Ер ҳуқуқи модули
2021-2022 ўқув йили баҳорги семестри учун ОН казуслари
1. Тошкент шахар Шайхонтохур тумани Кўкча-3 тор кўчаси 21-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Шокиров Н. 2010 йилда вафот этган отаси Наимов Ш.нинг номида бўлган, ҳозирда ўзи оиласи билан истиқомат қилиб келаётган уй-жой ва у жойлашган ер участкасини банкдан тадбиркорлик мақсадида кредит олиш учун гаровга қўймоқчи бўлди. “Капитал банк” ходими Шокиров Н.га ер участкаси унинг хусусий мулки бўлган тақдирдагина гаров сифатида қабул қилиши мумкинлигини айтди. Шунда Шокиров Н. ер участкасини хусусийлаштириш мақсадида Шайхонтохур туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилди. Аммо марказ ходими ушбу уй-жойни тўғридан тўғри Шокиров Н.нинг номига хусусийлаштириб бўлмаслигини, аввал нотариусга бориб меросни расмийлаштириш кераклигини айтди. Қолаверса, ушбу ер участкасида Шокиров Н. ўғли учун 3 хона, ошхона ва ҳаммомдан иборат қўшимча иморат қурган бўлиб, ер участкасининг ушбу иморатлар жойлашган қисмини ўғлига хусусийлаштириб беришни ният қилганди.
Ушбу вазиятда фуқаро Шокиров Н. қандай ҳаракатларни амалга ошириши зарур? (10 балл)
Амалдаги ер қонунчилигига кўра якка тартибда қурилган ер участкасини хусусийлаштириш тартиби қандай? (10 балл)
Фуқаро Шокиров Н. ўзи яшаётган ер участкасига бўлган мерос ҳуқуқини қандай тартибда расмийлаштиради? (10 балл)
Фуқаро Шокиров Н. ўзбошимчалик билан қурилган иморатни қонунийлаштириши ва ўғлининг номига хусусийлаштириб бериши мумкинми? (10 балл)
2. Қашқадарё вилояти Касби туманида жойлашган ер участкасидан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган “Барҳаёт” фермер хўжалиги раиси – фуқаро Алимов Н. қўшниси Низомов Р.га ер участкасининг ярмини, яъни 50 гектарини 3 йилга ижарага берди ва ер учун ижара ҳақини солиқ органига бориб солиқ қонунчилигида белгиланган муддатда тўлаб юриши кераклигини айтди. Низомов Р. Алимов Н.нинг фермер хўжалиги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашганлиги туфайли баҳор ойларида ижарага олган ер участкасининг 20 гектарида пахта ва 30 гектарида ғалла етиштириш мақсадида экин-тикин ишларини бошлаб юборди. Аммо, орадан бир оз вақт ўтгач июнь ойида Низомов Р. қаттиқ касалланди ва ғалла ҳосилини охиригача йиғиб улгурмади, пахтага эса лозим даражада қаролмагани учун ғўзанинг асосий қисми нобуд бўлди. Орадан икки ой ўтиб “Барҳаёт” фермер хўжалиги раиси Алимов Н. қўшниси Низомов Р.дан ердан фойдаланганлик учун ҳақ талаб қилди. Низомов Р. эса ердан ҳосил олмаганлиги ва режалаштирилган фойдани кўрмаганлиги учун ҳақ тўламаслигини айтди. Алимов Н. эса Низомов Р.нинг ҳаракатларидан норози бўлиб, уни келишувга риоя қилмаганликда айблади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг вилоят бошқармасига уни жавобгарликка тортишини сўраб ариза билан мурожаат қилди.
