Табиатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал қилишда халқаро ҳамкорликнинг қандай шакллари мавжуд?
Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг тарихи.
Экология ва табиат муҳофазаси фаолияти билан шуғулланувчи қандай халқаро ташкилотларни биласиз?
Табиат муҳофазаси соҳасидаги асосий конвенция ва шартномалар.
ЮНЕСКОнинг "Инсон ва биосфера” дастури тўғpucuдa нималарни биласиз?
Фақатгина халқаро келишув, ҳамкорлик йўли билан ҳал қилса бўладиган қандай минтақавий ва глобал муаммоларни биласиз? Ўзбекистонда фаолият кўрcaтаётган, экология масалалари билан шуғуланувчи қандай давлат ва нодавлат ташкилотларини биласиз?
Ўзбекистон қайси халқаро конвенцияларга қўшилган?
14-Боб. Барқарор ривожланиш: муаммолар ва истиқболлар Ҳозирги авлод кўз ўнгида маҳаллий ва регионал экологик инқироз вазиятлари кузатилмоқда. Бунда инсон томонидан ўзгартирилган табиатнинг ижтимоий тараққиётга таъсирининг кескин ортиши кузатилади.
Инсоният тарихида экологик инқирозлар кўплаб кузатилган. Уларнинг натижасида миллионлаб гектар ерлар чўлга айланган, минглаб ўсимлик ва ҳайвон турлари қирилиб кетган, ўрмонларнинг майдони қисқарган, гуллаб яшнаган цивилизациялар инқирозга юз тутган.
Атроф муҳитдаги катта кўламидаги салбий экологик ўзгаришлар XVII асрдан бошланган ва ХХ асрнинг бошларига келиб ер юзидаги экологик системаларнинг 20% бузилган. XX асрнинг иккинчи ярмига келиб қисман ва тўла бузилган экосистемалар ҳиссаси 63% дан ошди.
1960-йиллар охирида ривожланган ғарб мамлакатларда атроф муҳитнинг ифлосланишига қарши кучли жамоатчилик ҳаракати вужудга келган, дастлабки экологик қонунлар қабул қилинган, мингга яқин экология ва ривожланиш масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлар тузилди.
1968 йили 10 та давлатдан 30 кишидан иборат фан, маданият, маориф, бизнес вакиллари «Рим клуби» деб номланган нодавлат ташкилотини тузишди. Клуб аъзолари инсониятнинг ҳозирги ва келажакдаги мураккаб аҳволини муҳокама қилиш ва инқироздан чиқиш йўлларини ўрганишни асосий мақсад деб белгиладилар. 1972 йил 13 мартда «Рим клуби» учун тайёрланган «Ўсиш чегаралари» маърузаси эълон қилинди. Маърузада сайёрамиз келгуси экологик ҳолатини башорат қилиш бўйича глобал модел таҳлил қилинган. Моделда сайёрада ўсишни ва унинг чегарасини белгилайдиган беш асосий омил: аҳоли сони, қишлоқ ҳўжалик ишлаб чиқариши, табиий ресурслар, саноат ишлаб чиқариши ва атроф муҳитнинг ифлосланиши асос қилиб олинган. Маърузада аҳоли сонининг ортиши суръатлари ва истеъмол модели ўзгармаса XXI асрнинг 30-йилларига келиб чуқур экологик инқирозлар башорат қилинган.
«Рим клуби»нинг эълон қилинган кейинги глобал моделларида(1974; 1990; 1992) янги шароитлар ҳисобга олинган, ўсиш истиқболларига, экологик халокат хавфига қарашлар ўзгарган.
1972 йил 5 июнда Стокгольмда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти(БМТ)нинг Атроф муҳит бўйича биринчи Умумжаҳон Конференцияси ўтказилди. Унда 113 давлат вакиллари қатнашдилар. Конференцияда экологик йўналтирилган социал-иқтисодий ривожланиш ғояси олдинга сурилган бўлиб, унга мувофиқ аҳоли турмуш даражасининг ортиши яшаш муҳитининг ёмонлашиши ва табиий системаларнинг бузилишига йўл қўймаслиги лозим.
Экологик ривожланиш давлатлар ўртасидаги муносабатлар ва иқтисодиётдаги чуқур ўзгаришлар, ресурсларни тақсимлаш ва фойдаланиш стратегиясида, дунёнинг ривожланишида туб бурилишни кўзда тутади. Экологик ривожланишнинг асосий талаблари Конференцияда қабул қилинган 26 принципдан иборат «Стокгольм декларацияси»да келтирилган. Бу принциплардан бирида « Ҳар бир инсон қулай атроф муҳитда яшаш ҳуқуқига эга, унинг сифати эса инсонларни муносиб ҳаёт кечиришга ва тараққиётга эришадиган даражада бўлиши керак» деб таъкидланади. қабул қилинган «Тадбирлар режаси» 109 банддан иборат бўлиб, унда алоҳида давлатлар ва ҳалқаро ҳамжамият ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ташкилий, сиёсий ва иқтисодий масалалари ёритилган. Ҳалқаро ташкилотлар фаолиятини оширишга алоҳида эътибор кўрсатилган. Конференция қарори билан унинг очилиш куни- 5 июн Бутунжаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни деб белгиланди.
Конференциядан сўнг, белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун БМТнинг Бош ассамблеяси атроф муҳит бўйича маҳсус дастури-ЮНЕП(UNEP)ни тузди. ЮНЕП биринчи навбатда энг долзарб муаммолар- чўллашиш, тупроқлар деградацияси, чучук сув захираларининг камайиши, океанларнинг ифлосланиши, ўрмонларнинг кесилиши, қимматли ҳайвон ва ўсимлик турларининг йўқолиши муаммолари бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак эди. Бутунжаҳон атроф-муҳит жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма БМТга аъзо давлатларнинг бадали ҳисобига ривожланаётган мамлакатлардаги турли экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириши белгиланди.
Стокгольм Конференциясидан кейин жаҳон ҳамжамияти экологик йўналтирилган тараққиётга эришиш бўйича дастлабки қадамларни ташлади. 1975 йили аҳоли сони 4 миллиард, 1987 йили 5 миллиарддан ошди. Дунёнинг турли чеккаларидаги экологик инқироз вазиятлари чуқурлашди. Орол денгизининг қуриши, Шимолий Африка мамлакатларидаги қурғоқчилик, Чернобил АЭС ҳалокати, океанларнинг нефть маҳсулотлари билан ифлосланиши, «озон туйнуклари» муаммолари чегара билмаслиги, регионал ва глобал оқибатлари билан намоён бўлди.
1983 йили БМТ Бош Котибининг ташаббуси билан Атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича халқаро комиссияси тузилди. Норвегия бош вазири Г.Х. Брунтланд бошчилигидаги комиссия 1987 йили «Бизнинг умумий келажагимиз» деб номланган маърузани эълон қилди. Ушбу ҳужжатда йирик экологик муаммоларни иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муаммолардан ажралган ҳолда ҳал қилиб бўлмаслиги баён қилинди. Комиссия атроф муҳит учун ҳавфсиз бўлган иқтисодий-экологик ривожланиш даврига ўтиш зарурлигини ёқлаб чиқди. Маърузада илк бор жамиятнинг барқарор ривожланиш йўлига ўтиши зарурати рад қилиб бўлмайдиган ҳулосалар асосида исботлаб берилди.