САВОЛЛАР ВА ТОПШИРИҚЛАР
Атмосфера ҳавоси асосан қандай газлардан иборат?
Ўзбекистонда қандай корхоналар ҳавони кўпроқ ифлослайди?
Ҳавони муҳофаза қилишда қандай тадбирларни биласиз?
Ўзбекистон ҳавосини ифлосланишини кузатиш ишларини қандай ташкилот олиб боради?
Ўзбекистонда ҳавони тоза бўлиши учун Сиз қандай ҳисса қўшмоқдасиз?
VI.5. СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ
Ер шари сув ресурслари, уларнинг таркиби ва тузилиши. Табиатда ва инсон ҳаётида сувнинг аҳамияти. Чучук сув муаммоси. Сув ресурсларини ифлослантирувчи асосий манбалари ва сабаблари. Сув ресурсларини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари.
Биосферадаги жараёнлар ва инсоният жамиятида сув катта аҳамиятга эга. Сув - водород билан кислороднннг бирикишидан ҳосил бўлган суюқ, рангснз модда. Сув вазнига кўра 11,11% водород ва 88,89% кислород мавжуд. Бу мураккаб минерал табиатда турли (газ, суюқ ва қаттиқ) ҳолларда мавжуд бўлиб, модда ва энергия айланма ҳаракатида катта роль ўйнайди. Сувнинг уч хил агрегат ҳолатида бўлиши Ер шарининг турли ҳудудларида об-ҳаво ва иқлим шароитларининг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Сув ресурсларига дарё, кўл, сув омборлари, каналлар, ботқоқлик, денгиз ва океан, ер остидаги сувлар, тупроқ намлиги, қутб ва тоғлардаги музликлар, ҳаттоки атмосферадаги булутлар ва намликлар ҳам киради.
Ер куррасидаги сувлардан иборат бўлган қобиқ гидросфера деб аталади. Унга сайёрамиздаги барча сувлар—океан, денгиз, кўл, дарё, муз, ботқоқлик ва 5 км гача чуқурликда бўлган ер ости сувлари киради. Ер юзасидаги сув миқдорини 100% деб олсак, шунинг 93,96% ини, шўр океан ва денгиз сувлари, 4,12% ини ер ости сувлари, 1,65% ини музликлардаги сувлар, 0,026% ни кўл сувлари ва чучук сув миқдори 84 миллион 827,2 минг км3 ни ташкил этади ёки бутун гидросферадаги умумий сув миқдорининг 6% и демакдир. Гидросферадаги сув доимо ҳаракатда бўлиб, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб айланиб туради. Сув — Ер шаридаги барча организмларнинг ҳаёти учун зарур бўлган муҳим минералдир. Сув кундалик ҳаётимизда фойдаланиб келинаётган бошқа табиий ресурслардан фарқланиб туради. Чунки кишилик жамиятида сувнинг ўрнини босадиган бошқа ҳеч қанақа ресурс йўқдир. Бу эса сувнинг бебаҳо эканлигидан дарак беради. Биз бу ўринда сувнинг ҳақиқатан ҳам бебаҳо эканлигини алоҳида таъкидламоқчимиз ва кўпгина кишилар унинг бу хусусиятини кўпинча тасаввур қилиб кўрмасалар ҳам керак. Акс ҳолда сувни ортиқча сарфлаб увол қилмаган бўлар эдилар ёки бўлмаса сувнинг ифлосланишига йўл қўймаган бўлар эдилар.
Сувсиз ҳаёт йўқ. Чунки ўсимлик таналарининг 80-85 фоизи, ҳайвон организмларининг 60-75 фоизи, медуза танасининг 99,7 фоизи сувдан иборат. Янги туғилган чақалоқ танасининг 70 фоизини, катта ёшдаги киши организмининг 65 фоизини сув ташкил этади. 70 килограмм оғирликдаги ўрта ёшдаги кишининг 45 кг.и сувдан иборат. Сув инсон танасининг ҳамма аъзосида учрайди, хатто суякнинг 25 фоизини ҳам сув ташкил этади. Инсон истеъмол қиладиган сабзавот таркибида 78-90 фоиз, сутда 89 фоиз, гўштда 50 фоиз сув бор. Сув - ер юзасидаги турли иқлимни вужудга келтиришда acocий омиллардан бири, сув буғлари эса алоҳида аҳамиятга эгадир. Атмосфера сувларисиз жойнинг об-ҳавосини тасаввур этиб бўлмайди. Ҳавода сув буғларининг миқдори ер юзаси ва йил фаслларига боғлиқ: экватор ҳавосида сув буғлари энг кўп бўлса, қутбий ўлкаларда энг кам бўлади. Ер юзасидан йилига 525100 минг км3 сув буғланиб, атмосфера ҳавоси намлигининг асосий манбаи ҳисобланади. Атмосферадаги намлик булутларни вужудга келтиради. Баъзи булутларда юзлаб тонна сув бўлади. Бу улкан сув массаларидан иборат бўлган нам ҳаво оқимлари Ер юзасида бир ердан иккинчисига кўчиб жойларга намгарчилик келтиради, жойнинг ҳаво хароратига таъсир кўрсатади. Океан ва денгизлар юзасидан буғланган намлик кондисация жараёнида сув томчиларига айланади ва бевосита океан ва денгизларга тушиб, сувнинг кичик айланма ҳаракатини ҳосил килади.
Атмосферанинг хилма-хил ёғинлари қуруқлик юзасига тушиб тупроқ намлигига, оқимга, кўл ва ботқоқликка, музликка айланади. Намлик яна буғланиб, баъзи ерга синган ва сингмаган қисмлари сув оқимини вужудга келтириб, денгиз ва океанларга қайта тушиб, Ер шарида сувнинг катта айланма ҳаракатини ҳосил этади. Сувнинг айланма ҳаракати жараёнида океан сувининг тўла алмашиниши 3000 йил давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |