ТЕР АЖРАЛИШИ
Тер безлари тер чиқаради . Тер безлари: 1) Моддалар алмашинуви натижасида ҳосил булган парчаланиш махсулотларини чикариб ташлайди. 2) Терморегуляцияда ахамияти бор, чунки бадандан тер бугланиши иссиклик чикариш фактори хисобланади. 3) осморегуляцияда, яъни сув ва тузларни чиқариб ташлаш йўли билан осмотик босимни доим бир хил сақлашда аҳамияти бор.
Тер безлари тери остидаги қўшувчи тўқима клетчаткасида жойлашган, улар баданга бир текис тарқалмаган. улар қўл-оёқ кафтида, қўлтиқда кўп бўлиб, 1 см2 терида 400—500 тер бези бор.
Тернинг миқдори, таркиби ва хоссалари
Терда аксари 0,7—2% қаттиқ модда бор; шундан 0,4—1% анорганик ва 0,31% органик бирикмалардир. Терда мочевина (концентрацияси 0,03—0,05% га тенг), сийдик кислотаси, аммиак, гиппур кислотаси, индикан бўлади. Булардан ташқари, терда азотсиз органик бирикмалар ҳам бор. Масалан, қандли диабет бўлган беморларда тер билан глюкоза ҳам чиқади.
Териинг реакцияси салгина ишқорий; баданда тер парчаланади ва ундаги ёғлардан учувчан ёғ кислоталари ҳосил бўлади, шу сабабли тер нордон бўлиб қолади. Терда қаттиқ моддалар сийдикдагига нисбатан кам; тернинг солиштирма огирлиги 1,005—1,010, сийдикники эса одатда 10,012—1,020 га тенг.
Температура қулай бўлган шароитда суткасига ўрта ҳисоб билан 500 мл тер чиқиб туради. Шунча тер билан 2 г ча ош тузи ва 1 г ча азот чиқиб кетади. Тер тўхтовсиз чиқиб туради, лекин баданга чиқиши билан буғланиб кетади.
Тер ва сийдик таркиби фарқ қилишига қарамай, баъзи касалликлар сабабли буйракдан сийдик чиқиши камайганда тер безлари буйрак функциясини бир қадар ўтай олади. Бундай ҳолларда тер безлари одатдагидан икки-уч ҳисса кўпроқ тер чиқаради, бундан ташқари, тернинг таркиби ҳам ўзгаради — унда мочевина кўпаяди.
Турли шароитда тер ажралиши
Баданнинг бирор жойида ёки бутун баданда тер ажралишини кузатмоқ учун одатда тер безлари секрециясини кучайтиришга ҳаракат қилинади.
Одамларда тер ажралишини В. Л. Минорнинг йод-крахмал усулида текширишади. Бу усулда терига йоднинг спиртли эритмаси суртилади. Спирт буғланиб кетгач қуруқ, озгина мой суртилган терига крахмал сепилади. Крахмал қуруқ экан, йод унга таъсир этмайди, бироқ бадан терлай бошлаши билан крахмал тер билан ҳўлланиб, йод таъсирида кўк тусга киради.
Тер ажралишини текшириш учун теринннг электр қаршилигини аниқлаш методикаси ҳам қўлланилади. Бу усул шунга асосланганки, бадан терлаётган вақтда терининг электр қаршилиги камаяди ва бадан тер билан қанча тез ҳўл бўлса, терининг электр қаршилиги ўшанча кўп камаяди.
Ташқи муҳит температураси юқори бўлган шароитда тер ажралиши кучаяди. Текширилувчи киши ҳаво температураси 50—60° бўлган махсус камерада 1,5 соат турганда 2,5 л тер ажралган. Гавда температурасини оширувчи бошқа факторлар таъсирида ҳам тер ажралиши
кучаяди, масалан, жадал жисмоний иш вақтида моддалар алмашинуви кучайганидан, иссиқлик жуда кўп ҳосил бўлади. Организмга кўп миқдорда суюқлиқ кирганидан кейин ҳам тер кўп ажралади. Айниқса иссиқ ичимликлар ичилгандан сўнг тер кўп чиқади. Организмда сув камайганда, масалан, ич кетганда тер кам чиқади. Организмдаги сув балансини бошқариб туришда тер безларининг қатнашувини шу фактлар исбот этади.
Кўпинча психик қўзгалиш, эмоционал ҳолатлар — жаҳл чиқиш, қўрқув, оғриқда бадандан тер чиқади. «Қўрққанидан совуқ тер босди» деган ибора шу билан тушунтирилади («совуқ тер» дейилишига сабаб шуки, тер чиқиши билан бир вақтда томирлар тораяди, натижада тери қонни кам олиб, совийди). Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи тер ажратилишига таъсир кўрсата олиши шундан кўриниб турипти.
Do'stlaringiz bilan baham: |