Мутахассиснинг тергов ҳаракатларида қатнашиш учун процессуал асослар / 2; 6; 8/
ЎзР ЖПКнинг 69-моддасига асосан тергов ва суд муҳокамасини ўтказишда далилларни топиш ва мустаҳкамлашда суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судга ёрдам бериш учун мутахассис чақирилади. Тергов ҳаракатларини амалга оширишда мутахассиснинг бевосита иштирок этишидан асосий мақсад – терговнинг тўлалиги ва ҳар томонлама бўлишини таъминлаш.
Мутахассис мустақил процессуал фигура ҳисобланади ва унинг фаолияти экспертникига нисбатан олдига қўйилган вазифаси билан, унинг мазмуни, мақсадлари ва махсус билимлардан фойдаланиш услублари, процессуал ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларининг ҳажми ва тавсифи бўйича ҳам анчагина фарқ қилади.
Мутахассис хизматидан фойдаланишнинг асосий мақсади – терговчига исботловчи воситаларни (далилларни) излаб топишда, уларни мустаҳкамлашда ва олиб қўйишда ёрдам кўрсатиш. Унинг фаолияти тергов ҳаракатларининг таркибий қисми ҳисобланиб, қўшимча тавсифга эга ва у тергов ҳаракати доирасидан четга чиқмаслиги керак. Мутахассис маълум бир тергов ҳаракатида (масалан, ҳодиса содир этилган жойни кўздан кечиришда, тергов экспериментида) иштирок этар экан, у ўзининг махсус билими ва малакасига асосланиб, терговчининг эътиборини исботловчи далилларни излаб топиш, мустаҳкамлаш ва олиб қўйишга қаратади, улар амалга ошираётган ҳаракатларнинг мазмунини терговчига тушунтириб беради ва шу орқали терговчига илмий-техник ёрдам кўрсатади, ўтказилаётган тергов ҳаракатининг барча ҳолатларини янада кенгроқ ва ҳар томонлама аниқлаш бўйича кўмаклашади. Мутахассиснинг фаолияти у қатнашган тергов ҳаракатининг баённомасида ёритилади.
Мутахассис сифатида чақирилаётган шахс зарур билимлар ва малакага эга бўлиши ва ишнинг муваффақиятсиз якун топишига манфаатдор бўлмаслиги керак. Бунда мутахассиснинг билимлари ҳуқуқ соҳасига ҳамда кенг оммага маълум бўлган соҳага доир бўлмаслиги керак.
Шахс мутахассис сифатида ишда бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлганлиги учун қатнаша олмайди.
Тергов ҳаракатини амалга оширишда мутахассисни жалб этиш – бу терговчининг мажбурияти эмас, балки унинг ҳуқуқидир (бундан қонунда тўғри кўрсатилган педагог ёки врачни жалб этиш ҳолатлари мустасно). Бироқ гумон қилинувчи, айбланувчи, ҳимоячи тергов ҳаракатларида мутахассиснинг иштирок этишини талаб қилишлари мумкин.
Тергов ҳаракатига мутахассисни жалб этиш учун махсус қарор чиқариш талаб қилинмайди.
Тергов ҳаракатини бошлашдан олдин терговчи жалб этилаётган мутахассиснинг шахсини аниқлаши, шунингдек, унинг нолойиқ эмаслигини, айбланувчи ва жабрланувчига нисбатан муносабатларини, унинг бу ишда манфаатдор эмаслигини аниқлаши лозим. Бундан кейин терговчи мутахассисга унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириб бериши, ўз вазифасини бажаришда бўйин товлаганлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида таъкидлаши ва бу ҳақда тергов ҳаракати баённомасида тилхат орқали қайд қилиши лозим.
Жиноят-процессуал қонунчилиги бўйича мутахассис қуйидаги тергов ҳаракатларида қатнашиши мумкин: ҳодиса (воқеа) содир этилган жойни, теварак-атрофини, хоналарни, предметлар ва ҳужжатларни кўздан кечиришда; тинтув ўтказиш, почта-телеграф корреспонденцияларини олиб қўйишда; тергов экспериментида; таққослаш учун тадқиқотга керак бўладиган намуналарни олишда.
Ёнғинлар бўйича тергов ишларида ёнғин-техник мутахассислари кўпинча ёнғин содир этилган жойни кўздан кечиришда иштирок этишади (жалб этишади).
Ёнғин-техник мутахассиси терговчига қуйидаги йўналишлар бўйича ўз ёрдамини кўрсатади:
- кўздан кечириш вақтида изларни ва бошқа ашёвий далилларни излаб топишда ва уларни кўздан кечиришда;
- изларни танлашда ва ишга алоқаси бўлмаган тўсатдан пайдо бўлган изларни истисно қилишда;
- ёнғин бўлган жойдаги ҳолатни ва объектнинг ўзаро жойлашувини қайд қилишда (чизмалар ва схемаларда);
- излар ва бошқа ашёвий далилларни баённомада тўғри ёзилишида;
- излар ва бошқа ашёвий далилларни олиб қўйиш ва ўрашда;
- тергов эксперименти ўтказиш учун зарур бўлган материаллар, моддалар ва бошқа объектларни танлашда;
- ишнинг ҳал бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни ва ёнғиннинг келиб чиқиши учун сабаб бўлган шарт-шароитларни аниқлашда.
Мутахассиснинг ишда иштироки экспертиза ўтказилишини истисно этмайди, балки кўпгина ҳолларда уни назарда тутади ҳам. Лекин бунда ҳар доим шуни эътиборда тутиш керакки, тергов ҳаракатларида иштирок этган ёнғин-техник мутахассиси, кейинчалик бу ишда эксперт сифатида қатнаша олмайди.
Ёнғин-техник мутахассиси суд мажлисига ҳам ҳодиса жойининг атрофини, хоналарни ва ашёвий далилларни кўздан кечириш учун чақирилиши мумкин. Бунда унинг бу иш бўйича илгари тергов ҳаракатларида мутахассис сифатида қатнашганлиги суд муҳокамасида ўз мажбуриятини бажариш учун тўсиқ бўла олмайди. Шу билан бирга шуни ҳам эсда тутиш лозимки, илгари шу иш бўйича эксперт сифатида қатнашган шахс судга мутахассис сифатида чақирилиши мумкин эмас.
Мутахассис суд муҳокамасида қатнашар экан, у ўзининг билими ва малакасини суд томонидан изларни ва бошқа ашёвий далилларни излаб топишга, мустаҳкамлашга ва олиб қўйишга қаратиши керак. Ёнғин-техник мутахассисининг барча ҳаракатлари суд аъзоларига ва суд муҳокамасининг бошқа иштирокчиларига тушунарли бўлиши керак. Ўз ҳаракатлари натижасини у намойиш этиши ва тегишли тушунтиришлар бериши керак. Бироқ мутахассисни сўроқ қилишмайди.
Мутахассиснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга судда раислик қилувчи тушунтириб беради. Худди шу раис унинг бўйин товлаши ёки рад этиши учун жавобгарлик даражаси ҳақида ҳам таъкидлайди ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |