Ўзбекистон ҳайвонларини ўрганиш ва экология. Д.Н.Кашкаровнннг дастлабки ишлари Ўрта Осиёнинг кемирувчиларини ўрганишга қаратилган эди. Олим уларнинг биологияси, систематикаси ва зарарига эътибор бериш билан бирга ҳайвонлар экологияси бўйича ҳам иш олиб борди. 1928 йилда Д.Н.Кашкаров АҚШ га борди, чунки бу вақтда АҚШда экология фани бирмунча ривожланган эди. У 7 ой мобайнида йирик экологларнинг ишлари билан танишиб чиқди, жумладан, Адамс, Шелворд, Чепман, Гринелл, Элли, Тейлор, Форхис ва бошқаларнинг ишларини ўрганди. У 12 та университет, музей, қўриқхоналар билан танишади. Д.Н.Кашкаровнинг Ленинград университетига кетиши муносабати билан Ўзбекистонда экологик йўналиш унинг давомчилари В.А. Селевин, Т.3.Зоҳидов, И.И.Колесников ишларида ривожланди. Кейинги йиллардаги зоология тадқиқотлари Ўзбекистон ФАнинг Зоология ва паразитология институти фаолияти билан боғлиқдир. Институт 1950 йилда биология фанлари бўлими таркибида ташкил этилган. Унинг асосий тадқиқот йўналишлари Ўзбекистон ҳайвонот оламининг умумий қонуниятларини ўрганишга қаратилган. 1950 йилдан бошлаб институтда ҳайвонлар экологиясида рўй берадиган айрим жараёнлар ва қонуниятлар ўрганила бошланди. Айниқса, инсоният таъсирида ҳайвонларнинг тарқалиши ҳамда таркибий ўзгаришлари, шунингдек паразит бўғимоёқлилар, гельминт ва оддий организмлар ҳаёт даври ва инвазия йўлларини ўрганишда батафсил тадқиқотлар ўтказилди. Институтнинг муҳим амалий тадқиқотларига ҳайвонот оламини қўриқлаш ва ундан оқилона фоидаланиш тадбирлари асосларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалик ҳайвонлари инвазион касалликларининг олдини олиш, қимматли ҳайвон турларининг кадастри ва назорат ишлари олиб боришлар киради.
Ўзбекистон ФА нинг академиклари Т.3.Зоҳидов, А.М.Муҳаммадиев, мухбир аъзоларидан В.В.Яхонтов, М.А.Султонов, Р.О.Олимжонов кабилар Ўзбекистонда зоология тадқиқотларининг ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшганлар. Улар ўзлари ҳамда шогирдлари билан биргаликда йирик монографиялар яратдилар. Жумладан, М. А. Султоновнинг «Ўзбекистон қушларининг гельментлари» (1963), В. В. Яхонтовнинг «Ҳашаротлар экологияси» (1963), Т.3.Зоҳидовнинг «Қизилқум чўлининг биоценозлари» (1971) каби асарларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Кейинги йилларда институт олимлари «Ҳайвонот оламини қўриқлаш ва ундан рационал фойдаланиш» илмий асосларини ишлаш дастурига оид тадқиқотларга киришдилар. Бундан мақсад кузатув тадқиқотлари (мониторинг) ахборот йиғиндисини таҳлил қилиш ва тартибга солиш, генофондни сақлаш ҳамда имкониятларни ўрганиш, ҳайвонот оламини қўриқлашдан иборатдир. Асосий йўналиш жумҳуриятда экологик кузатишлар назариясини тизимлашткришда кенг миқёсда компьютер техникасидан фойдаланишдан иборат, бу эса ўз навбатида юқори даражада назарий ва амалий натижаларга эришишни ҳамда табиатни қўриқлаш са-марадорлигини оширишни таъминлайди. Шу мақсадда институт таркибида экологик кузатиш (мониторинг) лабораторияси ташкил этилиб, бунда юқорида кўрсатилган муаммога оид муҳим тадқиқотлар ўтказилади, паразитология ва гельминтология соҳасида чуқур изланишлар давом эттирилади, улар таксономик текширувларни таъминлайди. Биологик такрорланишлар, экологик хусусиятлар ҳамда ҳайвонлар экто ва эндо-паразитларига қарши интеграл кураш чоралари ўрганилади.
Институтдаги илмий ишлар асосан ундаги бир қанча йўналишдаги лабораторияларда олиб борилди. Ҳашаротлар ёки энтомология лабораторияси 1950 йилда ташкил этилган. Унга таниқли олимлардан А.Н.Лужецкий (1950—1953 йиллар), ЎзФА мухбир аъзолари Р.О.Олимжонов (1954—1957 йиллар), В.В.Яхонтов (1958—1970 йиллар), биология фанлари номзоди О.Г.Давлетшина (1971-1983 йиллар) ва Н.Э.Эргашев (1981-1985 йиллар)лар раҳбарлик қилганлар. Лабораториянинг асосий илмий йўналишлари қуйидагилардан иборат: Ўзбекистонда учрайдиган зарарли ва фойдали бўғимоёқлиларни сақлаш, улардан фойдаланиш йўллари, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда физиологик-биокимёвий, токсикологик омилларга асосланган ҳолда илмий иш олиб бориш. Лабораториянинг ўсимликларни ҳимоя қилиш муаммоси атроф-муҳитни ифлослантирмаслик масалалари билан узвий боғлангандир. Атроф-муҳитнинг кимёвий моддалардан заҳарланмаслиги учун қуйидагилар тавсия қилинади: 1. Қишлоқ хўжалигида зараркунандаларга бардошли навларни танлаш; 2. Ўсимликларни ҳимоя қилишда табиий кушандалардан кенг фойдаланиш; 3. Ҳар хил табиий шароитда кушанда билан зарар кунанда ва улар ўртасидаги боғланишни ўрганиш; 4. Ўсимликларни ҳимоя қилишда кам, зарарлайдиган кимёвий, микробиологик моддалардан ва бошқариб турувчи моддалардан фойдаланиш.
Тернология бўлими лабораториясида X.С.Солиҳбоев, Г.И.Ишунинлар Туркистон тоғларининг ов ҳайвонларини ўргандилар. 60-йиллардан бошлаб X.С.Солиҳбоев раҳбарлигида илмий ижодхона олдига иссиқ иқлимда яшовчи ҳайвонларнинг ҳаётини ўрганиш тавсия этилади. Натижада « Ўзбекистон жанубидаги умуртқали ҳайвонларнинг экологияси ва хўжалик аҳамияти» деган асар яратилди. Бунда сутэмизувчи ҳайвонлар экологиясига ва хўжаликда аҳамиятга эга бўлган турларига алоҳида эътибор берилди. Қарши чўлини ўрганиш натижасида Д.Кашкаров, А.Зокиров, А.Петровалар биргаликда «Қарши чўлининг умуртқали ҳайвонлари экологияси»ни яратдилар. Бу асарда сут эмизувчи ҳайвонларнинг таркиби, тарқалиши, экологияси ва улардан фойдаланиш йўллари ишлаб чиқилган.
1963-1966 йилларда Нурота тоғининг ҳайвонот дунёсини ўрганиш вазифаси қўйилди. Олимлар олдида Қизилқум ҳайвонот дунёсининг Нурота тоғининг ҳайвонот дунёсига таъсирини ўрганиш муаммоси турарди. Натижада Ҳ.С.Солиҳбоев, О.П. Богданов, Т.А.Паленко, С.Т.Губайдулина, Г.И.Ишунин, Д.Ю.Кашкаров, Н.Зокировлар илмий ишлари натижасида «Нурота тоғи умуртқали ҳайвонлари экологияси» (1970) номли асар яратилди. «Фарғона водийсининг умуртқали ҳайвонлари» деган асарда водийда яшовчи умуртқали ҳайвонлар зоологияси, экологияси, уларнинг тарқалиши, ҳаёт тарзи, кўпайиши, овқатланиши, хўжаликдаги аҳамияти келтирилган. 1966 йилда Т.Зоҳидов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, биология фанлари номзоди Г.С.Султоновлар ташаббуси билан сут эмизувчиларни ўрганиш илмий ижодхонаси ташкил қилинди. 1981-1985 йилларда илмий ижодхона олдига Ўзбекистонда овланадиган камёб ҳайвонлар экосистемасини ўрганиш вазифаси қўйилди. Бўлимга В.И.Таренников раҳбарлик қилди. Ушбу беш йилликда сут эмизувчи ноёб ҳайвонлар сонининг камайиш сабабларини аниқлаш, уларнинг эски ареалларини тиклаш, камёбларини сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш вазифаси турар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |