2-боб. Электр энергиясига бўлган эҳтиёж прогнозини шакллантириш тартиби
13. Электр энергияси истеъмолчилари (аҳолидан ташқари) ҳар йили
1 сентябргача келгуси йил учун электр энергияси истеъмолининг чоракларга бўлинган прогнозлаштирилаётган миқдори тўғрисида ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ёки истеъмолчи электр қурилмалари электр тармоқларига уланган электр таъминоти корхоналарига буюртманома беради.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар аҳолиси томонидан электр энергияси истеъмолининг прогнози ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан аҳоли сонининг ўсиши, уй-жой қурилишини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир маиший истеъмолчи билан тузилган электр таъминоти шартномалари асосида белгиланади.
15. Электр энергетика объектларининг ички тармоқ электр энергияси истеъмолининг прогнози (корхоналарнинг электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ўзининг ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, белгиланган тартибда тасдиқланган электр энергиясини электр тармоғи хўжалиги объектларига узатиш бўйича электр энергиясининг технологик сарфи) ҳар йили 1 октябргача умумлаштирилади ҳамда келгуси йил учун электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси таркибига киритилади.
16. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхона ҳар йили 1 октябргача “Ўзбекэнерго” АЖга келгуси йилга электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувват ва прогноз тўғрисида маълум қилади.
17. “Ўзбекэнерго” АЖ чораклар бўйича бўлиб чиққан ҳолда, келгуси йилги электр энергияси эҳтиёжининг прогнозини шакллантиради ва жорий йилнинг 15 октябригача уни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансига мувофиқ, электр энергиясининг кўриб чиқилаётган йил учун чоракларга бўлинган йиллик ресурсларини белгиланган муддатда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига етказади.
3-боб. Электр таъминоти шартномасини тузиш
18. Электр энергияси бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида товар тури сифатида, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва энергия қурилмалари шу ташкилот тармоғига бевосита уланган истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида мазкур Қоидаларга мувофиқ етказиб берилади.
19. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи ўртасида электр таъминоти тўғрисидаги шартнома мазкур Қоидаларга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ шаклда тузилади.
20. Электр таъминоти шартномаси 2 нусхада тузилади. Бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, иккинчиси ҳудудий электр тармоқлари корхонасида қолади.
21. Субистеъмолчилар истеъмолчилар билан электр таъминоти шартномасини ҳудудий электр тармоқлари корхоналари розилигига асосан тузади.
22. Субистеъмолчиларга ўз тармоқлари орқали электр энергиясини етказиб берувчи истеъмолчилар субистеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан электр энергиясининг умумий (жами) миқдори бўйича электр таъминоти шартномасини тузади.
Do'stlaringiz bilan baham: |