига хос типологик хусусиятига, ақлий
камолот даражасига, билимлари савиясига, мулоҳаза доирасининг
кенглигига, нутқ қобилиятига, шахсий нуқтаи
назарига, ўқишга нисбатан
муносабатига, қизиқишининг хусусият ва даражасига, ақлий фаолият
операцияларини қанчалик билишига, мавжуд ўқиш кўникмаси ва
малакаларига алоҳида эътибор бериши лозим.
Ақл танқидийлигининг ривожланиши янгича таълим муассаса
ўқувчиларини моддий дунёни, атроф муҳитни ўрганишга, ўқув
материалларини пухта ўзлаштиришга, таълим жараёнида ташаббускорликка,
фаолликка даъват этади ва бундан ташқари, воқеликни исботлаш ва асослаш
кўникмалари таркиб топишига имкон яратади. Ўрганилаётган ҳодиса
тўғрисида ҳукм ва хулоса чиқариш, тасдиқлаш ёки инкор қилиш
қобилиятини ривожлантиради.
Илк ўспирин тафаккурининг сифатини унинг мазмундорлиги,
чуқурлиги, кенглиги, мустақиллиги, самарадорлиги, тезлиги ташкил қилади.
Тафаккурнинг мазмундорлиги деганда, илк ўспирин
онгида теварак-
атрофдаги воқелик бўйича мулоҳазалар, муҳокамалар ва тушунчалар
қанчалик жой олганлиги назарда тутилади. Тафаккурнинг чуқурлиги деганда,
моддий дунёдаги нарса ва ҳодисаларнинг асосий қонунлари, хоссалари,
сифатлари, ўзаро боғланиши ва муносабатлари илк ўспириннинг фикрлашида
тўлиқ акс этиши тушунилади. Тафаккурнинг кенглиги эса ўзининг
мазмундорлиги ва чуқурлиги билан боғлиқ бўлади. Ўқувчи нарса ва
ҳодисаларнинг энг муҳим аломат ва хусусиятларини мужассамлантирса,
ўтмиш, ҳозирги замон ва келажак ҳақидаги мулоҳазаларини билдира олса,
буни кенг тафаккур дейилади. Тафаккурнинг мустақиллиги деганда, илк
ўспирин ташаббускорлик билан ўз олдига янги вазифалар қўя билиши ва
уларни ҳеч
кимнинг ёрдамисиз оқилона
усуллар билан бажара олиши
179
тушунилади. Ақлнинг ташаббускорлиги деганда, илк ўспириннинг ўз олдига
янги ғоя, муаммо ва вазифалар қўйишини, уларни амалга оширишда
самарадор воситаларни ҳам ўзи топишга интилишини англаймиз. Ақлнинг
пишиқлиги вазифаларни бажаришда янги усулларни тез излаб топиш ва
қўллай олишда, эскирган воситалардан қутулишда намоён бўлади. Агар
ўқувчи муайян вақт ичида маълум соҳа учун қимматли янги фикрларни
айтган бўлса, назарий ва амалий вазифаларни ҳал қилишда ёрдам берса, буни
самарадор тафаккур дейилади. Тафаккурнинг тезлиги саволга тўлиқ жавоб
олинган вақт билан белгиланади. Илк ўспирин тафаккурининг тезлиги қатор
омилларга: биринчидан, фикрлаш учун зарур материалнинг хотирада
мустаҳкам сақланганлигига, уни тез ёдга тушира олишга, муваққат
боғланишнинг тезлигига, турли ҳис-туйғуларнинг мавжудлигига, ўқувчининг
диққати ва қизиқишига; иккинчидан, унинг билим савиясига, қобилиятига,
эгаллаган кўникма ва малакаларга боғлиқдир.
Илк ўспирин қобилияти, лаёқати ва истеъдоди таълим жараёнида
меҳнат фаолиятида ривожланади. Унинг қанчалик истеъдодли эканини
аниқлаш учун зийраклиги, жиддий синовга шайлиги, меҳнатга мойиллиги,
интилиш, психик тайёрлиги, мантиқий фикрлашининг тезлиги, изчиллиги,
самарадорлигига эътибор бериш керак. Қобилиятнинг ўсиши
билимлар,
кўникмалар, малакаларнинг сифатига боғлиқ бўлиб, шахснинг камол топиш
жараёнига қўшилиб кетади.
Илк ўспиринликда ўтиладиган дарслар, лаборатория ишлари ва амалий
машғулотлар, реферат конспект ёзиш каби таълимий фаолият турлари янгича
таълим муассаси ўқувчилари ўзлаштириши зарур материалларни мустақил
ҳолда тушунишга олиб келади. Бу ишлар кундан-кунга кўпроқ аҳамият касб
этиши натижасида тафаккур тобора фаол, мустақил, ижодий тус олиб боради.
Буларнинг барчаси илмий-назарий тафаккурнинг шаклланишига, теварак-
атрофдаги воқеликнинг умумий қонуниятларини билиш қобилияти ўсишига,
ақлий имкониятлар вужудга келишига, табиат ва жамият ривожланишининг
қонунларини англаб олишга муҳим шарт-шароитлар яратади.
Илк ўспиринлар бирор ҳодисани асослаган, исботлаган пайтларида
унинг муҳим хусусиятларига, бирламчи жиҳатларига синчковлик билан
қарай бошлайдилар. Дарсликлардан ўқиган ва ўқитувчилардан эшитган
ахборотлар, хабарлар ва маълумотларга ишониш ва улардан қаноат ҳосил
қилиш учун фаол ҳаракат қиладилар, бироқ уларда ўсмирлар сингари обрў
кетидан эргашиш жуда кам содир бўлади. Улар ҳар бир дарсда танишилган
материалларнинг моҳиятига, инсон учун зарурлигига ишонч ҳосил қилишга
тўхтовсиз интиладилар. Баъзан таълим жараёнида
шахс томонидан бирор
нарсага эътироз билдирса ёки шубҳаланса, уни ноҳақ равишда қоралайди.
Тафаккурни оқилона йўллар билан ўстириш учун фавқулодда ҳолатларда
ўқувчининг мазкур хусусиятини ёмонламай, балки уни рағбатлантириш
тўғрироқ бўлади.
Илк ўспиринлик ёшида коллеж ўқувчилари ақлий фаолиятнинг
омиллари ва усуллари билан етарли даражада қуролланган бўладилар.
180
Шундай қилиб, таълим жараёнида турли фанларни ўқитиш туфайли
кенг кўламли билимлар системаси ўзлаштирилиши орқали коллеж ва
академик лицей ўқувчиларида тафаккурнинг фаоллиги, мустақиллиги,
мазмундорлиги, маҳсулдорлиги ортади. Уларда диалектик-рефлексив
назарий тафаккур таркиб топади. Шу сабабли воқеликнинг ички
боғланишлари, муносабатлари жамият ривожланишининг қонунларини
билиш ва англаб олиш кўникмаси юқори поғонага кўтарилади.
Агар ўсмирлар тафаккури яққол-образли тафаккурнинг мавҳум
тафаккурга айланиши билан характерланса, бу ёшдаги ўқувчиларда
диалектик-креатив тафаккур қобилияти ривожлана бошлайди ва бу тафаккур
табиат ҳамда жамият ривожланишининг умумий қонунлари билан бевосита
боғлиқ бўлади. Мазкур қонунларнинг
вужудга келиши, ўзгариб бориши,
ўзига хос хусусиятга эга бўлиши, шунингдек, ўзаро узвий боғлиқлигига доир
мураккаб билимлар уларнинг ёш хусусиятига айнан мосдир.
Do'stlaringiz bilan baham: