13-модда. Давлат экологик экспертизасини
ўтказишнинг мажбурийлиги
Ушбу Қонуннинг 11-моддасида кўрсатиб ўтилган объектларни давлат экологик экспертизасидан ўтказиш мажбурийдир.
Давлат экологик экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталарининг ихтисослашган эксперт бўлинмалари томонидан ўтказилади.
14-модда. Давлат экологик экспертизасини ўтказишда
қўйиладиган талаблар
Давлат экологик экспертизасини ўтказишда:
тақдим этилган материалларнинг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги текширилади;
режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик ва ижтимоий оқибатлари тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги таҳлил қилинади;
биологик, кимёвий моддалар ва технологияларнинг атроф табиий муҳитга таъсирини баҳолашнинг асослилиги текширилади;
режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятни амалга ошириш оқибатларининг экологик хавфлилиги даражасини баҳолашнинг тўғрилиги текширилади;
экологик хавфсизлик талабларини таъминлашга доир чора-тадбирларнинг етарлилиги ва асослилиги аниқланади;
экологик нормативлар лойиҳаларининг асослилиги текширилади.
15-модда. Давлат экологик экспертизасини ўтказиш
учун тақдим этиладиган материаллар
Давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун буюртмачи томонидан қуйидагилар тақдим этилади:
лойиҳалаштирилаётган объектлар бўйича – атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот лойиҳасини, экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнотни, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнотни ўз ичига олган атроф муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари;
ишлаб турган объектлар бўйича – экологик нормативларнинг лойиҳалари, объектнинг атроф табиий муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсир кўрсатиш ҳоллари аниқланган тақдирда атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисида тайёрланган баёнот. Буюртмачи қўшимча тарзда экологик аудит материалларини тақдим этишга ҳақли;
ушбу Қонун 11-моддасининг иккинчи, учинчи, бешинчи ва саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган объектлар бўйича - тайёрланган барча ҳужжатлар.
Атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот лойиҳаси давлат экологик экспертизаси объектини молиялаш бошлангунга қадар тақдим этилади.
Атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот давлат экологик экспертизаси объектининг техник-иқтисодий асослари тасдиқлангунга қадар тақдим этилади.
Экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот объект қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиб олингунга қадар тақдим этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |