« Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби(Бизнинг қўл остимиздаги)жамоалардир. Китобда(яъни, тақдири-азал китобида) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз). Кейин ҳаммалари Парвардигорлари даргоҳида тўпланурлар» («Анъом» , 38).
Бу ҳикматдан ҳамма жонзотлар Аллоҳнинг ягона оиласи вакиллари эканлиги ҳақидаги маъно келиб чиқади. Бизнинг уларнинг ичида фойдали, заралиларини ажратишимиз, айниқса, заруратсиз жонзотларни нобуд қилиш ноўрин ишлардандир. Фақатгини овқат зарурати учун ов қилишга рухсат берилади. Ҳар қандай катта-кичик ҳайвонларни беҳуда ўлдириш, айниқса болаларини овлаш қатъий ман қилинади. Исломда фил, айиқ, маймун, сичқон, илон, калтакесак ва бошқа ҳайвонлар гўштининг харом қилиниши алоҳида аҳамият касб этади. Исломда нафақат ҳайвонларга озор бериш, ҳатто уларни хақоратлаш ҳам ман қилинади. XIII асрда араб олими Абу ас-Салом пайғамбаримиз(С.А.В)нинг ўгитларини ўрганиб ҳайвонларнинг ҳуқуқлари тўғрисида асар ёзган(Борейко,2000). Дарахтлар ва ўсимликларга, хатто тоғу-тошларга ҳам меҳрли муносабатда бўлиш исломга хос ҳисобланади.
Экосистемаларда организмлар қанчалик хилма-хил бўлса, унинг ташқи таъсирга чидамлилиги ҳам шунчалик кучли бўлади. Шунинг учун биосферадаги мавжуд хилма-хилликни сақлаб қолиш табиатни муҳофаза қилишнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Генетик хилма-хиллик, турлар хилма-хиллиги, экосистемалар хилма-хиллиги ажратилади. Биосферадаги мувозанатни сақлаб қолишда ўсимлик ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Бу мақсадга эришиш учун турли тадбирлар ўтказилади. XIX асрдан бошлаб қўриқхоналар, миллий боғлар, буюртмахоналар ташкил қилиш фаолияти жадаллашган.
қўриқхона деганда инсоннинг ҳар қандай хўжалик фаолияти тақиқланган, табиат комплекси асл ҳолида сақланадиган ҳудудларга айтилади.
Миллий боғларда табиатдан фойдаланиш, аҳоли дам олиши учун шароитлар ҳам мавжуддир.
Буюртмахоналарда қисман муҳофаза ёки тўлиқ муҳофаза таъминланиши мумкин. Бундай алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудларда йўқолиб бораётган ноёб ўсимлик ва ҳайвонлар, табиат комплекси муҳофаза қилинади.
Ислом динида қўриқланадиган ҳудудларни ташкил қилишга эътибор қаратилган ва «хайма» деб аталадиган одат қадимдан маълум. Бунда ҳеч кимга қарашли бўлмаган ҳудудлар муҳофаза қилинади ва у ерларни ўзлаштириш ман қилинади. Пайғамбаримиз(С.А.В) замонларида Макка ва Мадина шаҳарлари ичидаги ва ён атрофидаги дарахтлар, қушлар, ўт-ўланлар муҳофазага олинган. Бу қонунни бузган кишининг қуроли тортиб олиниб, қаттиқ танбеҳ берилган.
Инсон томонидан бузилмаган ҳудудлар «харам» деб номланган ва ундай ерлар фақатгина алоҳида рухсат билан ўзлаштирилган. «Хайма» ва «харам» тушунчалари табиатни муҳофаза қилишда юқори салоҳиятга эгадир. Ушбу ҳудудлар қуйидаги сабабларга кўра қийматга эгадир:
-бузилган ерларни тиклаш имкониятини беради;
-биологик хилма-хилликни сақлайди;
-сув айриғичлар ва дарё хавзаларини асрайди;
-сайёҳлар учун аҳамиятга эга.
Ноёб ва йўқолиб бораётган турларнинг муҳофазасига эътиборни кучайтириш учун 1966-йили Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Иттифоқи томонидан халқаро «қизил китоб» ташкил қилинган. Алоҳида давлатлар ўз «қизил китоби»га эга. «қизил китоб» фақатгина хатар даракчиси бўлмай, балки муҳофаза ҳаракатларининг дастури ҳамдир. Ўсимлик ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш фақатгина турли давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик йўли билангина муваффақиятли олиб борилиши мумкин. Кўчиб юрувчи ҳайвонлар, Дунё океани ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, чегаралараро дарёларда яшовчи ўсимлик ва ҳайвонлар давлатлараро келишув йўли билан муҳофаза қилинади. 1992-йили Рио-де-Жанейрода «Биологик хилма-хилликни сақлаш» халқаро Конвенциясининг имзоланиши бошланган ва ҳозирда бу конвенцияга дунёдаги 170 дан ортиқ давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон ҳам қўшилган. Ўсимлик ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш алоҳида махсус халқаро ва миллий даражадаги қонунлар орқали назорат қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |