Мактабгача таълим муассасасининг ҳар хил ёш гуруҳларида элементар математик тасаввурларни ривожлантиришга оид ишларни ташкил қилиш
Кичик гуруҳ
Кичик гуруҳда болаларга сонларгача бўлган давр ўргатилади. Бунда уларга миқдорий муносабатлар тушунтирилади. Болаларга турли буюмлар тўплами
билан ишлаш, яъни уларнинг ҳар хил белги-аломатларига кўра бирлаштириш, тенглик ва тенгсизликни таққослаш натижаларини кўп, кам, тенг сўзлари билан белгилашни ўргатиш кўзда тутилади.
Болалар буюмларнинг узунликлари, кенгликлари, баландликларини таққослашга ўргатилади; геометрик шакллар:— доира, квадрат билан таништирилади; фазовий йўналишлар билан таништирилади: «ўзидан» олдинга, орқага (орқасидан), ўнгга (ўнгдан), чапга (чапдан) сўзларини тўғри қўллашга ўргатилади.
Машғулотлар ўқув йили бошидан бошлаб ҳафтасига 1 мартадан (1 йилда 36 марта) ўтказилади. Сентябрь ойида бир машғулотнинг давомийлиги 10 минутдан ошмаслиги керак. Октябрь ойидан бошлаб машғулот давомийлиги секин- аста 15минутга етказилади.
Кичик гуруҳда элементар математик тасаввурларга бағишланган машғулотларда ўқитиш аёний таъсир характерида бўлиши керак. Болалар билимларни тарбиячининг ҳаракатларини, унинг тушунтириш ва кўрсатмаларини идрок қилиш асосида, шунингдек, дидактик материаллар билан мустақил ишлаш воситасида ўзлаштирадилар.
Ўрта гуруҳ
Ўрта гуруҳда машғулотлар сентябрь ойидан бошлаб, ҳафтасига 1 марта ўтказилади. Машгулот 20 дақиқа давом этади. Йил давомида 36 та машғулот ўтказилади. Болалар ҳаракатли-кўрсатмали шаклда берилган ўқув материалларини яхши ўзлаштиради. 5 ёшга қадам қўйган болаларни ўқитишда дидактик ўйинлардан кенг фойдаланиш керак. Топшириқларнииг бажарилиш жараёнида ўқитувчи болаларни ўз ҳаракатларини (нима қилганларини ва қандай қилганларини, натижада нима ҳосил бўлганини) тушунтириб беришга ундайди. Биринчи машғулотлардан бошлабоқ болаларга мос муаммо характеридаги масалан, машина қайси дарвозадан ўтди (ўтмади)? Нега? Кимнинг уйи (столи, каравоти) баланд (паст)? Нега? Айиқларга курсилар, олмахонларга ёнғоқлар, болаларга байроқчалар етадими? каби масалаларни бериш керак. Ўқитишда болаларнинг эмоционал кайфияти, қизиқтирилганликлари ката машғулотларда рангли кўргазмали қўлланмалардан, турли дидактик материаллардан фойдаланиш керак.
Катта гуруҳ
6 ёшли болаларда ўз хулқ-атворини бошқариш қобилияти пайдо бўлади; эркин хотира, диққат ривожланади. Шу ёшда топшириқни бажаришга, ўз ишига ижобий баҳо олишга интиладилар. Улар ўқув топшириқлари (вазифаси)га ката қизиқиш билан қарайдилар.
Болалар катта гуруҳда биринчи ўнлик сонларини яхши ўзлаштиришлари керак. Ҳар хил буюмлар тўпламини санаш, уларнинг қаторда келиштартибларини аниқлаш жараёнида сонлар моҳиятини ўзлаштириш амалга оширилади. Болалар билан бажариладиган ҳамма ишлар улар олдинги босқичларда олган билимлар ва уларни ҳисобга олиш асосида ташкил қилинади.
Ўрганишни ўтилганларни такрорлашдан бошлаш керак. Ҳар қайси янги билим олдин ўзлаштирилган билимлар тизимига киритилиши зарур.
Машқлар миқдори етарли бўлгандагина тарбияланувчиларда пухта малака ва кўникмалар шаклланиши мумкин. Болаларни буюмлар, ўйинчоқлар, геометрик шакллар, карточкалар ва расмлардаги тасвирларни санаш (қайта санаш, қўшиб санаш, ажратиб санаш) га, объектлар миқдорларини сезиш билан аниқлашга машқ қилдириш керак.
Мазкур гуруҳда ҳафтада 1 тадан машғулот ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |