Тажриба (эксперимент) методи. Бу метод турли ёшдаги ва касбдаги одамлар (чақалоқ, бола, ўспирин, балоғатга етган ва қарилар)нинг психикасини чуқурроқ, аниқроқ тадқиқ қилиш методлари ичида энг муҳими ҳисобланади. Эксперимент методи ёрдамида сунъий тушунчаларнинг шаклланиши нутқнинг ўсиши, фавқулодда ҳолатдан чиқиш, муаммоли вазиятни ҳал қилиш жараёнлари, шахснинг ҳис-туйғулари, характери ва типологик хусусиятлари ўрганилади. Инсон психикасининг нозик ички боғланишлари, муносабатлари, мураккаб механизмлари текширилади. Бунинг учун эксперимент материалини текширувчи синчковлик билан танлаши, объект тарзида ҳар хил ҳолат ва вазиятларни яратиши, бунда синалувчининг ёши, ақл-идроки, характер хусусияти, ҳис-туйғуси, қизиқиши ва савиясига, турмуш тажрибасига, кўникма ва малакаларига эътибор бериши лозим.
Эксперимент методи ўз навбатида табиий ва лаборатория методларига ажратилади. Табиий метод психологик-педагогик масалаларни ҳал қилишда қўлланади. Бу методнинг илмий асосларини 1910 йилда рус психологи А.Ф. Лазурский таърифлаган. Табиий методдан фойдаланишда ишлаб чиқариш жамоалари аъзоларининг, илмий муассасалар ходимларининг, ўқитувчилар, кексайган кишиларнинг психологик ўзгаришлари, ўзаро муносабатлари, ишчанлик қобилиятлари, мутахассисликка яроқлилиги муаммоларини ҳал қилиш назарда тутилади. Табиий шароитларда инсон психикасини ўрганишда синалувчилар (боғча болалари, мактаб ўқувчилари, ишчилар, деҳқонлар, зиёлилар, бизнесменлар, фермерлар, илмий ходимлар ва ҳоказолар)нинг ўзлари бехабар бўлиши, таълим жараёнида берилаётган билимлар тадқиқот мақсади мувофиқлаштирилиши, катта ёшдаги одамларга тарбиявий таъсир ўтказиш (интеракция) кундалик меҳнат тарзи доирасида амалга оширилиши, завод ва фабрикада эса моддий маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилиши лозим.
Лаборатория (клиника) методи кўпинча индивидуал (гоҳо гуруҳ ва жамоа) шаклида синалувчилардан яширмай, махсус психологик асбоблар, йўл-йўриқлар, тавсиялар, кўрсатма ва иловалардан фойдаланиб олиб борилади. Ҳозир инсон психикасидаги ўзгаришларни аниқлайдиган асбоблар, мураккаб электрон ҳисоблаш машиналари (дисплейлар), қурилмалар, мослама ва жиҳозлар мавжуд. Улар одамдаги психологик жараёнлар, ҳолатлар, функциялар, вужудга келаётган янги сифатларни қайд қилиш ва ўлчашда қўлланади. Кўпинча детекторлар, электрон ва радио ўлчагичлар, секундомер, рефлексометр, хронорефлексометр, люксметр, аноматоскоп, тахистоскоп, аудиометр, эстезиометр, электромнограмма, электроэнцефалограмма кабилардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |