Диоритлар қандай тоғ жинслари?
Диорит ўрта таркибли (62 - 65% SiO2;) жинс ҳисобланади, ўрта плагиоклазлардан (75% гача) ва роговая обманкадан (25%) таркиб топган бўлади. Шулар қаторида авгит, биотит учраши мумкин. Диоритлар тўқ кулранг, тўқ яшилдан қорагача бўлади. Улар тўла кристалли бир текис донали структураси ва яхлит текстураси билан характерланади (88-расм). Сиенитдан фарқли ўлароқ минерал таркибида плагиоклазлар калийли дала шпатларидан устиворликка эга. Диорит яхши силлиқланади ва нураш жараёнларига бардошли бўлганлиги сабабли турли вибрация жараёнларига чидамли (асос тоши, кўприк иншоотларининг фундаменти) ҳамда қимматли декоратив материал сифатида ишлатилади. Иморатларни безашда қоплама материал сифатида фойдаланилади, вазалар ва постаментлар тайёрланади.
Сиенитлар қандай тоғ жинслари?
Сиенит - 65% SiO2.эгача бўлган ўрта таркибли жинс. Кулранг ва пушти бўлиб, бу калийли дала шпати ва қора рангли минералларнинг миқдори билан боғлиқ. Структураси тўлиқ, бир текис кристалланган, баъзан порфирсимон, майда ва ўрта донали, текстураси яхлит, алоҳидалиги қатламли ёки параллелепипедиал (87-расм). Минерал таркиби: калийли дала шпати ва плагиоклаздан иборат. Қора рангли минераллар: роговая обманка, биотит, пироксен, баъзан оливин қўшимчаларига эга. Гранитдан фарқли ўлароқ амалда кварц жуда кам (5% дан паст). Рангли минералларнинг миқдорига боғлиқ ҳолда сиенитларнинг роговообманкали, слюдали, кварцли ва б. турлари ажратилади. Табиатда дайкалар ва штоклар шакли да учрайди. Гранитлардан фарқли ўлароқ сиенитларда эркин кремнезём учрамайди. Сиенитларда 50 - 70% нордон дала шпатлари (одатда ортоклаз) ва 25% атрофида қора рангли минераллар (роговая обманка ва биотит) мавжуд. Кварц йўқлиги туфайли улар анча юмшоқ ва қовушоқ ҳисобланади.
Трахитлар қандай тоғ жинслари?
Трахит – ишқорли қатордаги ўрта таркибли жинс, сиенитнинг эффузив муқобили ҳисобланади. Жинс оқ, кулранг, сариқсимон бўлиб, аниқ ифодаланган порфирли структурага эга. Жинсдаги нордон дала шпати ва вулканик шиша нисбати кучли ўзгаради. Зич донали ва улар билан бир қаторда пемзани эслатувчи юқори ғовакли турлари учрайди. Трахитларнинг юқори ғоваклиги уларнинг тез нураб кетишига олиб келади. Улардан бут, шағал, майдаланган ва йўнилган шашка тайёрлаш учун ва кислотабардош материал сифатида ҳам фойдаланилади. Ортофирларнинг чиройли турлари безак тошлар сифатида (олтой ортофирлари) фойдаланилади. Бу жинслар яхши қайта ишланади, аммо силлиқланмайди ва тез ишқаланиб кетади
Do'stlaringiz bilan baham: |