Нураш жараёнлари
Чўкинди ҳосил бўлиш муҳити кўп омилли бўлиб, унда ҳудуднинг иқлими, рельефи ва геотектоник режими муҳим аҳамиятга эга. Улардан ҳар бирининг ўзгариши чўкинди ҳосил бўлиш жараёни хусусиятларига кескин таъсир этади. Демак, турли иқлим, рельеф ва геотектоник режимда нураш жараёни турлича кечади.
Ер юзасида очилиб ётган бирламчи тоғ жинсларининг ҳаво, сув ва музлик, ҳароратнинг ўзгариши ва бошқа табиий-кимёвий ҳодисалар ҳамда организмлар таъсирида парчаланишига нураш дейилади. У нураш омилларига қараб физик, кимёвий ва биологик нурашга бўлинади.
Физик нураш ҳароратнинг кескин ўзгариши, сув ва ҳаво оқимлари, музларнинг ҳаракати натижасида тоғ жинсларининг механик парчаланиши орқали амалга ошади.
Тоғ жинсларини ташкил этувчи минералларнинг иссиқликдан кенгайиш хусусиятлари турлича бўлганлиги туфайли улар ҳароратнинг кескин суткалик ўзгаришида турли миқдорда кенгаяди ва тораяди. Бу тоғ жинсларида дастлаб жуда майда дарзликлар ривожланишига олиб келади. Дарзликларга сув сингиб, музлайди. Натижада дарзликлар янада кенгаяди. Йирик кристалл донали жинсларда минералларнинг дезинтеграцияси – доналарнинг бир-биридан ажралиб кетиши содир бўлади.
Тоғ жинсларининг генетик тури, моддий таркиби, структура-текстуравий хусусиятларига боғлиқ ҳолда нураш турлича кечади. Масалан, интрузив таналар устида физик нураш туфайли йирик ҳарсанглар тўплами ҳосил бўлиши мумкин (109-расм).
109- расм. Гранитли жинсларнинг механик нураши.
|
Сув ва ҳаво оқимлари, уринма тўлқинлар ҳам катта емириш кучига эга бўлади. Сув оқимларининг емирувчи кучи рельеф нишаблигига бевосита боғлиқ бўлса, уринма тўлқинларники эса шамол энергияси билан белгиланади. Қуруқликда шамол қояли жинсларни емириб, дефлация ва корразияга учратади.Физик нураш натижасида тоғ жинслари ва минералларнинг турли ўлчамдаги механик бўлаклари ҳосил бўлади.
Ўз навбатида физик нураш иккига: ҳароратли ва механик нурашга бўлинади.
Ҳароратли нураш. Тоғ жинсларининг бир хилда иситилмаслиги сабабидан содир бўлади. Бунда асосан, ҳароратнинг суткалик тебраниши катта аҳамиятга эга бўлади. Мономинерал тоғ жинсларининг юза қисми билан пастки қисми ўртасида, полиминерал тоғ жинсларида турли қаттиқлик ва рангдаги минераллар ўртасида ҳарорат амплитудасининг таъсиридан сиқилиш ва кенгайиш кузатилади. Натижада тоғ жинсида дарзлар пайдо бўлиб, аста-секин парчалана боради.
Ҳароратли нураш кескин континентал арид иқлимли ўлкаларда ва арктикада кучли кечади.
Механик нураш сув ва ҳаво оқимларининг кучи, гравитацион жараёнлар, тоғ жинсларининг музлаши ва ўсимликлар томири таъсирида емирилишидан намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |