Эконометрикага кириш. Фаннинг мақсади ва вазифалари.
Эконометрика фанлар тизимида жуда тез ривожланиб бораётган соҳа бўлиб, унинг асосий мақсади иқтисодий муносабатларга миқдорий ўлчамларни беришдан иборат. “Эконометрика” атамаси биринчи марта 1910 йилда Австриялик бухгалтер П.Цеп томонидан киритилган. П.Цеп: “Агар бухгалтерия ҳисоби маълумотларига алгебра ва геометрия усуллари қўлланилса, у ҳолда хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш мумкин”, деб таъкидлаган. Ушбу ибора кўп вақт давомида ишлатилмаган бўлсада, “эконометрика” ибораси иқтисодиёт илмида янги йўналишнинг юзага келишида жуда қулай келди.
Иқтисодий фанлар тизимида янги йўналиш – “эконометрика” 1930 йилда пайдо бўлди. “Эконометрика” (грекча – “metron”) сўзи иккита “экономика” ва “метрика” сўзларининг бирлашмасидан ташкил топган. Шундай қилиб, иборанинг ўзида эконометрикани фан сифатида хусусияти ва мазмуни ифодаланади. Унинг мазмуни – иқтисодиётнинг назарий фанлари томонидан очилган ва асосланган алоқа ва муносабатларни миқдорий ифодалашдан иборат. Демак, эконометрика иқтисодий ҳодисаларни ўлчаш ва таҳлил қилиш ҳақидаги фандир.
Эконометриканинг юзага келиши иқтисодиётдаги воқеа, ҳодиса ва жараёнларни ўрганишда бир нечта фанларни бирлаштирган ёндашув натижаси билан боғлиқ. Бу фан иқтисодиёт назарияси, статистика ва математик усулларни бирлаштириш ва ўзаро тўлдириш натижасида юзага келган. Кейинчалик эконометрикани ривожлантириш учун ушбу усулларга ҳисоблаш техникаси татбиқ этилган.
1933 йилда Р.Фишер томонидан “Эконометрика” журналига асос солинди. Журналда у эконометрикага қуйидагича таъриф берган: “Эконометрика бу – ўша иқтисодий статистика эмас. Кўп қисми миқдорий хусусиятга эга бўлган иқтисодий назариянинг ўзи ҳам эмас. Эконометрика математикани иқтисодиётда қўллаш ҳам эмас. Тажриба шуни кўрсатадики, ҳар учала – статистика, иқтисодиёт назарияси ва математика фанларининг компонентлари замонавий иқтисодий ҳаётнинг миқдорий томонларини англаш учун зарурий, лекин етарли бўлмаган шартларидир. Бу – учта фаннинг бирлигидир. Бу бирлик эконометрикани ташкил этади”.
Шундай қилиб, эконометрика бу – иқтисодий жараён ва ҳодисаларни ўзаро боғланишини миқдор жиҳатдан ифодаловчи фандир.
Эконометрик усуллар оддий анъанавий усулларни инкор этмасдан, балки уларни янада ривожлантиришга ва объектив ўзгарувчан натижа кўрсаткичларини бошқа кўрсаткичлар орқали муайян таҳлил қилишга ёрдам беради. Эконометрик усулларнинг ва компьютерларнинг миллий иқтисодиётни бошқаришда афзалликларидан бири шундаки, улар ёрдамида моделлаштирувчи объектга омилларнинг таъсирини, натижа кўрсаткичига ресурсларнинг ўзаро муносабатларини кўрсатиш мумкин. Бу эса ўнлаб тармоқлар ва минглаб корхоналарда ишлаб чиқариш натижалари ва миллий иқтисодиётнинг илмий асосда прогнозлаштириш ва бошқаришга имкон беради.
Эконометрик моделлаш иқтисодий кўрсаткичларни ўзгариш қонуниятларини, тенденцияларни аниқлаш натижасида эконометрик моделлар ёрдамида иқтисодий жараёнларни ривожланиш ва прогнозлаш йўлларини белгилайди.
Иқтисодий маълумотлар динамик қатор ёки динамик устун кўринишида тузилади, яъни улар вақт бўйича ўзгарадилар. Кузатувлар сони омиллар сонидан 4-5 марта кўпроқ бўлиши керак.
Эконометрик усуллар олий статистика деб номланувчи жуфт ва кўп ўлчовли регрессия, жуфт, хусусий ва кўп ўлчовли корреляция, трендларни ажратиш ва бошқа даврий қаторлар компонентлари, статистик баҳолаш усуллари асосида юзага келган ва ривожланган.
Р.Фишер шундай деб ёзади: “Статистик усуллар ижтимоий фанларда муҳим элемент ҳисобланади ва айнан шу усуллар ёрдамида ижтимоий билимлар фан даражасигача кўтарилиши мумкин”.
Биринчидан, эконометрика ўзига хос бўлган усуллар тизими сифатида иқтисодий ўзгарувчилар ва улар орасидаги боғланишларнинг хусусиятларини тасвирлаган ҳолда ўзининг масалаларини аниқлаштириш билан ривожлана бошлади. Регрессия тенгламасига нафақат биринчи даражали ўзгарувчиларни киритилди, балки натижага максимал ёки минимал даражада таъсир этувчи қийматларни акслантирувчи иқтисодий ўзгарувчиларнинг оптимал хусусиятларини ифодалаш мақсадида иккинчи даражали ўзгарувчиларни ҳам киритила бошланди. Масалан, экинларни ўғитлашнинг ҳосилдорликка таъсирини кўриладиган бўлса, экинларни маълум бир даражада ўғитлаш унинг ҳосилдорлигини оширади, лекин ўғитлаш меъёр даражасидан ортиши ҳосилдорликнинг ортишига олиб келмайди, балки унинг пасайишига олиб келиши мумкин. Худди шундай, кўплаб ижтимоий-иқтисодий ўзгарувчиларнинг таъсири ҳақида гапириш мумкин (масалан, ишчилар сони ортишининг меҳнат унумдорлигига, даромадларнинг айрим озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолига таъсири ва бошқалар).
Иккинчидан, регрессия тенгламасида мустақил компонентлар сифатида қаралувчи ижтимоий-иқтисодий ўзгарувчиларнинг ўзаро таъсири акс этади.
Масалан, қуйидаги регрессион боғланишни кўриб чиқайлик:
Do'stlaringiz bilan baham: |