Ер қонунчилигига асосан мазкур вазиятда ер участкасидан иккиламчи фойдаланиш (ижара) ҳуқуқи қандай тартибда амалга оширилиши ва расмийлаштирилиши зарур? (10 балл)
Қишлоқ хўжалик ерларидан фойдаланганлик учун ер солиғи (ижара ҳақи) қандай тартибда тўланади? (10 балл)
Қишлоқ хўжалик ерларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот беринг. (10 балл)
Алимов Н. ва Низомов Р.лар ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ талабларни бузганлиги учун юридик жавобгарликка тортиладими? (10 балл)
3. Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимиятига Туркия фуқароси Айлин Ўзан мурожаат қилиб ушбу туман ҳудудида болалар учун мўлжалланган кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона қурмоқчилигини, лойиҳа учун 5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция қилмоқчилигини, мазкур корхона қурилишига рухсат берилса 200 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш имкони бўлишини айтди. Олмазор тумани ҳокими бугунги кунда туман ҳудудида текстиль корхонаси қуриш учун етарли даражада ер заҳираси мавжуд эмаслигини, аммо туманнинг тасдиқланган қуриш лойиҳасида фуқаролар мулкида бўлган ва аксарият қисми яроқсиз ҳолга келган ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган уй-жой ва бошқа иморат-иншоотлар билан банд бўлган бир гектар ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун сотиб олиш йўли билан текстиль корхонасига ер ажратиш мумкинлигини маълум қилди. Туман ҳокими ва Айлин Ўзан мазкур жараённи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида келишувга келиб давом эттиришга келишиб олишди.
Мазкур вазиятда тадбиркор Айлин Ўзан таклиф қилаётган лойиҳа учун қандай тартибда ер участкаси ажратиш мумкинлигини амалдаги қонун ҳужжатлари асосида таҳлил қилинг. (15 балл)
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилганда мулкдорларга келтирилган зарарни қоплашнинг ҳуқуқий тартибини мазкур вазиятдан келиб чиққан ҳолда ёритинг. (15 балл)
Фуқароларнинг аҳоли пунктларидаги ер участкаларини лойиҳалаштириш, режалаштириш билан боғлиқ шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнидаги иштирокига оид ҳуқуқий тартибни ёритинг. (10 балл)
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2021 йилдаги
ПҚ–76-сонли “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига 2022 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди. Давэкоқўмитада бугунги кунда мазкур қонун лойиҳаси устида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экологик партияси фракцияси ҳам экология ва атроф муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи қатор давлат органлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, олимлар иштирокида Экологик кодекснинг муқобил вариантини тайёрлашга киришди.
Давэкоқўмитада тайёрланаётган лойиҳада ер муносабатларини тартибга солишга оид алоҳида боб мавжуд бўлиб, унда ер асосан муҳофаза объекти сифатида баҳоланган, яъни ерларни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари, ерни сақлаш вазифаси билан боғлиқ мажбуриятлар, ер фондининг турли тоифалари доирасида экологик зоналаштириш билан боғлиқ қоида-талаблар ўз ифодасини топган. Ушбу лойиҳада ердан фойдаланиш ҳуқуқи шакллари, унинг вужудга келиши, ўзгариши, бекор бўлиши билан боғлиқ нормалар назарда тутилмаган. Ишчи гуруҳ аъзоларининг фикрича, Экологик кодекс қабул қилингандан кейин ҳам Ер кодекси амалда бўлади ва ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Экологик партия фракцияси аъзолари бўлган депутатлар томонидан тайёрланаётган лойиҳада эса ер муҳофазасига оид нормалар билан бир қаторда ердан фойдаланиш билан боғлиқ нормалар ҳам Экология кодексида ўз ифодасини топиши, мазкур кодекс қабул қилингач Ер кодексига эҳтиёж қолмаслиги, ер билан боғлиқ ҳар қандай муносабатлар Экология кодекси билан тартибга солиниши зарурлигини айтишди.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Ер кодекси қандай муносабатларни тартибга солади? (10 балл)
Бугунги кунда Ер қонунчилиги ва ер ҳуқуқий муносабатлари қандай йўналишда ривожланмоқда? (10 балл)
Сизнинг фикрингизча, сўнгги пайтларда ер муносабатлари соҳасида амага оширилган ислоҳотлардан келиб чиқиб Ер кодексига қандай моддий ва процессуал нормалар киритилиши зарур? (10 балл)
Қабул қилиниши режалаштирилаётган Экология кодексида ер билан боғлиқ қандай ҳолатлар акс этиши лозим, фикрингизни асосланг. (10 балл)
Do'stlaringiz bilan baham: |