1.3. Инсон эҳтиёжларининг ривожланиши
Муайян муҳитда яшовчи ҳайвоннинг у ёки бу тарздаги хатти-ҳаракати аниқ эҳтиёжни қондиришга қаратилган бўлади. Шу боисдан эҳтиёж ҳайвонни фаолликка ундаш билан чекланиб қолмасдан, балки фаолликнинг турлари, шакли, ҳаракатлантирувчи кучига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ҳайвонда овқатланиш эҳтиёжини туғилиши унда фаолликни вужудга келтиради, натижада сўлак безлари ишлай бошлайди, ўлжа қидириш, уни пойлаш, тутиш ва истеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолатлар мажмуаси юзага келади. Мазкур жараёнлар шартли рефлекслар, фаолликни келтириб чиқарувчи янги қўзғовчилар ва унга мувофиқ бўлган янги ҳаракатлар билан боғланиши мумкин, бироқ ҳайвон хатти-ҳаракатининг тузилишида ҳеч қандай ўзгариш юз бермайди. Жаҳон физиологлари ва психологлари томонидан ҳайвонларда шартли рефлексларни шакллантиришга оид тажриба материалларида кўрсатилишича, восита сифатида фойдаланилган қўнғироқ чалиниши ҳайвон учун ташқи қўзғотувчилар ичидан фақат овқатланишга боғлиқ сигнал (хабар) вазифасини бажаради, холос.
Ўргатилган ҳайвон томонидан тепкини босиш жараёни унга овқатни берилиши билан алоқадор хатти-ҳаракат тарзида амалга оширилади. Шунинг учун ҳайвон ҳар қандай мураккаб шартли рефлекслар ёрдами билан ўз хатти-ҳаракатини амалга оширган бўлишига қарамай, эҳтиёжлар бевосита унинг психикасини акс эттириш муайян объектга йўналтириш, хулқини идора қилиш функциясини бажаради. Чунки ҳайвон аъзоларининг биологик-табиий эҳтиёжлари психик акс эттириш мазмуни ва сифатини, ташқи олам таъсирига нисбатан жавоб сифатида пайдо бўлувчи хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириб туради.
Инсоннинг фаолияти, хулқ-атвори, хатти-ҳаракати ҳайвонларникидан тубдан фарқ қилади, уларни таркиб топтириш мутлақо бошқа асосга қурилади. Мисол учун болани овқатланиши, хатти-ҳаракати, қошиқдан фойдаланиш, махсус ажратилган жойда ўтириш, овқат ейиш қуролини ишлата олиш унинг табиий эҳтиёжлари туфайли юзага келган деб эътироф этиш ҳақиқатдан узоқ фикр, чунки унинг негизида ётувчи механизмлар сири тушунтириб берилмаган. Ўз-ўзидан маълумки, табиий эҳтиёжни қондириш учун зарур шарт-шароитлар яратилиши шарт эмас, инсонда уйқуга эҳтиёж туғилса, у ҳолда ҳеч қандай юмшоқ ўринга, диванга талаб сезилмайди, чарчаган одам дуч келган жойда ўз эҳтиёжини қондираверади. Маданий хатти-ҳаракатлар, одатларнинг инсонда вужудга келиши ижтимоий тарбиянинг таъсирида табиий эҳтиёжларни қондиришнинг воситаси, шарти сифатида гавдаланиб, қуроллар, буюмлар уларнинг таркибий қисмига айлана бошлайди. Бундай хатти-ҳаракатлар шаклини келтириб чиқарувчи асосий манба туб маънодаги эҳтиёж эмас, балки уни қондиришнинг жамият тараққиёти талаб қилган қоидалари, усуллари, камолот тақозо этувчи маданий кўникмалар ҳисобланади. Жамиятнинг тараққиёт босқичларига биноан табиий эҳтиёжларни қондиришнинг янгидан-янги, янада такомиллашган воситалари инсоният томонидан яратилаверилади ва булар эҳтиёжлар таркиби билан қоришиб кетади. Маданий ва маънавий эҳтиёжлар тўғрисида ҳам худди шу тарздаги ўзгаришлар юз беради,, шахснинг бошқа кишилар билан мулоқотга киришиш, билимларни ўзлаштиришда техник воситалардан фойдаланиши нутқ ва кийиниш маданиятининг ўсиши уларни қондиришга нисбатан талаб даражасининг ортиши мазкур эҳтиёжлар риожланишини таъминлайди.
Психологияда эҳтиёжлар ривожланишининг бир неча босқичлари мавжуд эканлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Чунки эҳтиёжлар инсон онтогенезида пайдо бўлиб, то умрининг охиригача ўзгариб, такомиллашиб боради. Кишилик жамиятларида эҳтиёжлар бир-биридан ҳам моҳият, ҳам шакл жиҳатидан тафовутга эга бўлганидай, ёш даврларига қараб, улар худди шундай мезонлар бўйича ўзаро фарқланадилар.
Бола фаоллигини ривожлантиришнинг дастлабки босқичларидаёқ, биологик жиҳатдан аҳамият касб этувчи буюмлар, жисмлар устуворлик хусусиятига эга бўлмайдилар, аксинча уларнинг инсон томонидан фойдаланиш усуллари эҳтиёжларнинг омиллари тариқасида гавдаланади. Бинобарин, мазкур буюмлар, аслаҳаларнинг ижтимоий тажрибаларини эгаллашдаги аҳамияти, роли намоён бўлишнинг механизмлари сифатида майдонга келади. Болаларнинг худди шу йўсинда эгаллайдиган хатти – ҳаракатларининг янги шакллари – бу жамият томонидан ижтимоий амалиёт вазифаларига муносиб равишда ишлаб чиқилган усулларидан иборат бўлиб, буюмлар билан шахснинг муносабати тарзида юзага келади, кишининг кундалик фаолияти ичидан муҳим жой энгаллайди. Стол атрофида ўтириш, қошиқ билан овқат ейиш, кроватда ухлаш, телевизор томоша қилиш, ўйинчоқ ўйнаш, катталар билан муомала қилиш юқоридаги фикр моҳиятини яққоллаштиришга ёрдам беради. Эҳтиёжни қондиришнинг воситаларидан фойдаланиш қоидалари ижтимоий муомала усуллари, фаолиятни амалга оширишнинг йўл-йўриқлари катта ёшдаги одамлар томонидан ёшларга ўргатилади. Ўз эҳтиёжларини муайян буюмлар воситасида қондиришга ва уларни муайян фаолият турига татбиқ этишнинг инсоний шаклларини эгаллашга ўргатиш махсус машқлар орқали амалга оширилиб, «Етук шахс- бола» тарзида юзага келади. Демак, бола эҳтиёжи қондирилаётган инсоний шарт-шароитлар таъсири остида шахснинг хулқ-атвори воситалар аҳамияти билан эмас, балки уларнинг ижтимоий қиймати билан белгиланади. Эҳтиёжларни қондирилиш даражаси унинг оғир ёки енгил кўчиши шахснинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга, шу боисдан уларни қондириш мақсадга мувофиқ, оқилона мезонларга суяниб амалга оширилса ижтимоий аҳамияти янада ортади.
Инсонда маданий ва маънавий эҳтиёжлар турмуш тажрибаси ортиши, билим савияси кенгайиши, махсус машқлар эгалланиши, ижтимоий ҳаёт қоидаларига узлуксиз равишда риоя қилиши, нарса ва ҳодисаларга муносабати ўзгариши туфайли ривожлана боради. Одам тобора баркамол бўла бориши унинг олдига янгича талаблар қўяди, уларни бажариш эса эҳтиёжнинг янги, нисбатан мураккаб, моҳият жиҳатдан теран хусусият касб этувчи шаклларни вужудга келтиради, уларнинг қондирилиши эса тузилишга эга бўлган воситаларни тақозо этади. Маълумотлилик ақл – заковат кўрсаткичининг юксалиши, истеъдод аломатларининг рўёбга чиқиши, фаолликнинг ортиши, хатти-ҳаракат таркибида кераксиз бўғинларни камайиш эҳтиёжи такомиллашган шаклининг намоён бўлишини таъминлайди. Инсон комфорт сари интилар экан, демакки унда янги эҳтиёжлар юзага келади, уларни қондирилиши эса янги бир сифат даражасига кўтарилади. Маданиятнинг янги қирралари очилиши, маънавиятни эгаллашга нисбатан хоҳиш – истакнинг кучайиши, фан ва техниканинг тараққиёти, миллатлараро муносабатлар кўламининг кенгайиши ранг-баранг эҳтиёж турлари ва шакллари ривожланишига муҳим шарт-шароитлар яратади. Инсоннинг баркамоллик сари интилишдаги имкониятларини рўёбга чиқариш орзуси эҳтиёжлар ривожланиши ҳаракатлантирувчи кучга айланади.
Психология фанида эҳтиёж қуйидаги типларга ажратилади:
Индивидуал – якка шахсга йўналтирилган.
Гуруҳий – реал гуруҳлар моддий ва маънавий интилиши.
Жамоавий – жипслашган гуруҳлар талаби мажмуаси.
Ҳудудий – этник гуруҳнинг муайян ўзига хос талаблари қондарилиши
Этник – маълум миллат ёки халқларнинг сафарбарлигини таъминлаш.
Умумбашарий – ер юзи халқларининг умумий талабларининг мажмуавий акс этиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |