Жинсий безларнинг ички секреция функцияси етишмаганда организмда рўй берувчи ўзгаришлар Жинсий безларни олиб ташлаш бичиш, ёки ахталаш деб юритилади. Ҳайвонларгина эмас, балки одамлар ҳам баъзи касалликлар муносабати билан медицина кўрсатмаларига асосан бичилади (ахта қилинади).
Шарқдаги бир қанча мусулмон мамлакатларида, яқин вақтларгача эркакларни, ўғил болаларни ҳарамларда ғулом қилиб ишлатиш учун бичиб қўйиш одати бор эди. Ғарбий Европада ўтган аср ўрталаригача рим папасининг черков хорида ашула айтадиган болаларда юқори дискантни сақлаш учун улар бичиб қўйиларди. Революциядан олдин Россияда скопци деб аталувчи изувер дипий секта аъзолари орасида ҳам бичиш одати тарқалган эди.
Бичиш организмда жинсий гормонлар ҳосил бўлишини бутунлай тўхтатмайди. Бичишдан кейин буйрак усти бсзларинииг пўстлоқ қаватидан қонга ва сийдикка андрогенлар ва эстрогенлар ўтаверади, лекин улар жинсий безлар бўлгандагига қараганда анча кам чиқади. Жинсий гормонлар етишмаслиги бир қанча характерли ўзгаришларга олиб келади. Бола балоғатга етишдан анча олдин бичилган бўлса, балогатга етиш тўхтайди; жинсий олат, простата бези, қин, бачадон етилмай, регрессияланади (тескари ривожланади), иккиламчи жинсий белгилар тараққий этмайди. Бола балоғатга етгандан сўнг бичилса, жинсий орган-лар камроқ регрессияланади, иккиламчи жинсий белгилар эса фақат қисман сақланиб қолади. Балоғатга етган организм бичилгач сақланиб қолган иккиламчи жинсий бселгилар мустацкил жинсий белгилар деб аталади (М. М. Завадовский).
Одам скелетининг тузилиши мустақил жинсий белгидир, чунки балоғатга етган эркак ва аёллар бичилгач скелетнинг жинсга хос белгилари қолаберади. Эркакларда соқол, паст овоз, қориннинг ўрта чизиғи бўйлаб кўтарилувчи қов жуни, аёлларда сут безларининг ривож-ланганлиги мустақил жинсий белгиларга киради. Балогатга етган эркак ва аёллар бичилгач бу белгилар бутунлай йўқолишгача рсгрессияланади. Организм ёшлигида бичилса асексуал (яъни жинсга мансуб бўлмаган) белгилар пайдо бўлади. Эркакларда кўсалик (соқол бўлмаслиги), тери ости ёғ клетчаткасининг анча ривожланганлиги, қов жунининг горизонтал чегарали эканлиги асексуал белгилардан ҳисобланади. Бу белгилар фақат бичилган эркаклардагина эмас, балки нормал хотинларда ҳам бўлади. Аммо, асексуал белгилар деб аталувчи бу белгиларни аёл жинсининг иккиламчи жинсий белгиларига аралаштиб юбориш ярамайди; асексуал белгилар жинсий безлар ички секрециясига боғлиқ эмас. Одам қўл-оёғининг найсимон суяклар тоғай зоналарининг кеч суякланиши сабабли бу суякларнинг нормадагига нисбатан узунлиги ҳам асексуал белгиларга киради. Усиш даври тугагандан кейин бичилган кишиларда бу белги бўлмайди, лекин гўдаклик даврида бичилган кишиларда, шунингдек болалик даврида жинсий гормонлар етишмаслигидан келиб чиқадиган касаллик — евнухоидизмда бу белги яққол кўринади.
Нормада иккала жинс организмида иккала жинсий гормон — эркак ва аёл гормонлари ҳосил бўлади. Тухумдон ва мояклар функцияси бузилишннинг одамда учрайдиган бир турида бу гормонларнинг ҳосил бўлиш нисбати бузилади. Бундай бузилиш интерсексуаллик деб аталади У эркакларда аёлларга хос баъзи хусусиятлар (жинсий ва психик белгилар) пайдо бўлишидан, аёлларда эса эркакларга хос баъзи белгиларнинг ҳосил бўлишидан иборат. Озгина интерсексуаллик кўпроқ учрайди ва патология деб ҳисобланмайди. Кескин интерсексуаллик кам учрайди. Гермафродитизм янада кам учрайди, бунда гавданинг бир томонида мояк (уругдон) ва иккинчи томонида тухумдон бўлади.