Инжиниринг корхона – мухандислик-маслаҳат хизматларни тижоратчилик қоидаларига асосланган ҳолда амалга оширади.
Бундай корхона (фирма):
- ишлаб чиқаришни таъминлаш;
- маҳсулот сотишни уюштириш;
- ишлаб чиқариш объектларини қуриб, ишга тушириш юзасидан маслаҳат бериш билан шуғулланади.
Экспорт инжиниринг фирмалари бошқа мамлакатларга хизмат кўрсатади, чет элдаги илмий ғоялар ва техник ишланмаларни хорижда жорий этади, мураккаб ва улкан лойиҳаларни амалга оширади. Инжиниринг билан бирга машина ва ускуналарни экспорт қилиб, етказиб беради.
Иккинчи боб юзасидан хулосалар
Тадбиркорлик деганда юридик ва жисмоний шахслар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) йўли билан таваккал қилиб, ўз мулкий жавобгарлиги асосида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти тушунилади. Тадбиркорликнинг шаклланиши ва ривожланиши учун иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган бўлиши лозим.
Тадбиркорлик ижтимоий муносабатлар намоён бўлишининг шаклларидан бири сифатида фақат жамиятнинг салоҳиятини оширишга кўмаклашиб қолмай, балки ҳар қандай инсоннинг қобилияти ва маҳоратини намоён қилиш учун қулай замин яратади, миллий бойликларнинг кўпайтиришга ва жаҳон интеграциялашуви жараёнида миллий руҳни сақлаб қолишга ёрдам беради. Шунинг учун тадбиркорликни ривожлантиришга ва унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга давлат томонидан катта эътибор берилмоқда.
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятининг ишлаб чиқариш, тижорат, молия ва маслаҳат тадбиркорлиги каби турлари кенг ривож топмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорликнинг якка тартибдаги, хусусий, жамоа ва аралаш шакллари фаолият кўрсатади. Жамоа тадбиркорлиги фирмалар фаолиятида ўз ифодасини топа-ди. Фирма – муайян турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган, бозордаги талаб ва таклифга қараб иш тутадиган, иқтисодий жиҳатдан эркин ва мустақил корхонадир. Фирмаларнинг турлари кўп. Уларни
- хусусий фирмаларга;
- ширкат фирмаларига;
- давлат корхоналарига;
- аралаш фирмаларга ажратиш мумкин.
Маълумки, республикада меҳнатга лаёқатли аҳолининг 65,3 фоизи қишлоқларда яшайди. Бу қишлоқ жойларда тадбиркорликнинг ривожи учун жуда катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатади. Шу билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида банд бўлган ортиқча ишчи кучларини хизмат кўрсатиш, қайта ишлаш ва шу каби йўналишларга қайта тақсимлаш керак. Қишлоқда тадбиркорликни, унинг кичик бизнес шаклларини ривожлантириш билан боғлиқ турли бошқарув поғоналарида ташкилий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш устувор масалалар қаторига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |