Диққатнинг физиологик асосларини тушунтириб беришда буюк рус физиологлари И. П. Павлов ва А. А. Ухтомскийларнинг олиб борган илмий кашфиётлари муҳим аҳамият касб этади.
Олий нерв фаолиятининг алоҳида реакциялари бўлмиш ориентир рефлекслар тўғрисидаги И. П. Павлов илгари сурган илмий тахмин (гипотеза) психология фани учун муҳим ҳисса бўлиб қўшилди, чунки «бу нима?» рефлексисиз диққатнинг табиатини очиш мутлақо мумкин бўлмас эди. И. П. Павловнинг «бу нима?» рефлекси ҳақидаги ғояси ихтиёрсиз диққатнинг ғайритабиий (рефлексив) хусусиятини очиб бериш учун хизмат қилди. И. П. Павловнинг фикрича, биз пайдо бўлаётган сиймога нигоҳимизни қаратамиз, эшитилган товушга қулоқ соламиз, димоғимизга урилган ҳидни зўр бериб ютамиз. Лекин ушбу мулоҳазалар рефлекс моҳиятини илмий жиҳатдан очиб бериш имкониятига эга эмас, ваҳоланки унинг негизини асослаш учун бир талай омилларни келтириш зарур. Е. Н. Соколов, А. Р. Лурия, П. Я. Гальперин, Е. И. Бойко ва бошқаларнинг ҳозирги замон маълумотларига суяниб мулоҳаза юритилганда, И. П. Павловнинг ориентир рефлекслари жуда мураккаб жараёндир.
Аслини олиб қараганда, ориентир комплексига ташқи хатти-ҳаракатлар, кўзларнинг ва бошнинг қўзғатувчи томонга бурилиши, муайян анализаторларнинг сезувчанлиги, модда алмашинуви, нафас олиш, юрак уриш ва қон айланиш ҳаракати, тери-гальваник реакциялари, вегетатив нерв тизими хусусияти ва миянинг электр фаоллиги ўзгариши каби сон-саноқсиз жараёнлар киради.
И. П. Павлов ва А. А. Ухтомскийларнинг таълимотларига биноан диққатнинг ҳолатлари, сифатлари, хусусиятлари, биринчидан, қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг ўзаро биргаликдаги ҳаракати билан, иккинчидан, мия структурасида ҳукм сурувчи қўзғалувчанлик билан уйғунликка эгадир.
И. П. Павловнинг тахминига кўра, вақтнинг ҳар бир лаҳзасида мия қобиғида қўзғалиш учун анча қулай (сензитив) ва мақбул шароитга эга эканлиги билан ажралиб турувчи у ёки бу қисм ҳукм суради. Алоҳида ажратиб кўрсатиладиган мазкур қисм нерв жараёнларининг индукцияси қонуниятига биноан вужудга келади. Бош мия қобиғининг бирон-бир қисмида тўпланган (марказлашган) нерв жараёнлари индукция қонунига мувофиқ бошқа участкаларни тормозланишга олиб келади. қўзғалишнинг энг оптимал марказида янги шартли рефлекслар вужудга келади, дифференциаллаш эса муваффақиятли амалга ошади. қўзғалишнинг оптимал ўчоғи ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Бу ҳолатни чуқурроқ далиллаш учун И. П. Павловнинг ушбу фикрини келтириб ўтиш жоиздир: «Агар бош суяк косаси орқали кўриш мумкин бўлганда эди ва агар энг оптимал қўзғаладиган катта ярим шарлар ўрни ёритилганда борми, бу ҳолда биз фикрлайдиган онгли одамда унинг катта ярим шарлари бўйлаб доимо ўзгариб турадиган, шакли ва катталиги ғалати кўринишга эга бўлган ҳамда ярим шарларнинг қолган барча бўшлиғида кўпроқ ёки озроқ даражадаги соя билан ўралган оч рангли доғнинг у ёқдан бу ёққа қай тарзда кўчиб юришини кўрган бўлардик» (Двацатилетний опўт объективного изучения вўсшей нервной деятельности (поведения)) животнўх. -Полн. собр. соч. М. -Л, Изд-во АН, 1951, III том, . 1книга, 248 бет. И. П. Павлов таъкидлаб ўтган оч рангли «доғ» оптимал қўзғалиш ўчоғи марказига мос келади, унинг ҳаракати тўғрисидаги фикр эса диққатнинг интенсивлигини таъминлашнинг физиологик омили ҳисобланади. И. П. Павловнинг қўзғалиш марказининг бош мия пўсти бўйлаб ҳаракат қилиш юзасидан илгари сурган ғоялари, гипотезалари ва башоратлари кейинчалик Н. М. Ливановнинг экспериментал тадқиқот материаллари билан тўла исботланди.
Диққатнинг физиологик асосини тушуниб етишда А. А. Ухтомскийнинг илмий ишлари катта аҳамиятга эгадир. Муаллиф диққатнинг физиологик механизмлари тўғрисида тадқиқот ўтказиб доминанта принципини кашф қилади. А. А. Ухтомскийнинг нуқтаи назарича, мия пўстида қўзғалишнинг устун ва ҳукмронлик қилувчи маркази ҳукм суради. Олимнинг доминантага баҳо беришга кўра, у юксак даражадаги қўзғалиш маркази констелляцияси (муайян ҳолати) дир. Доминантанинг ҳукмронлик хусусияти шундан иборатки, у қўзғалишнинг янги вужудга келаётган марказлари фаолиятини чеклаш билан қаноат ҳосил қилмасдан, балки заиф қўзғатувчиларни ўзига тортади ва ана шу йўл билан уларнинг ҳисобига кучаяди, муайян даражада устунликка эришади. А. А. Ухтомскийнинг фикрича, доминанта қўзғалишнинг барқарор марказидир. Шунинг учун доминанта тушунчаси диққатнинг ҳаракатлантирувчи механизмини илмий жиҳатдан далиллаш учун хизмат қилиши турган гап.
А. А. Ухтомскийнинг таърифига биноан, доминанта- бу бир даврнинг ўзида ана шу марказда юз берадиган реакциялар хусусиятини белгилаб беришга қодир ҳукмрон қўзғалиш ўчоғидир. Унинг фикрича, доминанталар вужудга келган пайтда бош қўзғалиш ўчоқлари, яъни»субдоминанталари» нисбатан кучсиз қўзғалиш ўчоқлари мутлақо йўқолиб кетмайди, балки улар ўзаро қўшилиб, доминанта билан кураша бошлайдилар. Мазкур қўзғалиш ўчоқларининг ўзаро курашиши натижасида субдоминанта доминантага айланиши ёки олдинги доминанта эса субдоминанта билан ўрин алмашиши мумкин ҳукмрон қўзғалиш ўчоғи ҳисобланган доминанта диққатни муайян объектга йўналтириши, тўпланиши, мустаҳкамланиши, барқарорлашнинг физиологик асосидир.
Шундай қилиб, диққатнинг физиологик асослари тўғрисида мулоҳаза юритилганда фан оламида иккита таълимотнинг моҳиятига тўхталади. Ушбу таълимотларнинг биринчиси (И. П. Павлов қаламига мансуб) диққатнинг физиологик асоси қўзғалиш жараёнининг бош мия ярим шарлар қобиғининг айрим участкаларида тўпланиши натижасида оптимал қўзғолиш ўчоғининг ҳосил бўлиши ва айни вақтда манфий индукция қонунига биноан мия қобиғида бошқа нерв марказларининг маълум даражадатормозланишидир. Иккинчиси эса А. А. Ухтомскийнинг доминанта назарияси талқинидан иборатдир. Чунки доминанта муайян нерв участкасидаги кучли қўзғалувчанлик қобилиятига эга бўлган қўзғалиш марказидир. Доминанта мавжудлигида ундан бошқа нерв марказлари тормозланган бўлади. У марказий нерв тизимига келган ҳар қандай қўзғолиш, импульсларни қабул қилиб, уларга тегишли жавоб қайтаради-да, шу тариқа бошқа марказларни тормозлаш эвазига ўз фаолиятини яна кучайтиради.
Ҳозирги замон психофизиология фанида миянинг специфик бўлмаган тизимига оид турли тузилишидаги диққат ҳолатларининг ретикуляр формация, таламуз, гипоталамуз ва гиппокампларга алоқаси ҳақида анатомик, физиологик ва клиник маълумотлар мавжуддир. Улар тўғрисидаги мулоҳазалар кейинги саҳифаларда берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |