3. Психиканинг физиологик механизмлари
Психиканинг рефлектор табиати, хусусияти тўғрисида мулоҳаза юритилганда рус олими И.М.Сеченов ва унинг шогирдлари томонидан тўпланган материаллар тасаввур этилади. И.М.Сеченовнинг «Бош мия рефлекслари» номли асарида қатъий равишда фикр билдиришича, «онг ва онгсиз ҳаётнинг барча ҳаракатлари рўй бериш усулига кўра рефлекслардан иборатдир». Психик ҳодиса сифатида онгнинг ҳаракати танасиз руҳнинг хусусиятига эмас, балки тадқиқотчининг мулоҳазасига қараганда, рўй бериш, вужудга келиш усулига, тузилишига биноан рефлексга ўхшаш хислатга эга бўлган жараёндир. Шундан келиб чиққан ҳолда фикр янада ривожлантирилса, психик (руҳий) ҳодиса инсоннинг шахсий ғояларини, ҳиссий кечинмаларини, сезги ва идрок жараёнларини ўзи кузатиш жараёнида акс этувчи воқеликдангина иборат эмас. Балки у рефлекс сингари ташқи қўзғатувчиларнинг таъсирини ва унга жавобан билдириладиган ҳаракат реакциясини ҳам ўзида мужассамлаштиради. Маълумки, И.М. Сеченовгача бўлган психологик, физиологик назарияларда инсоннинг онгида образлар, тасаввурлар, мулоҳазалар, ғоялар тарзида инъикос (акс) эттирилувчи ҳодисаларни психология фанининг предмети сифатида тан олинар эди. Лекин бу психологик воқелик Сеченов томонидан организмнинг муҳит билан ўзаро таъсир ҳаракатининг алоҳида шаклидан иборат эканлиги, психологик яхлит жараённинг айрим ҳолатлари, унинг лаҳзалари тариқаси тушунтирилди. Психологияда тан олиб келинаётган психик жараёнлар онгнинг ичида туғилади ва унинг ичида якунланади, деган ғоя И. М. Сеченов томонидан инкор қилинади, асоссиз даъво эканлиги таъкидланади.
И.М.Сеченовнинг фикрича, психик ҳодиса бус-бутун (яхлит) рефлектор ҳаракат туфайли юзага келувчи ва унинг маҳсули бўлиши билан бирга ҳам вужудга келмаган, лекин таъсир ўтказиш эҳтимоли мавжуд кутилмадан бохабар қилувчи омил функциясини ҳам бажаради, яъни илгарилаб кетувчи башорат вазифасини ижро этади. Бундай дадил илмий мушоҳадалар психик жараёнлар умуман қандай роль ўйнаши мумкинлиги, уларнинг ўрни тўғрисида тасаввурга эга бўлиш учун моддий негизни вужудга келтиради. Психик жараёнлар организмда сигнал ва бошқарув (регулятив) функциясини ижро этиб, ўзгарувчан шарт-шароитларга ҳаракатни мослаштиради, шунингдек, мазкур дақиқада юқори самарага эришишни таъминлайди. Психик жараён миянинг бўлмалари (таркибий қисмлари) функцияси тариқасида ташқи олам (борлиқ) тўғрисидаги ахборотнинг қабул қилиниши, сақланиши, қайта ишланишини ўзида мужассамлаштирувчи жавоб фаолиятининг идора қилувчиси ҳисобланади. Шунинг учун одамларнинг билимлари борлиқ тўғрисидаги тасаввурлари, шахснинг шахсий тажрибаларининг йиғиндиси (мажмуаси) рефлектор ҳаракат таркибига киради. Шундай қилиб, психик ҳодисалар деганда миянинг ташқи (қуршаб турган олам) ва ички (физиологик тизимдаги организмнинг ҳолати) таъсирларга жавобини тушунмоқ керак. Бошқача сўз билан айтганда, психик ҳодисалар: биринчидан, бу фаолиятнинг фавқулодда таъсир этаётган (сезгирлар, идрок), иккинчидан, ўтмиш тажрибада (хотира) акс этган қўзғатувчига жавоб тарзида рўёбга чиқадиган, мазкур таъсирни умумлаштирадиган, учинчидан, пировард натижаларни (тафаккур, хаёл) олдиндан пайқашга ёрдам берадиган, тўртинчидан, монотон таъсиротлар оқибатида фаолиятни (ҳис-туйғу, ирода) кучайтирадиган ёки сусайтирадиган, бешинчидан, умуман фаоллаштириб юборадиган, ўзгача таъсиротлар натижасида уни тормозлайдиган, олтинчидан, шахс хулқ-атворидаги (темперамент, характер ва ҳоказолар) тафовутларни аниқлайдиган доимий регуляторлари (идора қилувчилари) дир.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, И. М. Сеченов психиканинг рефлекторлиги ва фаолиятнинг психик жиҳатдан бошқарилиши таълимотини хаспўшлаб берди. Бу илғор ғоя, муҳим таълимот, назария рус олими И.П.Павлов (1849-1936) томонидан экспериментал тасдиқланди ва хусусий ҳолатларда кенг кўламда яққоллаштирилди. И.П.Павлов ҳам одамларнинг, ҳам ҳайвонларнинг ташқи муҳит билан ўзаро ҳаракати мия билан бошқарилиши қонуниятини очган эди. Унинг мазкур қонуниятларга тааллуқли қарашлари йиғиндиси биринчи ва иккинчи сигналлар тизими тўғрисидаги таълимот тариқасида фан оламида арзигулик мавқе эгаллади.
Теварак-атроф муҳитидаги нарса ва ҳодисаларнинг кўриниши, эшитилиши, ҳид тарқатиши, товланиши, енгил ёки оғирлиги, қаттиқ ёки юмшоқлиги кабилар ҳайвонлар учун шартсиз қўзғатувчи сигнал бўлиб хизмат қилади, кейинчалик улар шартли рефлексга айланиши мумкин. Ҳайвонлар ўз хатти-ҳаракатларида И.П.Павлов таъбири билан айтганда, биринчи сигнал системасининг сигналлари («биринчи сигналлар»)га риоя этадилар. Бинобарин, уларнинг психик фаолияти биринчи сигналлар системаси босқичида амалга ошади ва унга узлуксиз равишда амал қилади. Инсон фаолияти ва хулқ-атвори учун ҳам биринчи сигнал системасининг сигналлари (яққол, тасаввурлар, тимсоллар, образлар) уларни бошқариши, йўналтириши, ҳаракатлантириши фаоллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, йўл (кўча) қоидалари, автомобиль, электровоз сигналлари, хавф-хатар белгилари шахс учун муҳим роль ўйнайди. Шуни унутмаслик керакки, инсоннинг хулқ-атворини сигнал қўзғатувчилар механик равишда бошқармайди, балки мазкур қўзғатувчиларнинг мияга ўрнашиб қолган тимсоллари, яъни сигналлари бошқариб туради. Муайян тимсолга эга бўлган тимсоллар нарса ва ҳодисалар тўғрисида сигнал жўнатади, бунинг натижасида инсоннинг хатти-ҳаракатини бошқариб туради.
Одамларда ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, биринчи сигналлар системаси билан бир қаторда иккинчи сигналлар системаси ҳам мавжуддир. Иккинчи сигналлар системасининг сигналлари одамлар томонидан талаффуз этилган, қабул қилинган, эшитилган, ўқилган тушунчалар ва сўзлардан («иккинчи сигналлари»дан) ташкил топади. Одатда биринчи сигналлар системасининг сигналлари тимсолий сигналлар, ўз навбатида сўзлар билан алмаштирилади, узатилади. Сўз биринчи сигналлар системаси сигналлари ўрнини босиши, умумлаштириши ва улар вужудга келтирадиган жамики хатти-ҳаракатларни амалга ошириши мумкин. Сигналнинг кузатувчилари билан уларнинг мияда сўзларнинг мазмуни, моҳияти, маъноси тарзида мужассамлашувини ўзаро тафовутлаш мақсадга мувофиқ. Мабодо, сўзнинг маъноси шахсга таниш бўлса, у ҳолда унинг хулқ-атворини бошқара олади, табиий ёки ижтимоий муҳитга мослашувини таъминлашга ёрдам кўрсатади. Агарда сўзнинг маъноси нотаниш бўлса, у одамга фақат биринчи сигналлар системасининг сигналлари тарзида таъсир ўтказади ёинки шахс учун мутлақо қийматсиз, аҳамиятсиз нарсага айланиб қолади. Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда психика объектив борлиқнинг суъектив образининг воқелик тарзида мияда акс этиши деб баҳолаш мумкин.
Психикани акс эттириш имкониятини тўғри, оқилона талқин қилиш учун билиш назарияси, билиш манбалари, шакллари, услублари, ҳақиқатни ўлчаш мезонлари, воситалари, йўллари кабиларга илмий ёндашиш лозим. Психикани ўрганишда объект билан субъектнинг ҳамкорликдаги хатти-ҳаракатини ҳисобга олиш шахснинг борлиқ тўғрисидаги билимларининг чинлиги (ҳақиқатлиги), инъикоснинг ўхшашлиги муаммолар ечимини топишга пухта негиз ҳозирлайди.
Психология фани психикани ўрганишнинг тадқиқот методларига, яққол вазифаларига, изланишнинг ранг-баранг мавзуларига эга бўлиб, вазият ва шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда уларга мурожаат қилади.
Психология фани таъсир кўрсатувчи (ўтказувчи) объектлари ҳисобланмиш субъектнинг ички психик (руҳий) ҳолатига, шунингдек, ташқи таассуротлар натижасида вужудга келадиган ўзгаришлар жараён сифатида қай йўсинда кечишини текширади. Психология акс эттирилувчи нарса ва ҳодисаларнинг инъикос жараёнига айланиш механизмларини, субъектнинг ўз фаолиятини режалаштиришни, назорат қилишни, бошқаришни тадқиқот этади.
Психика фаоллик хусусиятига эга бўлиб, у майлларда, мақбул ечимни қидиришда, хатти-ҳаракат вариантлари эҳтимоллигини хаёлдан ўтказишда, ундашда, турткиларда ўз ифодасини топади. Худди шу боис психик акс эттириш (инъикос) суст нарса эмас, балки у ҳаракат, хатти-ҳаракат, таъсир, ўзаро таъсир кабиларни танлаш, қиёслаш, излаш, ажратиш билан бевосита алоқадор шахс фаолиятининг муҳим жабҳаси саналади.
Ҳозирги замон психологиясида фаолият, жараён ва хулқ-атворнинг фаол бошқарилиши тескари алоқа аппаратининг ишлашини тақозо этади (П.К.Анохин, А.Н.Бернштейн ва бошқалар). Тескари алоқа тушунчаси кибернетика, физиология, психология фанларида кенг кўламда қўлланилиб келинмоқда. Тескари алоқа психология билан физиология фанларида ҳар бир жавоб ҳаракати ҳал қилинаётган вазифа (муаммо) мияда баҳоланилиши тушунилади. П.К.Анохин нуқтаи назарича, организмда муайян цикл билан иш бажарувчи яхлит система мавжуд. Мазкур системада марказдан жавоб ҳаракатига буйруқ берилишининг бирорта ҳам лаҳзаси тескари йўналишда (перифериядан марказга қараб) ҳаракатнинг натижаси хақида зудлик билан ахборот (тескари алоқа) юборилмагунча тугалланмайди. Тескари алоқа аппарати (системаси) ёрдами билан организм ўз ҳаракатининг натижасини образ (тимсол) билан таққослаб кўради. А.Н.Бернштейн талқинича, натижага нисбатан образ олдинроқ пайдо бўлади, воқеликнинг ўзига хос модели тарзида унинг юз бериши тўғрисида олдиндан (илгарилаб кетиб) ахборот, хабар, маълумот беради («башорат эҳтимоллиги» назарияси).
П.К.Анохин ва А.Н.Бернштейн назарияларига асосланган ҳолда психиканинг мавжудлиги ҳаракатнинг изчил дастурини (программасини) тузиш, олдинига ички режада иш бажариш, хулқ-атвордаги эҳтимол кўринишларини танлаш, босқичларини амалга ошириш туфайли ҳаракат қилиш имкони туғилади.
Табиатшунос олимларнинг мулоҳазаларича, биологик эволюция жараёнида шахс психикаси хулқ-атворни бошқаришнинг алоҳида аппарати тарзида пайдо бўлади, сифат жиҳатидан ўзгариб боради. Ижтимоий муҳит, шахслараро муносабат, жамоавий, оилавий турмуш (ҳаёт) қонунлари, қонуниятлари таъсири остида одамлар шахсга айлана бошлайди (ижтимоийлашув натижасида), уларнинг ҳар бирида микромуҳитнинг, камол топган тарихий шароитнинг излари ўз аксини қолдиради. Умумийлик (этник) билан хусусийлик (шахслилик) ўртасида ўзаро уйғунлик ҳукм сурса-да, лекин алоҳида олинган инсоннинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари шахсий хусусият касб этади.
Юқорида юритилган мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда психология фанига таъриф бериш мумкин. Психология - воқеликнинг мияда образ тарзида юзага келтирувчи психик омиллар, жараёнлар, ҳолатлар, қонуниятлар, хоссалар, вазиятлар, хислатлар, фазилатлар, механизмлар тўғрисидаги фандир. Инсоннинг шахсий хусусиятга эга бўлган хулқ-атвори ва фаолияти воқеликнинг миядаги образлар ёрдами билан бошқарилиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |