Суҳбат методи. Бу метод билан инсон психикасини ўрганишда суҳбатнинг мақсади ва вазифаси белгиланади, унинг объекти ва субъекти танланади, мавзуси, ўтказиладиган вақти аниқланади, якка шахслар, гуруҳ ва жамоа билан ўтказиш режалаштирилади, ўрганилаётган нарса билан узвий боғлиқ савол-жавоб тартиби тайёрланади. Суҳбатнинг бош мақсади муайян бир вазият ёки муаммони ҳал қилиш жараёнида инсон психикасидаги ўзгаришларни ўрганишдир. Суҳбат орқали одамларнинг тафаккури, ақл-заковати, хулқ-атвори, қизиқиши, тийраклиги, билим савияси, эътиқоди, дунёқараши, иродаси тўғрисида маълумотлар олинади.
Суҳбат методининг ижобий жиҳатлари билан бирга айрим заиф томонлари ҳам мавжуд. қайтариқ сўзлар, «ғализ» иборалар, нутқнинг тезлиги, фикрнинг мавҳумлиги, зерикарлилиги муваффақиятсизликка сабаб бўлади. Шунингдек, савол-жавобнинг бир шаклда эмаслиги синалувчида ўзига хос ишлаш услуби, ошкораликнинг етишмаслиги, ийманиш, уялиш атрофлича маълумотлар олишни қийинлаштиради ва шу сабабли бошқа методларга мурожаат қилишга тўғри келади.
Фаолият маҳсулларини таҳлил қилиш методи. Инсон хотираси, тафаккури, қобилияти ва хаёлининг хусусиятларини аниқлаш мақсадида бу метод умумий психологияда кенг қўлланилади. Болалар чизган расмлар, ясаган ўйинчоқлар, моделлар, ёзган шеърларни таҳлил қилиш орқали уларнинг мантиқий хотираси, тафаккури, техник, бадиий ва адабий қобилияти, ижодий хаёли юзасидан материаллар тўплаш мумкин. Объект билан субъект ўртасида мулоқот ўрнатиш учун шахснинг психикаси тўғрисида сиртдан муайян ҳукм ва хулоса чиқарилади. Ижодий фаолият маҳсулларига кундалик, схема, ихтиро, диаграмма, кашфиёт, қурилма, асбоб, техник модель, мослама, миллий каштачилик, ҳунармандчилик, заргарлик буюмлари, реферат, курс ва малакавий битирув ишлари, магистрлик диссертацияси, илмий маъруза, конспект, тақриз, тезис, мақола, кўрсатмали қуроллар, лойиҳа, концепция, санъаткор, артист ва бахши ижодиёти кабилар киради. Булар турли ёшдаги, жинсдаги ва касбдаги одамлар томонидан яратилган бўлиши ва шунга кўра шакли, мазмуни, сифати, оригиналлиги, ҳажми, кўриниши, хусусияти билан бир-биридан кескин тафовут қилиши мумкин.
Ижодий фаолият маҳсулларини таҳлил қилиш орқали болалар, ўқувчилар, талабалар, конструкторлар, олимлар, ҳунармандлар, ишчилар, деҳқонлар психик хусусиятлари тўғрисида маълумотлар тўплаш мумкин. Лекин инсондаги психик ўзгаришлар, камол топиш ва буларнинг кечишини ифодаловчи материаллар йиғиш учун бу методнинг ўзи етмайди. Шунинг учун инсон психикасини ўрганиш мақсадида бошқа методлардан ҳам фойдаланиш маъқул.
Do'stlaringiz bilan baham: |