МАҲСУЛОТНИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДА ЖЎНАТИШ
Тайѐрланган, қуритилган ва идишларга жойлаштирилган маҳсулотлар ўз вақтида сақланадиган ва ишлатиладиган жойларга жўнатилиши лозим. Агарда маҳсулотларни транспорт воситаси орқали жўнатишда тегишли қоидаларга риоя қилинмаса, у йўлда намланиши, майдаланиши ва бошқа сабабларга кўра ўз сифатини йўқотиши мумкин.
Доривор маҳсулотлар ГОСТ 14192-77 ва ГОСТ 17768-80 ларга биноан қуруқ, тоза, ҳеч қандай ҳиди бўлмаган, усти ѐпиқ транспорт воситаларида жўнатилади. Заҳарли, кучли таъсирга эга ҳамда ўзида эфир мойи сақловчи доривор маҳсулотларни бошқа маҳсулотлардан алоҳида бошқа транспорт воситаларида (айрим автомашина, айрим темирйўл вагони ва бошқалар) юборилиши лозим.
ДОРИВОР МАҲСУЛОТЛАРНИ САҚЛАШ
Тайѐрланган доривор маҳсулотлар ишлатилишига қадар маълум вақт ичида кўп (марказлаштирилган омбор, завод, фабрика ва лаборатория омборлари) ѐки оз (дорихоналарда) миқдорда сақланади. Шу даврда доривор маҳсулот ўз сифати ва қимматини йўқотмаслиги учун маълум қоидаларга риоя қилишга тўғри келади.
Доривор маҳсулотлар сақланадиган бино ва хоналар тоза, қуруқ ва шамол ўтиб турадиган бўлиши лозим. Маҳсулотларга қуѐш тушмаслиги ва хонанинг поли тахтадан, деворлари оқланган бўлиши шарт.
Доривор маҳсулотлар махсус стелаж ѐки сўрилар устига қўйилади. Сўриларнинг баландлиги 4 м гача, эни 1,5 м бўлиши, деворгача масофа 25 см, сўриларнинг ўзаро оралиғи 50 см ва полдан баландлиги 15—20 см дан кам бўлмаслиги керак.
Доривор маҳсулотлар сақланадиган хоналар ҳар куни тозаланиб турилиши, хона ҳарорати 10—15°C бўлиши лозим.
Доривор маҳсулотларни сақлаш учун гуруҳларга бўлиш керак. Заҳарли ва кучли таъсир этувчи доривор маҳсулотлар, масалан, белладонна, ангишвонагул, марваридгул, бангидевона, мингдевона ва бошқалар алоҳида хоналарда сақланиши лозим. Шунингдек, таркибида эфир мойи бўлган доривор маҳсулотлар ҳам иложи борича алоҳида хоналарда ѐки бошқа доривор маҳсулотлардан узоқроқ жойда сақланиши лозим.
Қуритилган мевалар, масалан, малина, черника ва бошқаларни ҳаво ўтиб турадиган жойларда сақлаш ѐки маҳсулот миқдори кам бўлса осиб қўйиш керак. Бу меваларга ҳашаротлар ва кемирувчилар ўч бўлади. Шу сабабли тез қуртлаб кетиши мумкин.
Ҳар бир доривор маҳсулот устига ѐрлиқ (бирка) осиб қўйилади. Ёрлиққа маҳсулот номи, қачон, қаерда, ким тайѐрлагани, омборга қачон келтирилгани ѐзилган бўлади.
Заҳарли доривор маҳсулотлар устига умумий ѐрлиқдан ташқари яна пушти рангли ѐрлиқ ҳам осиб қўйилади.
Доривор маҳсулотларни сақлаш муддати ҳар хил бўлиб бу муддат доривор маҳсулотлар таркибидаги кимѐвий бирикмалар тузилишига боғлиқ бўлади. Официнал доривор маҳсулотларнинг (Давлат фармакопеясига
киритилган) сақлаш муддатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди. Давлат фармакопеясига кирмаган доривор маҳсулотларни Давлат фармакопея қўмитаси кўрсатмасига биноан ҳар йили бир марта кўрикдан ўтказилади.
Доривор маҳсулотларнинг сақлаш муддати тамом бўлганидан сўнг таркибидаги таъсирчан кимѐвий бирикмалар миқдори ѐки таъсир этиш кучи аниқланади. Таҳлил натижаси стандарт талабига тўғри келмаса, маҳсулот ташлаб юборилади. Агар доривор маҳсулотларни сақлаш даврида бирор нуқсон сезилса, доривор маҳсулотни сақлаш муддатини кутиб ўтирмасдан тезда таҳлил қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |