Элберт Хаббард ГАРСИЯГА МАКТУБ Кубадаги ташвишлар (1898 йилдаги Куба мустақиллиги учун Испания ва АҚШ ўртасидаги уруш) билан боғлиқ бир киши ёдимда қолган.У юлдузли осмонда Марс қандай ажралиб турса, бошқа одамлардан шундай ажралиб турарди. Испания билан АҚШ ўртасида уруш бошланганида исёнчилар (қўзғолончилар) етакчиси билан тезкор алоқа ўрнатишга ўткир эҳтиёж пайдо бўлди. Генерал Гарсия Кубанинг бепоён тоғларида жойлашган бўлиб, унинг аниқ қаерда қўним топгани ҳақида ҳеч ким тасаввурга эга эмас эди. У билан на почта орқали, на телеграф орқали боғланиш мумкин эди. Президент унинг АҚШга тарафдорлиги ҳақидаги ваъдасини олиши ва буни зудлик билан амалга ошириши зарур эди. Нима қилмоқ керак? Кимдир Президентга “Роуэн исмли бир одам бор, у нима бўлса ҳам Гарсияни топа олади”, деб айтади. Роуэнни чақириб, унга мактубни тутқаздилар. Роуэн исмли одам бу мактубни қандай олгани, сув ўтмаслиги учун бир бўлак терининг ичига қандай жойлаштиргани, мактубни арқонлар билан қай тарзда кўкрагига боғлагани, тўрт кундан сўнг кечаси Кубага қайиқда сузиб келиб, чангалзорларда қандай яширингани ва уч ҳафтадан сўнг душман мамлакатни яёв кезиб, оролнинг бошқа тарафида қандай пайдо бўлгани, Гарсияга мактубни қай тарзда етказгани – ҳозир бу ҳақда батафсил гапириб бермоқчи эмасман. Лекин бир нарсани таъкидламоқчиман: Президент Мак-Кинли Гарсияга битилган мактубни берганида, Роуэн хатни олиб, буйруқни адо этишга йўл олганида, ҳаттоки, “Гарсияни қаердан топсам бўлади?” деган савол ҳам бермаган экан. Бу одамга бронзадан ҳайкал ясаб, уни бутун дунёдаги барча мактаб ва коллежларга жойлаштириш керак. Ёшларга китоблардан таълим бериш керак эмас, йўл-йўриқ кўрсатиш керак эмас, балки тишни тишга қўйиб, фидокорона ва садоқат билан хизмат қилиш, уддабуронлик билан ҳаракат қилиш, ўзининг бор куч-қувватини тўплаб, вазифани бажариш – Гарсияга мактубни етказиш руҳида тарбиялаш керак. Генерал Гарсия ҳозирда вафот этган, лекин бошқа Гарсиялар бор-ку. Афсуски, орамизда бирор инсон йўқ-ки, кўпчилик иштироки талаб этиладиган бирор ишга киришгач, вақти-вақти билан ўртамиёна одамнинг нотавонлиги ва уқувсизлигидан даҳшатга тушмаган бўлса, бирор ишни бошлаб, уни охирига етказишга шайлик ва хоҳишнинг йўқлигидан лол қолмаган бўлса. Нари-бери кўрсатилган ёрдам, эътиборсизлик, палапартишлик, лоқайдлик, “ярим куч билан” ишлаш, ишига жон жаҳди билан берилмаслик ҳаётий меъёрга айланиб қолди, шекилли. Бугунги кунда ҳеч ким токи бошқа одамнинг бўғизига пичоқ тақамаса муваффақият қозолмаяпти, ёки ёрдам олиш учун пора беряпти; айрим ҳолларда Аллоҳ Таоло томонидан мўъжиза бўлишига ишониб, унга ёрдамга фаришта туширилишига ишоняпти. Сиз, китобхон, менинг сўзларимни оддийгина текшириб кўришингиз мумкин. Тасаввур қилинг, сиз ўз ишхонангизда ўтирибсиз, олтита ёрдамчи сизнинг хизматингизда. Улардан истаганингизни чақиринг ва “Илтимос, энциклопедиядан қараб Коррежио ҳаёти ҳақида қисқача умумий маълумот тайёрла”, деган топшириқни беринг. Ёрдамчингиз астагина “Хўп бўлади” деб, қўйилган вазифани бажаришга отланадими? Аминманки, бундай бўлмайди. У сизга нурсиз кўзлари билан қарайди-да, қуйидаги саволлардан бирини беради: - У ўзи ким? - Қайси энциклопедиядан топай? - Ўша энциклопедияни қаердан оламан? - Мени шундай ишлар учун ёллаганмидингиз? - Сиз Бисмаркни назарда тутдингизми? - Нима, шу ишни Чарлига буюрсангиз бўлмайдими? - Ўша Коррежио тирикми ёки ўлганми? - Бу ишни шунчалик тез бажариш керакми? - Балки китобни олиб келсам, ўзингиз қараб оларсиз? - Сизга бу нима учун керак? Ва ишончим комилки, сиз унинг барча саволларига жавоб берганингиздан кейин ҳам, энциклопедияни қаердан топишни айганингиздан кейин ҳам, бу ахборот сизга нима учун кераклигини тушунтирганингиздан кейин ҳам ёрдамчингиз Коррежиони топиш учун ўзига яна бир кишини ёрдамчиликка олади-да, қайтиб келиб, бундай одам умуман бўлмаганини айтади. Балки гаров ўйнасам ютказиб қўярман, лекин эҳтимоли жуда кам. Агар сиз етарлича фаросатли одам бўлсангиз, ўз “ёрдамчингизга” Коррежиони “Кар”дан эмас, “Кор”дан бошлаб қидириш керак эканини тушунтириб ўтирмайсиз – сиз бор-йўғи ёқимли жилмайиб, “Ҳа, майли” дейсиз ва ўзингиз бориб, сизни қизиқтирган маълумотни излаб топасиз. Бу – мустақил ҳаракат қилишга нўноқлик, уқувсизлик эмас, бу – тентаклик, бу – иродасизлик, бу – арқонни иштиёқ билан маҳкам ушлаб, юкни тортишни истамасликдир. Айнан шу нарсалар социализмни анча силжитиб қўйди. Агар одамлар ўзлари учун ҳаракат қилишни истамасалар, унда барчанинг фаровонлиги ҳақида гап борса, улар қандай ҳаракат қиладилар? Эҳтимол, қаттиққўл ўринбосар ёки шанба оқшомида кўчада қолиш каби нохуш истиқбол айрим хизматчиларни иш жойида ушлаб турар, лекин сизга стенографист кераклиги ҳақида эълон беринг, ўнта даъвогардан тўққизтаси саводсиз бўлади, гарчи улар ёзишни билишлари ва вергулларни тўғри қўйишларига қатъий ишонсалар ҳам. Шундай одам Гарсияга мактуб элтиб беришга қодирмикан? - Анови ҳисобчини кўряпсанми?, - деб сўради мендан катта заводдаги цех бошлиғи. - Хўш, нима қилибди? - Гап шундаки, у ҳисобчи сифатида ёмон эмас, лекин уни бирор арзимаган топшириқ билан шаҳарга юборсам, гарчи вазифани бажарса ҳам, йўлда тўртта майхонага киради ва керакли кўчага етганида, уни нимага юборганликларини эсидан чиқариб қўяди. Бундай одамга Гарсияга мактуб элтишни топшириб бўладими? Охирги вақтларда биз “хароб кулбаларда яшовчи жабрдийдалар”, “муносиб иш ахтараётган бошпанасиз мазлумлар”га нисбатан ҳамдард бўлишга чақириқларни ҳамда ҳокимият эгалари номига ҳақоратларни кўп эшитяпмиз. Лекин негадир шу ялангоёқлардан ўзига юклатилган ишни озгина фаросат билан бажарилишига беҳуда уринишлар туфайли кексайиб қолаётган иш берувчилар ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Раҳбар йўқлигида ялқовлик билан кун ўтказадиган ўша “ёрдамчилар”дан бирор ёрдам олиш умидида иш берувчиларнинг узоқ сабр қилиши ҳақида нега лом-мим дейилмайди? Ҳар бир устахонада ва ҳар бир корхонада доимий саралаш жараёни кечади. Иш берувчи умумий иш йўлида ҳаракат қилишга қодир бўлмаган “ёрдамчилари”нинг жавобини бериб, янги одамларни ёллайди. Ишлар қандай кетаётгани муҳим эмас – танлов доимий тарзда давом этади. Эҳтимол, ишлар яхши кетганида, бу танлов бироз юмшоқроқ амалга оширилар. Лекин барибир билимсиз ва нолойиқ кишилар сиқиб чиқарилади ва ишдан кетишга мажбур бўлади. Қўлидан иш келадиган инсонларнинг омон қолиши учун шу нарса юз беради. Шахсий манфаати туфайли ҳар бир иш берувчи ўзида энг яхшиларни – Гарсияга мактубни етказиб беришга қодир инсонларни сақлаб қолишга интилади. Мен бир инсонни биламан, у ажойиб қобилиятлар эгаси, лекин ўз ишларини мустақил уддалай олмайди ва бирорта одам уни “керак” қилмайди, унга эҳтиёж сезмайди. Чунки “иш берувчи менга зулм қиляпти ёки зулм қилиш нияти бор” деган ахмоқона ғоя унинг миясига маҳкам ўрнашиб олган. У буйруқ беришни билмайди ва унга буюришларини ҳам истамайди. Агар унга Гарсияга мактубни элтиб беришни буюрганларида, эҳтимол, у “Ўзингиз элтинг!”, дея жавоб берган бўлар эди. Бугун шу одам иш излаб, кўча кезмоқда ва унинг жулдур кийимлари йиртиқларида шамол кезиб юрибди. Уни биладиган бирорта одам уни ишга олишни хаёлига ҳам келтирмайди, чунки у донг таратган бузғунчи. Соғлом ақлга чақиришлар унга таъсир қилмайди, унда бирор из қолдириши мумкин бўлган ягона нарса – бу қирқ бешинчи ўлчамдаги пойабзалнинг тумшуғидир. Албатта, бундай маънавий бузуқ инсонга майиб-мажруҳ одамга қарагандек, ачиниш билан муносабатда бўлиш керак. Лекин унга раҳм-шафқат қилиш баробарида бирор буюк нарса қилишга интилаётган инсонлар, иш соатлари “қўнғироқдан қўнғироққача” бўлган вақт билан чегараланмайдиган инсонлар, палапартишлик, тартибсизлик, наридан бери иш қилиш, бефарқлик, фаросатсизлик, ночорлик, нотавонлик ва яхшиликни билмаслик билан доимий кураш олиб бориши оқибатида сочи барвақт оқараётган инсонлар, ишни битириш йўлида очликка ҳам, бошпанасиз қолишга ҳам тайёр инсонлар учун ҳам кўз ёши тўкайлик. Балки ўз мулоҳазаларимни ўта кескин баён этгандирман. Бўлиши мумкин. Лекин бизнинг давримизда, дунё шунчалик ботиб кетаётган пайтда, мен муваффақият қозонаётганлар ҳақига бироз гапириб қўймоқчиман. Шунча қаршиликка қарамай, бошқа одамларнинг кучини тўғри ўзанга йўналтираётган одамлар, муваффақиятга эришгач, буни оддий нарсадек қабул қиладиганлар хақига гапирмоқчиман. Мен ўзим бир вақтлар тушлик ташиганман, югурдак бўлиб ишлаганман, кейинчалик иш берувчи бўлиб, одамларни ёллаганман, шунинг учун мен ҳаётнинг иккала тарафини ҳам биламан. Баҳслашмайман – қашшоқликнинг яхши тарафи йўқ, йиртиқ-ямоқларга ҳеч кимнинг ҳаваси келмайди. Лекин тан олинг: ҳамма иш берувчилар ҳам очофат таловчи ва золим эмас, шунга ўхшаш - ҳамма фақирлар ҳам фазилатли фаришта эмас. Мен раҳбари тепасида турмаганида ҳам, ёки раҳбари уйда эканлигида ҳам ўз ишини бажарадиганларга таҳсин айтаман. Шунингдек, Гарсия учун мактубни қўлига тутқазганларида, уни хотиржамлик билан олиб, ҳеч қандай бемаъни савол бермасдан, бирор бир тарзда норозилигини кўрсатмай, яқин атрофдаги ариққа мактубни ташлаб юборишни ният қилмаган ҳолда ундан талаб қилинаётган нарсани бажарадиган – яъни, мактубни ўз эгасига элтадиган одамларга қойил қоламан. Мен ишдан бўшатилмайдиган инсонлар ва маошни ошириш мақсадида иш ташлашга бормайдиган одамлар тарафдориман. Тараққиёт – ана шундай одамларни ахтаришнинг давомли ва машаққатли жараёни. Бундай одамлар нимаики истасалар, шунга эришадилар. Бундай одамлар ҳар бир шаҳарда, ҳар бир қишлоқда, ҳар бир ишхонада, ҳар бир устахонада, ҳар бир дўконда, ҳар бир корхонада керак. Бундай одамлар дунёга керак. Жуда керак. Гарсияга мактубни элтиб беришга қодир одамлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |