Риолитлар (липаритлар) қандай тоғ жинслари?
Риолит - таркибида 65-75 %. SiO2 бўлган нордон эффузив жинс. Оч тусли, деярли оқ, гранитнинг эффузив муқобили ҳисобланади. Структураси порфирли ёки шишасимон, текстураси шишасимон ёки порфирли. Флюидал текстураси кузатилади. Минерал таркиби: вулканик шиша, дала шпатлари. Кварц сийрак учрайди ва амалда кўзга ташланмайди. Қора рангли минераллардан биотитнинг ялтироқ варақчалари, камроқ роговая обманканинг чўзинчоқ ёки игнасимон кристаллари учрайди. Риолит лава оқмалари, вулкан гумбазлари, вулкан кули тўпламлари шаклида учрайди.
Габбролар қандай тоғ жинслари?
Габбро - 40 дан 52% гача SiO2 эга бўлган асосли интрузив жинс. Кулранг, тўқ кулранг ва тўқ яшил рангли габбролар кенг тарқалган. Структураси тўлиқ кристалли, текстураси яхли, баъзан доғли ёки йўл-йўлли. Жинснинг минерал таркиби плагиоклаздан ва моноклинли пироксендан иборат. Габбро баъзан маъданли минералларнинг тўпламларига эга бўлиб, бу ҳолларда мис, никел ва титаннинг маъдани сифатида қаралиши мумкин. Юқори мустаҳкамликдаги қурилиш ва безак тоши сифатида биноларнинг ташқи ва ички безаклари учун, аксарият ҳолларда силлиқланган плиталар шаклида кенг қўлланилади.
Базалтьлар қандай тоғ жинслари?
Базальт - таркибида 45-52 %. SiO2 бўлган асосли эффузив жинс. Қора ёки тўқ кулранг. Структураси порфирли ёки афирли, текстураси флюидал, пуфаксимон, ғовакли, бодомсимон. Қатламли, устунсимон, шарсимон, призматик алоҳидаликка эга. Минерал таркиби плагиоклаз (лабрадор, битовнит), пироксен ва темир-магнезиал минералларнинг (асосан авгит) аралашмасидан иборат. Базальтлар ғовакли; ғоваклари халцедон, агат, хлорит, кальцит ва айниқса цеолитлар билан тўлдирилган бўлади. Базальтда қурилиш материали сифатини пасайтирувчи турли қўшимчалар (ксенолитлар) кўп учрайди. У қаттиқ ва шу билан бир қаторда мўрт, қийин ишлов бериладиган жинс ҳисобланади. Шиша ва оливин учрамайдиган майда донали ёш базальт энг қимматли ҳисобланади. Қопламалар, оқмалар, некклар, дайкалар, силлар, гумбазлар, трапплар ҳосил қилади. Базальтлар билан қимматли оптик хом ашё - исланд шпати, мис, никел, платинанинг конлари боғлиқ. Юқори мустаҳкамликдаги базальтдан тош (базальтли) қуюш учун хом ашё сифатида, шағал шаклида - темир йўл балласти сифатида, йўл қурилишида шағал ва брусчаткалар шаклида фойдаланишга имкон беради. Базальтлар яхши кислотабардош ва электроизоляцион материал ҳисобланади ва тош қуюш хом ашёси сифатида юқори баҳоланади. Минерал ва кимёвий таркиби бўйича базальтлар орасида оливинли - кремнекислотага тўйинмаган ва оливинга бой (жинс массасининг 40% гача) ва кремнекислотанинг юқори миқдорига эга толеитли (юнонча «толос» - лой) базальтлар фарқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |