10.4 Ўзбекистонда минерал ресурслардан фойдаланиш
Ўзбекистон Республикаси минерал хом-aшё ресурсларига бойдир. Ўзбекистонда Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар конлари мавжуд деса муболаға бўлмайди. Ҳар йили ўнлаб минерал хом-ашё конлари ишга туширилаяпти.
Ҳозирга қадар 2,7 мингдан зиёд турли фойдали қазилма конлари ва маъдан намоён бўлган истиқболли жойлар аниқланган. Улар 100 га яқин минерал-хом ашё турларини ўз ичига олади. Шундан 60 дан ортиғи ишлаб чиқаришга жалб этилган. 900 дан ортиқ кон қидириб топлган бўлиб, уларнинг тасдиқланган захиралари 970 миллиард АқШ долларини ташкил этади. Шу билан бирга умумий минерал-хом ашё потенциал 3,3 триллион АқШ долларидан ортиқроқ баҳоланади(Каримов,1997) .
Ўзбекистонда қазилма бойликларни қидириб топиш, ишга тушириш, қазиб олиш, ташиш жараёнларида кўплаб ерлар қазилади, кераксиз тоғ жинслари ағдармалари вужудга келади.
Зилзила, сурилма ва сел хавфи бўлган Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида жойлашган чиқиндихоналар экологик хавфсизлик талабларига тўла жавоб бермайди. Газ, нефть ва бошқа қазилмаларни кўплаб чиқарилиши зилзила ва сурилмаларга сабаб бўлиши мумкин.
Узоқ вақт давомида Ўзбекистон хом- ашё базаси ҳисобланиб, олтин, вольфрам, мис, уран, нефть, газ, кўмирнинг кўплаб қазиб чиқарилиши қайта тикланмайдиган бу ресурслар захирасига салбий таъсир кўрсатди. Айрим конлардаги газ захираси тугаш арафасида. қазилма бойликлардан тўлиқ фойдаланишнинг таъминланманганлиги натижасида тоғ-кон саноатида ҳoсил бўладиган чиқиндилар атроф муҳитнинг кучли ифлосланишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонда 60 йилдан ортиқ вақт давомида уран қазиб олинади. Бу давр ичида 150 га яқин радиоактив ифлосланган участкалар ҳосил бўлган ва уларда маҳсус дастур бўйича дезактивация, рекультивация қилиш лозимдир. Ўзбекистондан 30 км. масофада Майлисув(қирғизистон) дарёси қирғоқларида 23 чиқиндихона ва 13 ағдармаларда катта хажмдаги радиоактив чиқиндилар сақланади. Бу регионал экологик ҳалокат манбасидир. Сел ёки сурилма натижасида бу чиқиндиларнинг Майлисув, қорадарё ва Сирдарёга тушиши Ўзбекистонда 300 км2 майдонда, 1,5 млн.дан ортиқ аҳоли яшайдиган ҳудудда экологик ҳалокат келтириб чиқариш мумкин(Национальнўй доклад, 2005).
Минерал ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш учун Ўзбекистонда «Ер ости қазилмалари тўғрисида»ги(2002) қонун қабул қилинган.
Чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш Ўзбекистондаги энг долзарб экологик муаммолардан ҳисобланади. Тоғ-кон саноати энг катта хажмдаги чиқиндиларни беради. Ҳар йили ўрта ҳисобда 100 млн.тоннадан ортиқ саноат, маиший ва бошқа чиқиндилар вужудга келади ва 15-20% захарлидир. Республикада чиқиндиларни жойлаштириш ва зарарсизлантириш, қайта ишлаш талабга тўла жавоб бермайди. Навоий, Тошкент, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрида энг кўп чиқиндилар ҳосил бўлади ва жойлаштирилади. қайта ишланадиган қаттиқ чиқиндилар 14-15%ни ташкил қилди. Бу соҳадаги фаолиятни тартибга солиш мақсадларида Ўзбекистонда 2002-йили «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |