Диссертация тадқиқотининг диссертация бажарилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Тадқиқот Тошкент давлат педагогика университети илмий-тадқиқот ишлари режасининг ИТД-1-62. «Ногирон болаларни тарбиялашда оила, боғча, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини таъминлашнинг илмий-методик асослари» номли амалий лойиҳа доирасида бажарилган.
Тадқиқот мақсади. Эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар битирувчиларининг касбий фаолияти ҳамда оилавий хаётидаги муаммоларни бартараф этиш уларнинг ижтимоий мослашув самарадорлигини оширишга хизмат қилишини илмий асослаш ишнинг мақсадини ташкил этади.
Тадқиқот вазифалари:
эшитиш қобилиятини йўқотган инсонлар ижтимоий мослашувининг илмий назарий жиҳатларини таҳлил этиш;
эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат битирувчиларининг касбий фаолиятидаги муаммоларнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиш;
эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат битирувчиларининг оиавий хаётидаги муаммоларнинг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиш;
эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларини оилавий ҳаётга тайёрлашнинг ўзига хос ижтимоий педагогик хусусиятлари ўрганиш.
Тадқиқот объекти– эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни 2011 – 2016 йилларда тамомлаган кар ва заиф эшитувчилар.
Тадқиқот предмети – эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар битирувчиларининг ижтимоий мослашувига таъсир этувчи касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда оилавий ҳаётга тайёрлаш омилларини ифодалаш жараёнидир.
Тадқиқот методлари. Кузатиш, сухбат, сўровнома, эксперимент, экспериментларни баҳолаш методикаси, математик статистик методлар тадқиқот методларини ташкил этади.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги: - эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат битирувчиларининг касб фаолиятидаги муаммолар аниқланган ва асосланган;
- эшитиш қобилиятини йўқотган инсонлар эгалаши мумкин бўлган замонавий касб турлари рўйҳати шакллантирилган ва бу касбларни эшитишида нуқсон бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларига ўргатиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган;
- эшитишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат битирувчиларининг оилавий ҳаётидаги муаммоларни экспериментал ўрганиш асосида кар ва заиф эшитувчи ўқувчиларни оилавий хаётга тайёрлаш улар томонидан ижтимоий ҳаёт нормалари ва кўникмаларини эгаллашда етакчи омил эканлиги аниқланган ва асосланган;
- эшитишида нуқсони бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларини оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича аниқланган муаммолар таҳлили асосида мазкур муаммоларнинг ечимига доир тавсиялар ишлаб чиқилган.